date
views 290

Кашмир учун тинчлик йўқ....ми?

Кашмир учун тинчлик йўқ....ми?
Ҳиндистоннинг бой ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан машҳур Пахалгам («чўпонлар қишлоғи» деган маънони беради) қишлоғида юз берган террорчилик ҳужуми дунё эътиборни ўзига қаратди. Шаҳардан анча олисда бўлган тоғли ҳудудда жойлашгани сабаб фақат от ёки пиёда бориш мумкин бўлган қишлоқда террорчилар сайёҳларни отиб ташлади. Ҳалок бўлганларнинг икки нафари хорижлик – БАА ва Непал фуқоролари экани айтилмоқда. Ҳужум учун маъсулиятни шу кунгача унчалик ҳам машҳур бўлмаган “Кашмир қаршилиги” (TRF), деб номланган ҳаракат ўз зиммасига олди. Улар сайёҳларни эмас, балки “ҳинд махсус кучлари билан боғлиқ” одамларни ўлдирганликларини айтишди. Улар, шунингдек, ҳужум Ҳиндистон ҳукумати томонидан Кашмирнинг туб аҳолисига нисбатан олиб борилаётган сиёсати учун қасос ҳаракати эканлигини ҳам таъкидлашди.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги қарама-қаршилик, албатта, бугун ёки кеча бошланмаган. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар дастлаб мустақилликка эришган пайтдан бошлаб қийин бўлган. XX аср ўрталарига қадар замонавий Ҳиндистон ва Покистон ҳудудлари Буюк Британия ҳукмронлиги остида бўлиб, Британия Ҳиндистони дея юритилган. 1947 йилда колония негизида икки давлат – Ҳиндистон Иттифоқи ва Покистон ташкил этилди (1950 йилда Ҳиндистон Республикаси, 1956 йилда эса Покистон Ислом Республикаси тузилди).

Кашмир Ҳиндистон ва Покистон чегарасида жойлашган. Минтақада Буюк Британия хукмронлиги ниҳоясига етаётган бир даврда Кашмир аҳолисининг катта қисми мусулмонлар, аммо хукмдорлар ҳиндлардан иборат эди. Ҳам Ҳиндистон, ҳам Покистон Кашмирни ўз таркибига қўшиб олишни истарди. Аммо ўртада қон тўкилди. Бунинг оқибатида Кашмирнинг катта қисми, Ҳиндистонга, кичик қисми Покистонга ўтди. Шунингдек Кашмирнинг маълум қисми Хитой таркибида ҳам бор. Кашмир узоқ йиллардан бери Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги тортишувлар марказида бўлиб келмоқда. Ҳамон бу давлатлар ўртасидаги муносабатларда тўсиқ бўлиб қолмоқда. Биринчи Ҳиндистон-Покистон уруши 1947-1949 йилларда, иккинчиси 1965 йилда, учинчиси 1971 йилда бўлиб ўтган.

Афсуски, ҳар қандай ҳаракат ҳар доим бошқа томондан қаршилик билан кутиб олинади. Узоқ йиллар давомида Кашмирҳудуди қаршилик кўрсатиш марказига айланди. Мазкур ҳудудни тинлантириш мақсадида Деҳли хукумати Кашмирга ўзини ўзи бошқариш хуқуқини берди ва ҳатто ўз конституциясига эга бўлишимконини яратди. Кашмирда ҳиндларнинг ер сотиб олиши ва ишга жойлашиши тақиқланди. Ҳиндистоннинг амалдаги бош вазири Нарендра Моди ва унинг «Бхаратия джаната парти»си бу чекловларни бекор қилди. Кашмир ҳиндлар миграцияси марказига айланди. Шу сабабли бу ерда диний мувозанат ўзгармоқда – йил сайин штатда мусулмонлар сони камайиб бормоқда. Табийки маҳаллий мусулмонлар бу сиёсатни экспансия деб ҳисоблашади. Террорчилар ҳам ўз ҳатти-ҳаракатларини мана шу баҳона билан оқлашга уринади.

