21:33 / 23.02.2025
251

Трамп урушни «шу ҳафтада» тугатишига ишонмоқда

Трамп урушни «шу ҳафтада» тугатишига ишонмоқда
Фото: Aaron Schwartz / CNP / Bloomberg / Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп Россия ва Украина ўртасидаги урушни ҳал қилиш бўйича келишувга яқин вақтлар ичида эришишга умид қилмоқда. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт 22 феврал куни маълум қилди.

«Президент ва унинг жамоаси можарога якун ясаш учун ҳар икки томон билан музокараларни давом эттиришга катта эътибор қаратмоқда ва президент биз бунга шу ҳафтада эриша олишимизга қатъий ишонмоқда», — деди Ливитт, лекин Трамп буни қандай амалга оширмоқчи экани ҳақида ҳеч қандай тафсилот келтирмади.

Матбуот котибининг сўзларига кўра, Трамп «Россия келишув тузишга тайёр эканига ишонади ва у келишув тузиш учун курашмоқда». Унинг қўшимча қилишича, Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц «келишувга эришиш ва Украинадаги можарога барҳам бериш учун дам олиш кунлари ҳам 24 соат ишлайди».

«Президент қотилликлар тўхтатилишини, бегуноҳ одамлар ҳалок бўлмаслиги ва тинчлик бўлишини хоҳлашини айтди», — дея қўшимча қилди Оқ уй вакили.

Бу вақтда Украина ва АҚШ фойдали қазилмалар бўйича келишувга эришиш учун музокараларни давом эттирмоқда. Доналд Трамп 22 феврал куни АҚШ Украинанинг муҳим минераллари ва нефтига, шунингдек, «олиши мумкин бўлган ҳамма нарса»га эга бўлишни мўлжаллаётганини айтди.

The New York Times ва NV маълумотларига кўра, АҚШ расмийлари 21 феврал куни Украинага аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский рад этган табиий ресурслар бўйича келишувнинг янада қатъий вариантини топширган. Янги вариант АҚШ ерости бойликларини қазиб олиш ҳуқуқига ҳам эга бўладиган бўлажак фондга 100 фоиз эгалик қилишини назарда тутади. Шунингдек, ОАВ маълумотларига кўра, Америка расмийлари келишув вариантида фонд миқдори 500 миллиард долларни ташкил этишини қайд этган — Трамп Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатиш учун Америка қилган харажатлар эвазига айнан шундай миқдордаги компенсация олмоқчи.

Украина расмийлари АҚШнинг 500 миллиард долларлик қўшма жамғарма яратиш талабига қарши чиқди, деди музокаралар жараёнидан хабардор бўлган украиналик мулозим анонимлик шарти билан Bloomberg агентлигига. Унинг сўзларига кўра, келишувнинг янги вариантида АҚШнинг келгусидаги ҳарбий ва молиявий ёрдами кафолатлари ҳақида ҳеч нарса йўқ.

Bloomberg суҳбатдоши айтишича, Украина бунга жавобан беш баравар камроқ — тахминан 90 миллиард доллар миқдорини айтган. Украинанинг Radio NV манбаси ҳам шунга ўхшаш сумма ҳақида маълум қилган: «Биз ҳозир [АҚШ]нинг бу таклифини 100 миллиард долларгача камайтирдик ва [президент Трампнинг махсус элчиси Кит] Келлогга топширдик».

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк 23 феврал куни украиналик журналистларга фойдали қазилмалар бўйича келишув яқин орада имзоланишини айтди. «Шартнома муҳокама қилинмоқда, турли даражаларда етарлича синчковлик билан муҳокама қилинмоқда, ишчи гуруҳлар тузилди. У қачон имзоланиши — бу, албатта, яқин вақтлардаги масала», — деди Подоляк.

Франция президенти Эммануэл Макрон ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер АҚШдаги музокараларга боришга тайёргарлик кўрмоқда. Улар мос равишда 24 ва 27 феврал кунлари Доналд Трампга Москва ва Киев ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришган тақдирда Украинада 30 минггача европалик тинчликпарвар кучларни жойлаштириш режасини тақдим этмоқчи, деб ёзади The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб.

Нашр маълумотларига кўра, Макрон ва, эҳтимол, Стармер АҚШни Украинадаги Европа қўшинларига Россия томонидан хавф туғилган тақдирда «жавоб зарбаси» учун Америка қўшинларининг бир қисмини юборишга кўндиришга ҳаракат қилади.

Расмийларга кўра, Европа давлатлари ишлаб чиқаётган режа АҚШдан Украинада ўз кучларини жойлаштиришни талаб қилмайди, Трамп бунга қарши чиқмоқда. Манбаларнинг айтишича, АҚШ қўшни давлатларда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан фойдаланиши ва Европага қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини тақдим этиши мумкин. Расмийларга кўра, Трампнинг қўллаб-қувватлашисиз Европа тинчликпарвар кучларни юборишда қийинчиликларга дуч келади.

Европа мамлакатлари Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилиш имкониятларини ҳам муҳокама қилмоқда, деб хабар берди Bloomberg агентлиги. Музокаралар жараёнидан хабардор манбаларга кўра, Европа расмийлари Россия Марказий банки активларидан Украинага тўланиши керак бўлган товон миқдорини белгилаши режалаштирилган Халқаро даъво комиссияси фаолияти учун гаров сифатида фойдаланиш имкониятларини ўрганмоқда. Агар Москва зарарни тўлашдан бош тортса, активлар мусодара қилиниши мумкин, деб ёзади агентлик.

Суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи мамлакатлари Украинанинг вайрон бўлган энергетика инфратузилмаси учун товон сифатида Россиянинг суверен активларини мусодара қилиши варианти ҳам кўриб чиқилмоқда. Активларни тўлиқ мусодара қилиш таклифига Европа Иттифоқининг айрим давлатлари, жумладан Германия ва Франция эҳтимолий ҳуқуқий ва иқтисодий оқибатлар туфайли қарши чиққан.

Bloomberg таъкидлашича, Европа Иттифоқида кўриб чиқилаётган таклифлар G7 давлатлари аллақачон Россиянинг музлатилган активларидан олинган фойдадан Украинага берилган 50 миллиард долларлик кредитни таъминлаш чораси сифатида фойдалангани билан мураккаблашади.

Европа комиссияси Европа Иттифоқи элчиларига Халқаро даъволар комиссиясини тузиш бўйича музокаралар 24 март куни бошланиши ҳақида маълум қилди, дея хабар берди манбалар. Уларнинг қўшимча қилишича, бу масала 24 феврал куни Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилишида муҳокама қилинади.

Европа Иттифоқи, «Катта еттилик» мамлакатлари ва Австралия Россия-Украина уруши бошланганидан кейин Россия Марказий банкининг қимматли қоғозлар ва нақд пул кўринишидаги 280 миллиард долларга яқин активларини, асосан Белгиянинг Euroclear депозитарийси орқали музлатиб қўйганди. Бундан ташқари, россиялик тадбиркорларга нисбатан қўлланган санкциялар доирасида, АҚШ Молия вазирлиги баҳолашича, тахминан 58 миллиард долларлик активлар музлатиб қўйилган. Бу россиялик олигархларнинг уйлари, яхталари, шахсий самолётлари ва бошқа мулклари нархларини ўз ичига олади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг