22:53 / 13.01.2025
80

Эрон ядровий дастурини ривожлантириш учун Россияга махфий миссиялар юборган(ми?)

Эрон ядровий дастурини ривожлантириш учун Россияга махфий миссиялар юборган(ми?)
Фото: Getty Images
Эрон бир неча бор мамлакат олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаийнинг маслаҳатчисини Россияга махфий дипломатик миссия билан юборган, деб ёзади The Times. Бу орқали Теҳрон ўзининг ҳарбий имкониятларини мустаҳкамлашни режа қилган.

Маълумотларга кўра, Москва ва Теҳрон ўртасида Эрон парламенти собиқ спикери ва ядровий масалалар бўйича музокарачи — оятуллоҳнинг маслаҳатчиси Али Ларижони қатнаган. Ғарб разведкасининг маълум қилишича, ушбу сафарлар орқали Эрон ўзининг ядровий дастурини ривожлантиришда Россиядан ёрдам ва экспертиза олишни мақсад қилган. Ташрифлар махфий тарзда ўтказилган, чунки Теҳрон ва Москва ғарб санкциялари кучайтирилишидан хавотирда.

Шунингдек, The Times манбаларига кўра, Эрон Россиянинг Су-35 қирувчи самолётларини қўлга киритиш ва Исроил томонидан йўқ қилинган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини қайта тиклаш ниятида. Бундан ташқари, Теҳрон Россиянинг минтақадаги кенг иштироки сабаб «Ҳизбуллоҳ»ни қайта қуроллантириш учун логистик ёрдам сўраган.

Нашр манбаларининг таъкидлашича, Россиянинг Эрон ракеталари ва дронларига эҳтиёжлари борлиги инобатга олинадиган бўлса, «Москва Эрон ядровий дастури бўйича олдинроқ тортилган қизил чизиқни босиб ўтишга тайёрлигига оид хавотир мавжуд».

НАТОнинг ядро қуролини тарқатмаслик бўйича собиқ директори Уилям Алберкнинг қайд этишича, Эрон ядровий бомба яратишда ёрдамга муҳтож бўлмаса-да, «Россия билан яширин ҳамкорлик қилишдан шубҳасиз фойда кўради». У эронлик мутахассислар 24 соатга бўлса ҳам Россиядаги ядровий объектлардан бирига юборилгудек бўлса, кўп нарса ўрганишини тахмин қилмоқда.

Таъкидланишича, Теҳрон ва Москва ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш жараёнлари Яқин Шарқда позициясини йўқотган ва ғарб санкциялари туфайли иқтисодий қийинчиликлари ошиб бораётган Эроннинг қийин даврига тўғри келган.

Шу билан бирга, Эрон санкциялар олиб ташланиши ва Европа Иттифоқи давлатлари билан ядровий дастур муҳокамасини қайта тиклашга уринмоқда. Буюк Британия, Германия ва Франциядан иборат E3 деб аталувчи гуруҳ вакиллари билан Эрон музокараларининг иккинчи раунди 13 январ куни Женевада бўлиб ўтиши керак; биринчиси ноябрда ўтказилган эди.

Шунга қарамай, Теҳрон расмий майдонда Москва билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаяпти — 17 январ куни Москвага Эрон президенти Масъуд Пизишкиён ташриф буюради. У Россия билан кенг қамровли стратегик шериклик шартномасини имзолашни режалаштирмоқда.

Axios’нинг қайд этишича, Жо Байден президентлиги даврида Эроннинг ядровий дастури «сезиларли даражада олдинга силжиган». 2023 йил декабр охирларида МАГАТЭ Эрон 60 фоизгача бойитилган уран ишлаб чиқариш суръатини оширганини маълум қилганди (ядровий қурол учун 90 фоизгача бойитилган уран керак бўлади). 2024 йил баҳорда Байден администрацияси ядровий тадқиқотлардан «жиддий хавотири» бўйича огоҳлантириш юборган. Шу билан бирга, Эрон ядровий қурол яратмоқчи эканини рад этиб келади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг