![Трамп Гренландияни эгаллаб олмоқчи, гренландияликлар АҚШнинг 51-штати бўлишни хоҳлайдими?](/uploads/posts/2025-02/69c4756319_orig.webp)
Трамп Гренландия устидан назорат ўрнатишни жуда истамоқда. У оролни сотиб олишга тайёр ва ҳатто ҳарбий босиб олиш вариантларини ҳам истисно қилмаяпти. Дания расмийлари таклифни бир неча бор рад этди, шу билан бирга мудофаа харажатларини ошириб, Европа давлатлари қўлловини изламоқда.
«Медуза» нашри Дания қуролли тўқнашувга тайёрми ва гренландияликлар бу борада қандай фикрда эканини таҳлил қилди.
Трамп яна бир бор Гренландияни сотиб олиш истагини билдирди. Рад жавоби уни ғазаблантирди. Дания эса бунинг ортидан мудофаасини кучайтирди
«Ундан қайтиш мумкин эмас эди. Бу совуқ душга ўхшарди. […] Менимча, вазият жиддий ва потенциал жиҳатдан жуда хавфли», — дея шарҳлаган Financial Times нашри манбаси АҚШ президенти Доналд Трамп ва Дания бош вазири Метте Фредериксен ўртасидаги телефон суҳбати юзасидан.
45 дақиқа давом этган мулоқот мавзуси Гренландия устидан назорат ўрнатиш масаласи бўлган. FT манбаларига кўра, у «жуда ёмон» ўтган. Манбалар гарчи Фредериксен ҳарбий базалар ва табиий ресурслар қазиб олиш борасида ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф қилган бўлса ҳам, Трамп «тажовузкор» ва «зиддиятга тайёр кайфиятда» бўлганини айтишган.
Дания бош вазири офиси «бу мулоқот юзасидан аноним манбалар келтирган изоҳлар»ни тасдиқламади. Бироқ, мулоқотдан кўп ўтмай Дания Гренландия мудофааси учун харажатларни оширишга шошилди – Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсен эса, бу қарор охирги воқеалар билан боғлиқ эмаслигини айтди. У буни ҳатто «тақдирнинг ҳазили» деб атади.
Бу Трампнинг Гренландияни сотиб олишга биринчи уриниши эмас. Қисқа тарих
Гренландияни сотиб олиш ҳақидаги дастлабки гап-сўзлар Трампнинг биринчи президентлик даврида, 2019 йил август ойида пайдо бўлган. Ўшанда у орол учун ҳар йили 600 миллион доллар тўлашни таклиф қилган. Дания бош вазири Метте Фредериксен бу ғояни «абсурд» деб атаган ва «Гренландия сотиладиган нарса эмас, у Данияники ҳам эмас, балки гренландияликларнинг ўз мулки», деб таъкидлаган.
![](/uploads/posts/2025-02/6b10db4e21_uploads1565923520846-greenland-hug.webp)
Бу рад жавобидан сўнг, АҚШ президенти Копенҳагенга режалаштирилган ташрифини бекор қилди. Бир неча ой ўтиб эса, Гренландия пойтахти Нуук шаҳрида 1953 йилдан бери ёпиқ бўлган АҚШ консуллиги қайта очилди.
Шундан сўнг, вазият барқарорлашгандек туюлганди. Фредериксен Трампнинг таклифи жиддий эмаслигига умид билдирган: «Хайриятки, давлатлар ва халқларни сотиш ёки сотиб олиш мумкин бўлган даврлар ўтди. Шу ҳазилни ҳам ўша ерда қолдирайлик».
Бироқ, орадан беш йил ўтиб, Трамп ўз фикридан қайтмаганини ва бу масалага жиддий ёндашишини аниқ кўрсатмоқда.
Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсен тан олишича, узоқ йиллар давомида Копенҳаген мудофаа харажатларини қисқартириб келган ва Гренландия ҳимояси учун керакли ҳарбий кемалар ва самолётларни етарлича сотиб олмаган. Ҳозирда эса бу вазиятни ўзгартиришмоқчи.
Ҳукумат учта янги арктик патрул кемасини харид қилиш ва ит қўшилган аравалардан фойдаланадиган арктик разведка ва патрул бўлинмалари сонини оширишни режалаштирмоқда. Шунингдек, Арктика ва Шимолий Атлантикада кузатув ва разведка тизимини ривожлантириш учун 400 миллион доллар ажратилди. Бу маблағ узоқ масофага уча оладиган иккита янги дрон харидига ҳам йўналтирилади.
Бундан ташқари, 27 январ куни Копенҳаген Гренландия ва Фарер ороллари билан янги мудофаа келишувига имзо чекди ва Арктикадаги ҳарбий мавжудликни кучайтириш учун 14,6 миллиард дат крони (2,1 миллиард доллар) ажратишини эълон қилди. Таққослаш учун: ўтган йили Дания ўн йиллик мудофаа харажатлари учун 26 миллиард доллар ажратганди (бу йилига 2,6 миллиард дегани). Шунингдек, бу маблағнинг фақат бир қисмигина Арктикага сарфланиши режалаштирилганди.
BBC маълумотларига кўра, бу мудофаа кучайтириш режаси олдиндан муҳокама қилинган ва уни Трампнинг сўзларига жавоб сифатида қабул қилиш тўғри бўлмайди.
Дания ўзини ҳимоя қила олмайди, Европа эса эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда
Мудофаа харажатларини ошириш — Дания ҳукумати кўраётган чоралардан бири холос. Бундан ташқари, Копенҳаген ташқи кўмак топишга уринаётгани ҳам аён. 28 январ куни бош вазир Метте Фредериксен бир кунда Европадаги учта пойтахт шаҳарга ташриф буюриб, «кучлироқ ва қатъийроқ Европа» ҳақида сўз юритди ҳамда хавфсизлик учун кўпроқ жавобгарликни ўз зиммасига олиш зарурлигини таъкидлади.
Европа сиёсатчилари Дания бош вазирини қўллаб-қувватлади. Германия канцлери Олаф Шолц «чегаралар зўравонлик йўли билан ўзгармайди» ва «Европа бирлашган ҳолда ҳаракат қилади» деб таъкидлади. Франция президенти Эммануэл Макрон эса «Европа давлатлари АҚШ билан ҳамкорликнинг янги босқичига ўтишини тушуниб етди», деб фикр билдирган.
НАТО бош котиби Марк Рютте ҳам алянс аъзолари Арктика мудофаасини мустаҳкамлаши кераклигини тасдиқлади. Аммо энг кескин баёнот Австрия генерали ва Европа Иттифоқи ҳарбий қўмитаси раиси Роберт Бригер томонидан берилди. У Гренландияга Евроиттифоқ қўшинларини жўнатиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этган. Шу билан бирга, унинг фикрига кўра, бу кучлар у ерда АҚШ ҳарбийлари ўрнига эмас, балки улар билан биргаликда жойлаштирилиши керак.
3 феврал куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Дания бош вазири Метте Фредериксен яна бир бор Гренландия «бизга тегишли ва сотилмайди» деб таъкидлади. Шунингдек, у Европа давлатларини Доналд Трампнинг таҳдидларига қаттиқ жавоб қайтаришга чақирди.
Бироқ, Дания ҳукумати АҚШ билан очиқ можарога киришишни истамаяпти. Financial Times маълумотларига кўра, Копенҳаген ўзининг Евроиттифоқ ва НАТОдаги иттифоқчиларидан эҳтиёткор бўлишни сўраган. Сабаб аниқ: Дания Халқаро муносабатлар институти етакчи тадқиқотчиси Улрик Прам Гаднинг TV2 телеканалига билдиришича, Дания нафақат Гренландияни, балки ўз ҳудудини ҳам мустақил ҳимоя қила олмайди.
Дания ва АҚШ расмийлари ўртасида дипломатик мулоқот сақланиб қолмоқда. 24 январ куни Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги мустаҳкам алоқаларни тасдиқлади.
Бир ҳафта ўтиб, Расмуссен Рубио берган интервюга изоҳ бераркан, АҚШнинг айрим манфаатлари Дания манфаатлари билан тўлиқ мос келишини таъкидлади. Бош вазир Метте Фредериксен ҳам Арктика мудофаа ва хавфсизлик нуқтайи назаридан тобора муҳим аҳамият касб этаётганини эътироф этди.
Дания Бош вазири Метте Фредериксен АҚШ президенти Доналд Трампнинг Арктикадаги Хитой ва Россия таҳдидларига доир хавотирларини жиддий қабул қилаётганини намоён этиш тактикасини қўлламоқда. Унинг таъкидлашича, агар асосий мақсад минтақа хавфсизлигини таъминлаш бўлса, буни амалга оширишнинг муносиб йўллари мавжуд:
«Агар мақсад дунёнинг ўзимиз томондаги қисми хавфсизлигини таъминлаш бўлса, биз бунга эришиш йўлларини топа оламиз», — дейди Фредериксен.
Дания Мудофаа академияси майори Стеен Кергор ҳам Трампнинг бу мавзуни кўтариши Данияга Гренландиядаги ҳарбий имкониятларини кенгайтириш учун босим ўтказишга қаратилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Гренландияликларнинг ўзи қандай фикрда?
Гренландия аҳолиси АҚШнинг 51-штатига айланиш ғоясини рад этмоқда: сўралганларнинг 85 фоизи бу таклифга қарши, 55 фоизи эса Дания фуқаролигини сақлаб қолишни маъқул кўради. Шунга қарамай, 45 фоиз респондентлар Трампнинг оролга қизиқиши янги иқтисодий имкониятлар олиб келиши мумкинлиги, 43 фоизи эса бундан хавотирда эканини билдирган.
Гренландия бош вазири Муте Эгеде бу вазиятда эҳтиёткорликка чақириб, АҚШ билан ҳамкорликка тайёрлиги, лекин Гренландиянинг бош мақсади – тўлиқ мустақилликка эришиш эканини таъкидлади. Оролнинг бошқа сиёсий кучлари ҳам бу позицияни қўллаб-қувватламоқда.
Бироқ, баъзи экспертлар ҳукумат ҳаракатларини танқид қилмоқда. Гренландия Муниципалитетлар уюшмаси собиқ раҳбари Марта Лабансен ҳукуматнинг вазият ҳақида очиқ гапирмаслигини «демократик мамлакат учун шармандалик» деб атади. Гренландиядаги ўзини ўзи бошқарувчи органларнинг собиқ раҳбари Кай Клейст бош вазир Муте Эгеданинг позицияси аҳоли ўртасида «Гренландияни охир-оқибат ким назорат қилади: АҚШми ёки Дания?» деган саволни пайдо қилаётганини айтди.
Ҳукуматдаги коалицияни ташкил этган «Халқ бирлиги» партияси асосчиси Аккалук Линге бундай эҳтиёткорликни табиий деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, Гренландия тарихида биринчи марта «оролнинг мавжудлиги масала остида қолган» вазият юзага келган.
Гренландия бош вазири Муте Эгеде ва унинг коалицияси Трампнинг босимига кескин жавоб қайтаришдан тийилмоқда. Бунга сабаб – икки ойдан сўнг ўтказиладиган парламент сайловлари. Ташқи аралашувнинг олдини олиш учун 3 феврал куни ҳукумат парламентга махсус қонун лойиҳасини тақдим этди. Унга кўра, сиёсий партияларга хорижий ёки аноним ҳомийлардан маблағ олиш тақиқланади, шунингдек, хусусий хайрия маблағлари 200 минг дат крони (тахминан 27 700 доллар) билан чекланади. Ҳар бир донор эса 20 минг крондан ортиқ хайрия қилолмайди.
Айни пайтда Гренландия оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари аҳолини ортиқча хавотирга тушмасликка чақирмоқда. «Бундай вақтда асосийси – хотиржамликни сақлаш. Чуқур нафас олинг ва реал бўлмаган сценарийларга берилиб кетманг», дейди психолог Ниина Исаксен Sermitsiaq газетасига интервюсида. Бироқ, у айнан қайси сценарийлар реал ва қайсилари фантастика эканини аниқлаштирмаган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар