
Яқин Шарқдаги тинчлик — мўрт материя, айниқса ҳавода ҳали тунги бомбардимондан кейинги тутун тарқамаган ва тинчлик даври томонлардан бирига экзистенциал хавф туғдириши мумкин бўлган шароитда.
«Ҳизбуллоҳ» рози бўлган сулҳ шартларидан бири унинг кучлари Исроил билан жанубий чегара яқинидан олиб кетилишидир. Бу амалда гуруҳни ўзининг асосий миссияси — яҳудийлар давлатига қарши курашишни самарали амалга оширишдан маҳрум этади.
«Ҳизбуллоҳ» Ливанда катта ҳарбий қудратга айланиши ва кучли сиёсий таъсирга эга бўлишини таъминлаган Эроннинг қўллови ва пуллари биринчи навбатда «умумий сионист душман»га яқин бўлгани учун бериларди, «Ҳизбуллоҳ» Теҳронни хурсанд қилиш учун Исроилга бор имконияти билан жисмоний босим ўтказиб туриши керак эди.
Ливан ҳудуди ичкарисига кетиши «Ҳизбуллоҳ»ни қийин аҳволга солиб қўяди. Гуруҳга Эроннинг кўмаги сақланиб қоладими, унинг мақсадлари ўзгарадими ва у Яқин Шарқдаги янги кучлар мувозанатида ўз таъсирини йўқотмайдими? BBC шарҳловчиси Анастасия Успенская шу мавзуни таҳлил қилди.
Эрон ташлаб қўймайди
Юқоридаги қўйилган саволларнинг барчасига, ҳеч бўлмаганда яқин келажак учун тасдиқ маъносида жавоб бериш мумкин.

Сулҳ эълон қилинганидан кейинги илк соатлардаёқ Байрутдан мамлакат жануби томон юзлаб автомобиллар йўлга тушди. Жанубий ҳудудлар аҳолиси ҳали Исроил қўшини кетмаганига қарамай, ўз уйларига қайтишга шошилмоқда. Фото: AFP
«Ҳизбуллоҳ» — Эрон чегараларидан ташқарида ҳаракатланувчи энг қудратли ва энг функционал эронпараст куч бўлиб, Теҳрон шаффофлиги ва ҳаётийлиги ҳали номаълум бўлган қандайдир тинчлик келишувини деб бундай кучли таъсир кучидан воз кечиши даргумон.
Бундан ташқари, Эрон ҳукумати Исроил билан тўғридан тўғри тўқнашувдан манфаатдор эмас. Жорий йил апрел ва октябр ойларида Теҳрон томонидан амалга оширилган бир неча ракета зарбалари — Эрон бу босқичда тайёр бўлган максимум ишдир.
«Ҳизбуллоҳ» Яқин Шарқ минтақасининг Исроил жойлашган мазкур қисмида Эроннинг «қўллари» бўлиб қолади. Ва заифлашган (Исроил унинг юзлаб объектларини вайрон қилди) ва бошсиз қолдирилган (Ҳасан Насруллоҳ ўлимидан кейин) ҳарбий ҳаракатларда юзага келадиган танаффус Эронга гуруҳ аста-секинлик билан тикланишида ёрдам бериши учун қўл келиши мумкин, деб ҳисоблайди Британиядаги мудофаа масалалари бўйича таҳлил маркази (RUSI) экспертлари.
«Ҳизбуллоҳ»нинг вазифалари ўзгарадими? Умуман олганда — йўқ, аммо келгусида — ҳа. Исроилга қарши курашиш ва Яқин Шарқда шиалар лагери позицияларини мустаҳкамлаш унинг асосий мақсади бўлиб қолаверади.
Шу кунларда имзоланган келишувга кўра Исроил билан чегара яқинидаги ҳудудлар тарк этилиши ушбу давлатга шу вақтгача қўлланган усулларда босим ўтказишни имконсиз қилади.
Исроиллик экспертлар фикрича, Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» жангарилари Суриядаги бўлимларини фаолиятига фаол қўшилиб, диверсиялар уюштириши мумкин.
«Ҳизбуллоҳ»нинг Яқин Шарқдаги таъсирига келсак, гуруҳ 32 йиллик етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг ўлимидан кейин сезиларли даражада заифлашган.
У гуруҳ сиёсати ва ҳарбий стратегиясини белгилаб, Эронда катта нуфузга эга эди. Кўплаб шарҳловчилар фикрича, «Ҳизбуллоҳ»нинг таъсир доираси кенгайиши бевосита унинг шахсияти билан боғлиқ эди.
Янги раҳбар Наим Қосим — гуруҳнинг энг таниқли шахсларидан бири, аммо «Ҳизбуллоҳ» раҳбарлигидаги бир ой давомида у Насруллоҳга муносиб ворис эканини кўрсата олмади.
Ичкаридан таҳдид
Қатор экспертлар фикрича, «Ҳизбуллоҳ» учун экзистенциал таҳдид Ливаннинг ўзида яширинган.
«Ҳизбуллоҳ» — шунчаки ҳарбийлашган гуруҳ эмас, у Ливаннинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётига мустаҳкам ўрнашиб олган ва унинг вакиллари 2005 йилдан буён мунтазам равишда ҳукуматдан ўрин олган.
Айни вақтда «Ҳизбуллоҳ» парламентда 15 ўринга эга. 2022 йилга қадар у бошқа радикал партиялар билан коалицияда парламентдаги кўпчиликни ташкил этарди, аммо мамлакатдаги чуқур иқтисодий инқироз фонида бундан маҳрум бўлди.
Бу «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливандаги сиёсий таъсир даражасига деярли таъсир қилмади ва у ҳамон катта куч бўлиб қолмоқда.

«Ҳизбуллоҳ» Ливан аҳолисининг маълум қатламида машҳурликка эга, аммо сўнгги вақтларда тарафдорлари камайиб бормоқда
Аммо энди гуруҳ учун бурилиш палласи бошланиши мумкин. У энди 2006 йилда бўлгани каби Исроил устидан ғалаба қозонганини эълон қилолмайди. Исроил ҳудуди ёппасига ўққа тутилганига қарамай, «Ҳизбуллоҳ» Исроилга ўз баёнотларида ваъда қилгани каби катта зарар етказа олмади. Бу эса унинг Ливандаги тарафдорлари орасидаги обрўсига зарар етказади.
Шу билан бирга, охирги воқеалар унинг мухолифлари учун сигнал бўлган: ««Ҳизбуллоҳ» сулҳга рози бўлди, чунки раҳбариятидан айрилганидан кейин қайта гуруҳланиб, барча кучларини жамлай олмади ва ҳозирда ҳар қачонгидан заифроқ ҳолатда.
Ливан ичкарисида «Ҳизбуллоҳ»дан норозилик аввалдан ва турли даражаларда кучайиб келаётганди. Сиёсий душманлар уни очиқчасига Ливанни гаровга олган террорчилик ташкилоти деб аташган, аҳоли эса, 2019 йилги сўровлар кўрсатишича, коррупция, тинч аҳолини қўрқитиш ва мамлакат бошига тушган чуқур иқтисодий инқирозда тобора кўпроқ гуруҳни айблмоқда.
Ливандаги суннийлар ва ҳокимиятдаги христианлар анчадан буён «Ҳизбуллоҳ»ни мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётидан сиқиб чиқариш имкониятини кутади. Катта эҳтимол билан, ҳозир шундай уринишни амалга оширишнинг айни пайти.
«Ливан армияси ушбу турфа хил ва кўп жамоали мамлакатда энг ҳурматга сазовор институтдир. Аммо у суверен президентнинг сиёсий кўрсатмасисиз ҳаракатлана олмайди», — деб ҳисоблайди Вашингтондаги Яқин Шарқ тадқиқотлари институтининг стратегик алоқалар бўйича бўлими директори Фирас Мақсад.
«Мамлакатни қайта тиклашда халқаро донорлар билан ишлаш учун унга Исроилга қаршилик кўрсатиш шиори остида Эрон қуролларини силкиётган «Ҳизбуллоҳ»га бўйсунмайдиган ислоҳотчи ҳукумат керак», — дея ишонч билдиради эксперт.
Исроилдаги скепсис

Исроил қўшини Ливан армияси бўлинмалари етиб келиши билан ушбу мамлакат жанубидан чиқиб кетиши лозим
Исроилдагилар «Ҳизбуллоҳ» шимолий чегаралар яқинидан индамайгина кетиши ва ўз ниятларидан осонлик билан воз кечишига ишонмайди.
Мамлакатда ҳамма ҳам тузилган келишувни олқишлаётгани йўқ. Кўпчилик Бинямин Нетаняҳу нима учун ушбу гуруҳга қарши ҳарбий кампанияни охиригача етказиб қўймасликка рози бўлганидан ҳайрон.
Унинг ўзи эса олдинга қўйилган вазифалар бажарилганини айтмоқда.
«Биз [гуруҳни] ўн йил орқага улоқтирдик, олий раҳбариятини зарарсизлантирдик, унинг ракета ва қуролларининг катта қисмини йўқ қилдик, минглаб жангариларни бартараф этиб, чегараларимиз яқинидаги кўп йиллик террорчилик инфратузилмани яксон этдик», — деган исроилликлар бош вазири келишув имзоланганидан кўп ўтмай.
Шу билан бирга, у Исроил «тўлиқ ҳарбий ҳаракат эркинлиги» ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишидан огоҳлантирган.
«Агар „Ҳизбуллоҳ“ келишувни бузса ва қайта қуролланишга уринса, биз зарба берамиз, — деган у. — Биз ҳар бир қоидабузарлик учун бор кучимиз билан ҳужум қиламиз».
Аммо Исроил жамиятидагилар буларнинг барчаси олдин ҳам бўлганини эслашмоқда — ва келишув формулировкаси ҳам амалда худди шундай бўлган. БМТнинг 2006 йил Иккинчи Ливан урушига барҳам берган 1701-резолюциясига кўра, Исроил қўшинларини Ливан жанубидан олиб чиқиши, уларнинг ўрнига Ливан армияси келиши, «Ҳизбуллоҳ» ва бошқа ҳарбийлашган гуруҳлар Исроил чегараларидан узоқлашиши кўзда тутилганди.
Аммо Исроил армияси Ливандан чиқишидан бошқа ҳеч қайси шарт бажарилмади, «Ҳизбуллоҳ» янада кучлироқ гуруҳга айланиб, шундан буён Эрондан узлуксиз равишда қурол-яроғ олиб келди, деб эслатади исроиллик экспертлар.
«Исроил сени ўлдириш билан таҳдид қиладиган, ўлдиришга тайёрланадиган ва буни амалга оширишини яширмайдиган террор ташкилоти ёнида яшаш қандайлигини ўз танасида аянчли тарзда ҳис қилди. Энди Исроил 7 октябргача Ҳамас билан бўлгани каби бу реалликка ортиқ кўз юма олмайди, — дейди Нетаняҳунинг собиқ маслаҳатчиси Ариэл Булштейн. — Шунинг учун бизнинг шимолий чегарамизда, Исроил фуқаролари уйи яқинида дунёда ўхшаши йўқ террорчилик армияси туриши мумкин эмас».
Ғарбдаги кўплаб шарҳловчилар мамнуният билан ниҳоят узоқ вақтдан буён Яқин Шарқда дипломатия ғалаба қозонганини айтишмоқда.
Ўз навбатида, исроиллик экспертлар энди дипломатиянинг иккинчи томонида гуруҳ эмас, мамлакат туриши лозимлигига урғу қаратмоқда ва энди ҳамма гап Ливан ҳукуматига боғлиқ.
«Ҳудудида террорчилик тузилма мавжуд бўлганида, Ливан масъулиятни бошқа бировга юклай олмайди ва ўз ҳудудини назорат қилмаётгани, шунинг учун бир четда туришини айта олмайди. Буни албатта ёдда тутиш керак», — деб ҳисоблайди Булштейн.
Келишув шартларини бажариш учун ажратилган 60 кундан кейин ким қандай масъулиятга тайёрлиги англашилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар