17:13 / 12.12.2024
41

Россия Европа Иттифоқи ва АҚШдан снайпер милтиқларини қандай оляпти?

Россия Европа Иттифоқи ва АҚШдан снайпер милтиқларини қандай оляпти?
Фото: Sergey Petrov/NEWS.ru/globallookpress.com/picture alliance
Россия Европа Иттифоқи ва АҚШдан санкцияларни четлаб ўтиб, собиқ СССР давлатлари орқали снайпер милтиқлари ва ўқ-дориларини олишда давом этмоқда. Бу хулоса 11 декабр, чоршанба куни The Insider (Россия), Investigace (Чехия), IrpiMedia (Италия) ва "Власть" (Қозоғистон) томонидан чоп этилган қўшма суриштирувда келтирилган.

Журналистлар эгаллаб олинган Қримдаги россиялик снайперлар арсеналидан Desert Tech SRS (АҚШ), Accuracy International AXSR (Буюк Британия) ва Steyr Mannlicher SSG (Австрия) каби милтиқларни топди. Снайперлар мусобақаларининг очиқ маълумотларига кўра, уларнинг аксарияти Ғарб милтиқлари ва патронларини афзал кўради. Маҳаллий аналоглар ўқ отиш масофаси паст ва уларни ишлаб чиқариш армия эҳтиёжларини қондиролмайди, деб ёзади The Insider.

Милтиқлар экспорти сезиларли даражада ошди

Суриштирув давомида маълум бўлишича, Ғарб қуроллари Россия Федерациясига постсовет давлатлари орқали кириб келади. Халқаро статистик маълумотларга кўра, Европа Иттифоқи, Туркия ва АҚШдан Арманистон, Гуржистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга милтиқлар экспорти 2020 йилдан 2023 йилгача 2,7 баробарга ошиб, 53 211 донани ташкил қилди.

Мисол учун, Италиядан Арманистонга милтиқ экспорти 2019 йилдаги 68 та қуролдан 2023 йилда 1862 тагача ошган. Қирғизистон 2020 ва 2021 йилларда Италиядан умуман қурол сотиб олмаган. 2022 йилда етказиб бериш 882 тани, 2023 йилда эса 4434 донани ташкил этди.

Bloomberg АҚШдан РФга микрочипларни етказиш схемаси ҳақида маълум қилди

Россия ҳарбийлари АҚШдан қурол ясашда ишлатиладиган чипларни сотиб олишнинг «ажабланарли даражада оддий» усулини топди, деб топди Bloomberg. 9 декабр куни чоп этилган суриштирувга кўра, бунинг учун Россия Федерациясидаги дистрибюторлар Texas Instruments (TI) Америка ишлаб чиқарувчиси онлайн-каталогини клонлашди.

Россия дистрибюторлари расмий TI онлайн-дўконидаги маълумотларни ўз веб-сайтларига интеграциялашган, бу эса маҳсулотнинг охирги харидорини тасдиқлашни талаб қилмайди. Bloomberg нашри ёзишича, «ўтказиш» сайтлари орқали Россия Федерацияси компаниялари марказлаштирилмаган тартибда чипларга «бир неча марта босиш орқали» буюртма беришади ва уларни учинчи мамлакатлар орқали кичик партияларда олишади. Буюртмаларнинг келиб чиқиши Америка компаниясидан яширин бўлиб чиқади.

Журналистларнинг ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилнинг январ-август ойларида ушбу схема бўйича 6 миллион долларлик яримўтказгич маҳсулотлари харид қилинган бўлиб, шундан 4 миллион доллари айнан ҳарбий-саноат комплекси эҳтиёжларига йўналтирилган. Етказиб бериш ва тўлаш учинчи давлатлар орқали амалга оширилди ва чиплар Россияга Sea Global SCM юк компанияси ҳамда «Аэрофлот» томонидан етказилган. Бу нисбатан оддий чиплар Россиянинг қурол ишлаб чиқариш қобилиятида марказий рол ўйнайди, дея қайд этади агентлик.

АҚШ ҳукумати чип ишлаб чиқарувчиларни ўз технологияларини Россия ҳарбийлари қўлидан сақлашда эҳтиёт бўлишлари кераклиги ҳақида огоҳлантирди. Сентябр ойида бўлиб ўтган эшитувларда сенатор Ричард Блюментал компаниялар «Россияга технологиялардан фойдаланишдан фойда олишига била туриб тўсқинлик қилмаяпти», деб таъкидлаган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Европа Иттифоқи ва АҚШдан снайпер милтиқларини қандай оляпти?