Теракт Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинликни янада кучайтирди. Ҳиндистон махсус хизматлари террор ҳужуми ортида Исломобд турганини идоаа қилди. Бироқ Покистон мудофаа вазири Хаважа Муҳаммад Асиф бу даъволарни кескин рад этди. У терактни "Ҳиндистон ҳукуматига қарши ички ҳужум", дея атади. Покистон ташқи ишлар вазирлиги марҳумларнинг яқинларига таъзия изҳор қилиб, дипломатик тарзда жавоб берди.

Бироқ низо шу билан тугамади. Ҳиндистон визасиз бўлган барча покистонликларни, Покистон элчихонасидаги ҳарбий маслаҳатчиларни мамлакатдан чиқариб юборилишини маълум қилди ва чегарадаги Назорат Ўтиш пунктини беркитди. Покистон ҳам жавоб чораларини кўрди. Покистон Сенати (парламент юқори палатаси) бир овоздан Ҳиндистон шимолидаги Жамму ва Кашмир ҳудудида содир этилган терактда Исломободнинг ролини инкор қилувчи резолюцияни қабул қилди. Резолюцияда, шунингдек, “Ҳинд сувлари тўғрисидаги шартноманинг ноқонуний ва бир томонлама тўхтатилиши ҳам қораланган, бу шартномани бузиш ҳисобланади ва уруш ҳаракати билан тенгдир”. Қарорда қайд этилишича, Покистон ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилади.

Икки мамлакат ўртасидаги азалий ва асабий муносабатлар ҳисобга олингудек бўлса, чегарада яна бир ҳарбий можаро юзага келишидан хавотирлар пайдо бўлди. Бироқ экспертлар “кенг қамровли ҳарбий можаро юз бермайди”, деган ишончни билдирмоқда. Чунки бундан олти йил аввал ҳам шу каби ҳодиса юз берган, кўпчилик ядро уруши ҳавфидан огоҳлантирган эди. Аммо икки мамлакат сиёсатчиларининг сиёсий иродаси туфайли уруш ҳавфи бартараф этилган эди. Бу гал ҳам сиёсий ирода ғалаба қозонишига умид билдирилмоқда. Чунки, жаҳонда кузатилаётган таҳликали даврда уруш ҳар икки мамлакатга керак эмас.

Аммо юз берган ҳодисага баҳо бериш, прогноз қилишга вақт эрта. Чунки вазият ўта мураккаб. Юзага келган вазият қуролли тўқнашувларга, жумладан ядро урушига айланиб кетмаслиги учун халқаро ҳамжамиятнинг муносабати жуда ҳам муҳим. Шу сабаб ҳам Россия, Хитой, Қўшма Штатлар ўз ташвишларни билдиришди ва томонларга мурожаат қилиб кутилмаганда пайдо бўлган қарама-қаршиликларни музокоралар йўли билан бартараф этишга даъват қилдилар.

Чунки Кашмир масаласида уч марта уруш ва бир неча бор чегара тўқнашувлари бўлган Ҳиндистон ва Покистон ўртасида яна кескинлик пайдо бўлишидан бирор бир мамлакат манфаатдор эмас.

Айрим таҳлилчилар Покистон ва Ҳиндистоннинг умумий душмани терроризм эканини айтишади. Дарҳақиқат уларнинг бу гапида жон бор. Террористик гуруҳларнинг ҳаракатлари Ҳиндистон ва Покистонни хавфли тарзда кенг кўламли ҳарбий можаро бошланишига яқинлаштирди. Икки мамлакат ўртасидаги зиддиятлар хавфли нуқтага етиб, тўқнашувларнинг кенг кўламли урушга айланиши хавфини туғдирди. Шу ўринда Стокгольм тинчлик муаммолари тадқиқотлари институти (SIPRI) 2024 йилда эълон қилган Ҳисоботга кўра, Ҳиндистонда 172 ядро заряди, Покистонда эса 170 та шу турдаги қурол борлигини эслатиб ўтамиз.

Ақл-идрок устун келиб, томонлар бу асрда очиқдан очиқ урушмайди, деб умид қиламиз. Чунки минтақадаги ҳар қандай уруш дунё ҳамжамияти томонидан жуда салбий қабул қилинади.

ШҲТ аъзолари бўлган Россия ва Хитой учун ҳам Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги можаронинг кучайиши яхши натижа бермайди. Чунки можаро кучайиб кетгудек бўлса бу сўзсиз ШҲТ ва БРИКСга берилган зарба бўлади. Чунки Россия, Хитой ва Ҳиндистон ШҲТ ва БРИКС аъзоси, Покистон эса ШҲТ аъзоси, БРИКСга аъзолик учун ариза берганини ёддан чиқариш керак эмас. ШҲТ ва БРИКС – кўпқутбли дунёнинг рамзларидан бири, Россия,Хитой ва Ҳиндистон бу икки ташкилотнинг устунлари ҳисобланади. Вазиятнинг кескинлашиб кетиши Хитой ва Ҳиндистон ўртасида бўлинишга олиб келади. Ўз навбатида бу Россиянинг танлов олдида қолишига олиб келади. Охир-оқибат БРИКС тамом бўлади. Шу сабабли ҳам Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинлашув дипломатик чоралар, шунингдек, мақсадли жавоб зарбалари билан чекланиши, уруш бўлмаслиги айтилмоқда. Аввалги шунга ўхшаш терактлар тажрибаси шуни кўрсатадики, буларнинг барчаси чегара ҳудудларига зарбалар бериш билан чекланган. Томонлар бу гал ҳам вазиятга нуқта қўйишга ҳаракат қилишига шубҳа йўқ.

Айрим таҳлилчилар, бу галги Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинлашув нафақат навбатдаги инқироз кўриниши, балки Жанубий Осиёдаги минтақавий хавфсизлик тизимидаги чуқур ўзгаришларнинг аломати эканига эътибор қаратмоқда. Жанубий Осиёдаги икки ядровий давлат ўртасидаги муносабатларда юзага келаётган инқироз Марказий Осиё мамлакатларида хавотирга сабаб бўлиши аниқ. Чунки вазият террор гуруҳлари қўним топган Покистон-Афғонистон чегарасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳиндистон билан қарама-қаршилик туфайли Покистон ўзининг шимоли-ғарбий ҳудудлари, шу жумладан Афғонистон билан чегарадош ҳудудлар устидан назоратни заифлаштириши мумкин. Агар Покистон Ҳиндистон фронти билан чалғиб қолса, Афғонистон террористик ташкилотларнинг кучайишига дуч келиши мумкин. Бу нафақат Афғонистон, балки қўшни Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам хавф туғдиради. Эскалация минтақадаги кучлар мувозанатини ўзгартириши ва шу тариқа Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизлиги иқтисодиёти учун хавф туғдириши мумкин. Кашмир масаласидаги кескинлик Марказий Осиё мамлакатлари учун салбий оқибатларни келтириб чиқаришидан ҳавотирлар мавжуд.

Чунки, Марказий Осиё мамлакатлари каби Ҳиндистон ва Покистон ҳам ШҲТга аъзо. Аъзо давлатларнинг умумий душмани – «уч ёвуз куч» – терроризм, экстремизм ва сепаратизм ҳисобланади. Бунинг устига Марказий Осиё давлатлари ҳар икки мамлакатни Жанубий Осиёдаги асосий ҳамкорлари сифатида кўради.

Россия, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари Ҳиндистон ва Покистон билан муносабатларда анъанага кўра бетараф ва мувозанатли мавқега амал қилади, шериклари бўлмиш икки мамлакат ўртасидаги қарама-қаршиликнинг олдини олишга интилади.

Шарофиддин Тўлаганов
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кашмир учун тинчлик йўқ....ми?