date 00:13 / 08.04.2025
views 0

Путин ёзги таътил пайтида болаларга ишлашга рухсат берди

Путин ёзги таътил пайтида болаларга ишлашга рухсат берди
Россия президенти Владимир Путин ёшлар учун янги имконият эшикларини очди. Давлат раҳбари 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирларни ёзги таътил пайтида ишга жалб қилишни расман маъқуллади. Ушбу қонун расмий равишда эълон қилинди ва 2025 йил 1 сентябрдан кучга киради.

Энди ўсмирлар ёзда вақтини зое қилмай, меҳнат қилиб тажриба тўплашлари ва ўз эҳтиёжлари учун пул топишлари мумкин. Аммо бу ҳам ўйлаб қилинган — ҳар қандай ишда эмас, фақат давлат рўйхатидаги ёшлар уюшмалари ёки бандлик хизматлари орқали бўлади.

Шунингдек, 15 ёшдан юқори болалардан шахсан ўзларининг ёзма розилиги талаб қилинади. Агар 14 ёшда бўлса, албатта ота-онадан бири ҳам рухсат бериши лозим. Етим болалар эса махсус ҳужжатлар орқали ишга жойлашишлари мумкин.

Болалар қанча ишлайди?

Бу қонунга кўра, ўсмирлар учун иш вақти ҳам белгиланган. Масалан:
- 14–15 ёшдагилар кунига 4 соатдан кўп ишламайди;
- 15–16 ёшдагилар учун 5 соат;
- 16–18 ёшдагилар учун эса максимал иш вақти 7 соат этиб белгиланган.

Бунинг олдинги қоидаларга қараганда катта фарқи шундаки, аввал фақат санъат соҳасида (масалан, театр ёки фильмларда) фаолият юритишга рухсат бор эди. Энди эса кўпроқ соҳаларда ишлаш имкони пайдо бўлди.

Россияда ўсмирлар меҳнатига қизиқиш ортмоқда

Охирги йилларда Россияда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони камайиб боряпти. Шу боис ҳам ишчи кучига бўлган эҳтиёж ортмоқда. 2023 йил маълумотларига кўра, 15-17 ёш орасидаги 86,7 минг ўсмир ишлаган. Уларнинг аксарияти қишлоқ ва ўрмон хўжалигида (30,1 минг), паст малакали ишларда (26,3 минг) ва хизмат кўрсатиш-савдо соҳаларида (17,3 минг) фаолият юритган.

Умумий ҳисобда Россияда 15-17 ёшли 6 миллиондан зиёд ўсмир бор. Шуларнинг фақат 1 фоизи расман меҳнатга жалб этилган. Солиштириш учун, АҚШда 16-19 ёшли ўсмирларнинг қарийб 37 фоизи ишлайди ёки иш излайди.

Йўлга қўйилаётган янги тартиб бир томондан ўсмирларга ёзги таътил пайтида маънавий ва моддий жиҳатдан мустақилликка қадам ташлаш имконини беради. Иккинчи томондан эса мамлакат иқтисодиётидаги бўшлиқни ёпишга кўмаклашади.

Кўпчилик буни ижобий қадам сифатида баҳоламоқда. Энди энг муҳими — болаларнинг ҳуқуқлари ва соғлиғини тўлиқ таъминлаб, улар учун қулай ва хавфсиз меҳнат муҳитини яратиш.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг