16:05 / 30.03.2025
788

ҲАМАСга қарши қўзғалган ғазоликлар, рад этилган «Украинани талаш» режаси

ҲАМАСга қарши қўзғалган ғазоликлар, рад этилган «Украинани талаш» режаси
Ассалому алайкум. Бугун 30 март, яна якшанба. Бир вақтлар радио эфирлар бошида айтилганидек, Самарқанддан гапирамиз! Эсингизда бўлса, авваллари ҳамма уйда деразанинг бир бурчагида радио осиғлик турарди. Унда каналлар ҳам кўп эмасди. Катталар «Машъал» радиосида миллий қўшиқларимизни эшитишарди. Биз қадрдонимизга айланган момо айтиб берадиган оқшом эртакларини эшитардик.

Баъзан радиодан янгиликлар ҳам берилиб қоларди. Ҳатто футбол ўйинларини ҳам қадрдон радиодан эшитардик. Хуллас, бир парчагина қути бизни дунё билан боғлаб тургандек эди. Катта бўлгач тушуниб етдикки, бунинг номи ахборотга эҳтиёж дейиларкан. Инсон дунёдан узилиб қолмаслик учун ундаги янгиликлардан бохабар бўлгиси келади. Азалдан шунақа бўлган.

Бугунги интернет асрида эса янгиликлар шунчалик кўпки уларни саралаш осон эмас. Бу борада биз сизга ёрдам берамиз. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, ҳафта давомида дунёда содир бўлган энг муҳим воқеаларни ёдга оламиз.

Муваффақиятсиз музокара

Ҳафта давомида Саудия Арабистонида Украина, АҚШ ва Россия вакиллари иштирокида музокара ўтказилди. Бироқ бу Россия ва Украина ўртасидаги тўғридан тўғри музокара эмасди. Музокара жуда ғалати форматда ўтказилди. Украина ва Россия делегацияси бир меҳмонхонадаги алоҳида хоналарга жойлаштирилди. Уларнинг гапларини бир-бирига АҚШ делегацияси аъзолари етказиб турди.

Ва бунақа носамимий руҳдаги музокарада табиийки, ҳеч нимага келишилмади. Умуман урушни тугатиш бўйича музокаралар жуда ёмон ўтмоқда десак бўлади. Чунки ўртада турган Трамп маъмурияти холислик қилиш ўрнига очиқчасига Россияга ён босяпти. Бундан илҳомланган Россия эса янгидан янги талаблар қўймоқда.

Ҳафта давомида руслар ва украинлар энергетика объектларига зарба бермаслик бўйича келишувга эришгани хабар қилинди, икки томон ҳам буни тасдиқлади. Лекин бу келишув ҳам жуда хом. Биринчидан, руслар уни 18 мартдан амалга кирди деса, украинлар 25 мартдан деяпти. 28 март куни Суджадаги газ станциясига ҳужум қилинди. Россия украинлар HIMARS билан урди деди, Киев биз урганимиз йўқ, керак бўлса исботлаш учун мудофаа вазирини АҚШга юборамиз, деди. Хуллас, мана шунақа ножиддий тарзда кечмоқда музокаралар. Бунақада нимагадир эришиш қийин...

Оқ уй мулозимлари «қовун туширди»

Ортда қолаётган ҳафтанинг энг можароли воқеаси АҚШда содир бўлди. Трамп маъмуриятидаги энг юқори мартабали мулозимлар Signal мессенжерида чат очиб унда Ямандаги ҳусийчилар ҳаракатига зарбаларни муҳокама қилишди. Етмаганига чатга адашиб The Atlantic журнали муҳаррири Жеффри Голдбергни ҳам қўшиб қўйишди. Журналист гуруҳда борлигини бутун бошли Америка хавфсизлигига жавоб берадиган мулозимлар сезмаган ҳам. Журналист эса бемалол, обдон барча ёзишмаларни скриншот қилиб борган.

Чатда Пентагон раҳбари ҳатто зарбалар вақти, самолётлар қачон парвозни бошлашигача бўлган аниқ маълумотларни ёзган. Бу маълумотлар чатда ёзилганини МРБ директори ҳам тасдиқлади.

АҚШ Сенатида чатда бўлган мулозимлар сўроқ қилинди. Конгрессда ҳолат бўйича суриштирув ўтказиш, ёзишмаларни тўлиқ эълон қилиш талаб этилди. АҚШ разведкаси текширув бошлагани айтилди. Бироқ Доналд Трамп мулозимлари ҳамма фойдаланадиган мессенжерда махфий маълумотларни муҳокама қилганини оддий қабул қилди. Журналистни чатга қўшган Майк Уолцни ишдан бўшатмаслигини айтди.

Кореяда ўрмон ёнғинлари

Жанубий Кореяда мамлакат тарихидаги энг йирик ўрмон ёнғинлари кузатилди. Санчеон округида бошланган ёнғин тез орада атрофдаги бошқа округларга тарқалган. Ҳозиргача 30 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Минглаб одамлар эвакуация қилинган. Умумий ҳисобда 48 минг гектар ўрмон ёниб кетган. Бу салкам Сеул ҳудудига тенг майдон дегани. Ўт ўчирувчилар ва ҳарбийлар бир неча кун давомида ёнғин ўчоқларини ўчирганди. Бироқ ҳафта охирида ёнғинлар яна қайталангани хабар қилинди.

Мянмада зилзила

Жума куни Мянмада 7,7 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Силкинишлар Хитой ва Таиландда ҳам сезилган. Жуда кўп бинолар вайрон бўлган. Охирги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 1600 нафардан ошган. Эпимарказ Мянмадаги иккинчи йирик шаҳар Мандалай яқинида бўлган. Зилзила 10 км чуқурликда содир бўлган. Шаҳарда йўллар ёрилиб кетган, жуда кўп бинолар қулаган, мамлакат жуда катта зарар кўрган. Мянма ҳукумати халқаро ҳамжамиятни ёрдам беришга чақирди. Қатор давлатлар ёрдам кўрсатишга киришди. Хусусан, Европа Иттифоқи 2,5 миллион евро тезкор ёрдам пули ажратди. Таиландда ҳам талафот катта бўлган.

Путин Украинада «ташқи бошқарув» таклиф қилди

Доналд Трамп маъмурияти уруш музокараларида очиқчасига Россияга ёқадиган позиция танлагани фонида Владимир Путин янгидан янги таклифлар билдирмоқда. Владимир Владимирович навбатдаги марта «Украинада легитим ҳукумат йўқлигини» айтиб, Киевда БМТ, АҚШ, Европа давлатлари ва «Россиянинг дўстлари» иштирокида вақтинча халқаро бошқарув жорий этишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, бу бошқарув Украинада сайлов ўтказишни ташкил қилади. Мурманскдаги атом сувости кемаси экипажи аъзолари билан учрашувда Путин ўз вақтида Шарқий Тимор, Папуа-Янги Гвинея ва қисман Югославияда шундай бошқарув бўлганини айтди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, Путин музокараларда воситачи ўлароқ бошқа давлатлар, хусусан, BRICS аъзолари ва диққат қилинг, Шимолий Кореяни жалб қилиш мумкинлигини айтди. Яъни Россия президенти Украинага қарши аскарлари жанг қилаётган Шимолий Кореяни Украинадаги урушни тугатиш музокарасига жалб қилмоқчи. Қойилмақом таклиф, шундай эмасми?

Ғазода ва Исроилда намойишлар

2023 йил октябрда бошланган ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги уруш ҳамманинг силласини қуритди. Ҳафта давомида икки томонда ҳам намойишлар ўтказилди. Биласиз, Исроил сулҳни бузиб асирларни озод қилиш бўйича кейинги босқичга ўтиш учун ҲАМАС тўлиқ қуролсизлантириши керак деб чиқди. Ўзи Исроил Ғазонинг кулини кўкка совурган бир вақтда ҲАМАСчилар ҳамон қуролланган ҳолатда экани жуда ажабланарли. Нетаняҳу сулҳни бузгани сабаб ҲАМАС асирларни озод қилишни тўхтатди. Бу эса исроилликларга ёқмади ва улар яна Нетаняҳу ҳукуматига қарши намойишга чиқди. Чунки исроилликлар барча асирларни қайтаришни талаб қилаётганди.

Уруш бошидан буён Исроилда бундай намойишлар бўлиши янгилик эмас. Лекин бу ҳафтада Ғазо аҳолиси ҲАМАСга қарши намойишга чиққани кутилмаган ҳолат бўлди. Юзлаб ғазоликлар ҲАМАСдан бўлгани тарк этишини талаб қилган. Баъзилар ҲАМАС аут деб бақирган. «Биз қандайдир партия ёки хорижий давлат учун ўлиб кетишни истамаймиз. Шунча одам ўлгани етар», деган ғазоликлар.

Маълумот учун, ҲАМАС сиёсий партия ўлароқ 2007 йилда Ғазо бўлгаси устидан назорат ўрнатган. Сайловдаги ғалабадан кейин ҲАМАС сиёсий рақибларини Ғазодан ҳайдаб чиқарган.

АҚШ Украинани тўлиқ назорат қилмоқчи

28 феврал куни Украина президенти Володимир Зеленский минерал ресурслар бўйича келишувни имзолаш учун Вашингтонга борганди. Трамп ва Вэнс билан машҳур жанжал содир бўлгач, келишув имзоланмай қолганди. Эътибор қилган бўлсангиз, орада бу келишув ҳам гапирмай кетишди, ваҳоланки Трамп битимни имзоланг ва музокарада биз сиз томонда бўламиз, дегандек қилаётганди.

Маълум бўлишича, АҚШ Зеленский келишувни имзоламай, Оқ уйда жанжал кўтаргач, битим шартларини бутунлай ўзгартириб юборган. Зеленский имзолашга борган келишувда АҚШ фақат Украинадаги ноёб металлар савдосидан улуш олиши, эвазига Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилиши айтилганди. Бироқ янги келишувда энди Трамп маъмурияти Украинадаги барча ресурслар, нефт ва газ, шунингдек, йўллар, портлар, транзит газ қувурлари устидан назорат ўрнатмоқчи экани қайд этилган.

Украинада бу келишувдан қаттиқ ғазабланишди. Зеленский АҚШ кўрсатган ёрдам учун миннатдорлиги, лекин буни давлат қарзи деб тан олмаслигини айтди. Украиналик мулозимлар янги келишувни «мамлакатни талаш» деб атаб, Зеленский уни аниқ имзоламаслигини айтган. «Худди Украина АҚШ билан урушиб, енгилган ва энди эвазига товон тўлаши сўралаётгандек», деган украин мулозимлардан бири янги келишувни изоҳларкан.

Бизда ҳозирча шулар. Бугун байрам, шу учун бу галги дайжестни бироз қисқароқ тайёрлашга ҳаракат қилдик. Ҳафталик дайжест лойиҳаси билан келаси якшанбада кўришгунча.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг