14:08 / 22.12.2024
58

Янги Сурия қандай бўлади?

Янги Сурия қандай бўлади?
2017 йилда — бир неча йиллик фуқаролик уруши ортидан — «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» ҳаракати Идлибга маълум даражада барқарорлик олиб келди.
Бор-йўғи икки ҳафта олдин бу ҳудуд Суриянинг қуролли мухолифат назоратидаги ягона минтақаси эди.

Идлибдан, айнан шу ердан «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» етакчилигидаги исёнчилар ғолибона юриш бошлаб, бир неча кун ичида Башар Асад режимини қулатди ва унинг оиласи томонидан ўрнатилган ярим асрлик диктатурага барҳам берди.

Ҳозир улар мамлакатни ўз назорати остига олиб, ўз бошқарув тизимини Суриянинг барча минтақаларига тарқатишга уринаётгандек кўринишмоқда.

Идлиб шаҳри марказида Асаднинг ағдарилиши муносабати билан ҳақиқий байрамни кузатилди: эркаклар ва аёллар, ёшлар ва қариялар мухолифатнинг яшил-қор ҳошияли ва уч қизил юлдузли байроқлари билан кўчаларга чиқишган. Деворлардаги граффитилар эса режимга қарши курашни олқишлаб турарди.

Йўл бўйларидаги вайрона бинолар ва харобалар бу ерда яқинда ўтган уруш ҳақидаги хотираларни сақлаб турибди, бироқ таъмирланган уйлар, яқинда очилган дўконлар ва озода йўллар вазият анча яхшиланганидан дарак беради. Шунга қарамай, маҳаллий аҳолининг айрим вакиллари ҳокимиятнинг қаттиққўлликларидан шикоят қилади.

Бу ҳафта бошида Идлибга келган пайтимизда шаҳар кўчалари нисбатан тоза эди, светофорлар ва кўча чироқлари яхши ишлаб турган, одамлар гавжум ҳудудларда патруллар кўзга ташланарди, деб ёзади BBC’нинг Яқин Шарқдаги мухбири Ҳюго Бачега.

Бу содда, аммо муҳим элементлар бу ерда фахр-ифтихор белгиси саналади: чунки Суриянинг бошқа минтақаларида бундай ҳолатни кўриш мушкул.

«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»нинг илдизлари шубҳали довруғ таратган «Ал-Қоида» ташкилотига бориб тақалади. Бироқ сўнгги йилларда ҲТШ имижини кескин ўзгартириб, ўзини миллий куч сифатида кўрсатмоқда ва жиҳодчи ўтмишидан йироқлашиб, асосий мақсади Асадни ағдариш бўлганини таъкидламоқда.

Декабр ойи бошида, жангарилар Дамашқ яқинига келган пайтда, уларнинг етакчилари барча сурияликлар учун умумий Сурия давлатини барпо этиш ҳақида гапирдилар. Бироқ АҚШ, Буюк Британия, БМТнинг кўпчилиги аъзолари ва ҳатто Сурия исёнчиларига маълум даражада ёрдам кўрсатувчи Туркия ҳам ҲТШни расман террорчи ташкилот, деб ҳисоблашда давом этмоқда.

Сурия шимолий-ғарбидаги бу минтақанинг катта қисми (тахминан 4,5 млн аҳоли) 2017 йилда ҲТШ назоратига ўтган, бунинг ортидан кўп йиллик фуқаролик уруши тугаган ва нисбатан барқарорлик юзага келган эди.

«Қутқарув ҳукумати» деб номланувчи маъмурият сув ва электр таъминоти, чиқиндиларни йиғиш ва йўлларни таъмирлаш ишлари билан шуғулланади.

Туркия чегараси билан кесишган нуқталарида қишлоқ хўжалиги хўжаликлари ва тадбиркорлардан ундириладиган солиқлар шаҳар инфратузилмасини сақлаш ва ҲТШнинг ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун сарфланади.

ҲТШ жангарилари назоратида бўлган бу етти йил мобайнида Идлибда кўп нарсани бошдан кечирдик, дейди маҳаллий шифохона шифокори Ҳамза Алморава.
«Асад даврида Идлиб «эсдан чиқарилган шаҳар» деб аталган эди», — дейди кардиолог шифокор Ҳамза Ал-Муравий. У ҳозир беморларни эски почта омбори биносида ташкил қилинган шифохонада қабул қилмоқда.

2015 йилда у жанглар авж олган Ҳалабдан Идлибга рафиқаси билан кўчиб ўтганди. Ҳозир Ҳалаб ҳам исёнчилар назоратига ўтган бўлса-да, эр-хотин она шаҳрига қайтишни ўйлашмаяпти.

«Бу ерда барча жабҳаларда фаол ривожланиш кўриниб турибди, — деб тушунтиради Ҳамза. — Асад режими даврида бу ерда бўлмаган кўплаб имкониятлар ҳозир мавжуд».

ҲТШ халқаро тан олинишга интилиб, ҳокимиятни қўлга олган пайтда жорий қилган баъзи қонун-қоидаларни юмшатди. Масалан, аёллар учун жорий қилинган қатъий кийиниш қоидалари ва мактабларда мусиқага тақиқ каби чекловлар бекор қилинди.

Баъзи маҳаллий аҳоли яқинда бу ерда бир нечта намойишлар бўлиб ўтганини эслайди. Улар орасида маҳаллий ҳукуматнинг солиқ сиёсатига қарши чиқишлар ҳам бўлган. Бу ҳолат маълум даражада ҳукумат танқидига рухсат берилишидан далолат беради. Бунақаси Асад режимида мутлақо мумкин эмасди.

«Бу тўлиқ демократия эмас, лекин маълум бир эркинлик бор», — дейди собиқ маҳаллий фуқаро Фуад Саййидиссо. — «Аввалида муаммолар бор эди, лекин сўнгги йилларда ҳукумат ўз фаолиятини яхшилаш ва ўзгаришларга интилаётганини кўрсатмоқда».

Саййидиссо Идлибда туғилган, лекин ҳозир Туркияда яшаб, Violet номли нодавлат ташкилотга раҳбарлик қилмоқда. Асад режими ағдарилгандан кейин у, бошқа минглаб сурияликлар қаторида, 10 йилдан сўнг илк марта ўз ватанига келиш имкониятига эга бўлди.

Фуад Саййидиссо ўз туғилган шаҳрига 10 йилдан бери бормаган.
Бироқ, ҲТШ ҳокимиятини авторитар деб ҳисоблаб, унга қарши чиқувчилар ҳам бор. Мутахассисларнинг таъкидлашича, гуруҳ ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида айрим экстремистларни таъқиб қилган, сиёсий рақибларини ўз сафига қўшиб олган ва қаршилик кўрсатганларни қамоққа ташлаган.

«Ҳукумат бутун Сурия ҳудудида қандай ҳаракат қилади — бу алоҳида бир масала», — дейди Фуад Саййидиссо. Унга кўра, Сурия жуда хилма-хил давлат бўлиб, бу ерда халқ режими ва унинг иттифоқчиларидан кўрган қонли тазйиқлардан кейин адолатни тиклашга чанқоқ.

«Одамлар ҳамон байрам қилишмоқда, аммо улар бир вақтнинг ўзида келажак учун хавотир ҳам қилишмоқда», — дея таъкидлайди Фуад.

Маҳаллий маъмурият вакилларидан интервю олишга ҳаракат қилдик, аммо уларнинг барчаси янги ҳукуматга ёрдам бериш учун пойтахт Дамашққа кетгани маълум бўлди.

Яқинда ўтган урушни эсга солиб турган вайроналар ва парчалар тошқин кўчалар ўртасида жойлашган.
Идлибдан бир соат йўл масофасида жойлашган кичик насроний қишлоқ Қунияда 8 декабр куни — Асаднинг ҳокимиятдан четлатилиши муносабати билан — сўнгги ўн йилликда биринчи марта маҳаллий ибодатхона қўнғироқлари занг чалди.

Туркия чегараси яқинида жойлашган ушбу қишлоқ 2011 йилда Асаднинг тинч норозилик намойишларини кескин бостириши ортидан бошланган фуқаролик уруши давомида қаттиқ бомбардимон қилинди. Натижада, кўплаб аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.

Қишлоқда айни пайтда атиги 250 киши қолган.

«Асад қулаши ортидан Сурия яхшироқ жойга айланди», — деб ҳисоблайди маҳаллий ибодатхона руҳонийси Фадий Азар.

Фадий Азарга кўра, ҳокимиятга келган исломчилар унинг насроний жамоасига аввалги Сурия маъмуриятидан кўра кўпроқ эркинлик беришган.
Бироқ, исломчиларнинг роли кучайиши кўпчиликда хавотир уйғотмоқда. Айниқса, Асад авлоди мансуб бўлган алавийлар каби турли озчилик гуруҳлар таъқиб остида қолиши мумкинлигидан қўрқилади, гарчи ҲТШ етакчилари бир неча бор диний ва этник гуруҳларни ҳимоя қилишга ваъда берган бўлса ҳам.

«Сўнгги икки йилда улар [ҲТШ] ўзгаришни бошлади… Аммо аввал жуда қийин эди», — дейди Фадий Азар.

Аниқроғи, черков мол-мулки мусодара қилинган, диний ибодатлар ўтказиш чекланган эди.

«[Бироқ кейинчалик бизнинг жамоамизга] кўпроқ эркинлик берилди. Шунингдек, қочқин бўлган бошқа насронийларни ўз бинолари ва ерларини қайта олиш учун қайтишга чорлашди», — дейди у.

Бундай ўзгаришларнинг қанчалик самимий эканлиги ҳақида савол туғилиши табиий. Уларнинг ишончлилигига қандай кафолат бор?

«Бизда бошқа чора йўқ, — дейди руҳоний. — Биз уларга ишонамиз. Чунки бошқа йўлимиз йўқ».

Фаол Саййидиссодан нима учун ҳатто исломчиларга қарши бўлганлар ҳам уларни камдан кам танқид қилишини сўраганимизда, у шундай жавоб берди:

«Энди улар қаҳрамонлар… [Бироқ] бизнинг чегараларимиз бор. Биз энди ҳеч қачон диктаторларни қабул қилмаймиз, улар Жўланий бўладими ёки бошқами».

Бу унинг Асад устидан ғалабадан сўнг ўз жангчи тахаллуси Абу Муҳаммад ал-Жўланийдан воз кечган ҲТШ етакчиси Аҳмад аш-Шаръа ҳақидаги фикри эди.

«Агар улар ўзларини диктаторлардек тута бошласалар, халқ уларга «йўқ» дейишга тайёр, чунки энди одамлар эркинликка эришди», — дея ишонч билдиради Саййидиссо.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Янги Сурия қандай бўлади?