date
views 37

Исроил-Ҳамас ўртасидаги музокара: сулҳ бўладими ёки уруш давом этадими?

Исроил-Ҳамас ўртасидаги музокара: сулҳ бўладими ёки уруш давом этадими?
Ҳамас ҳаракатининг юқори даражали делегацияси Қоҳирада Миср воситачилари билан биргаликда 18 ойдан бери давом этаётган қуролли тўқнашувларни тўхтатиш йўлларини муҳокама қилмоқда. Гуруҳнинг расмий вакили музокаралар чоғида отишмаларни тўхтатиш бўйича янги таклифлар кўриб чиқилаётганини, аммо қуролларни ташлаш масаласи муҳокама қилинмаётганини алоҳида таъкидлаган. Қуролларни топшириш эса Исроилнинг асосий талабларидан бири ҳисобланади.

AFP ахборот агентлигига номини ошкор қилмаслик шарти билан интервью берган Ҳамас вакили гуруҳ «маҳбусларни бир вақтнинг ўзида алмашиш ва беш йиллик узоқ муддатли тинчлик сулҳи тузишга тайёрлиги»ни билдирди.

Ўт очишни тўхтатиш бўйича янги ташаббуслар Исроил томонидан гаровдаги 10 нафар инсонни қайтариш эвазига 45 кунлик тинчлик таклифининг рад этилиши ортидан пайдо бўлди. Ҳамас бу таклифни «чала ва етарли эмас» деб баҳолаб, кенг кўламлироқ ва барқарорроқ келишув тузишни таклиф қилди.

Ҳозирда Миср ва Қатар воситачилари томонидан тақдим этилган режага кўра, барча гаровга олинганларнинг озод қилиниши ва беш йил муддатли тинчлик келишуви тузилиши кўзда тутилган. Лекин Ҳамасни қуролсизлантириш ва Ғазонинг урушдан кейинги тақдири борасида ҳали ҳам келишилмаган масалалар мавжудлигича қолмоқда.

Ҳамас доимий равишда Ғазо секторидан Исроил қўшинларини тўлиқ чиқариб кетилишини, шунингдек, у ердаги гуманитар вазиятни яхшилаш мақсадида озиқ-овқат ва тиббий маҳсулотлар етказиб беришни кенгайтиришни талаб қилмоқда. Исроил эса 2023 йил октябрдаги ҳужум пайтида олиб кетилган барча гаровдагиларни озод қилиш ва Ҳамасни тўлиқ қуролсизлантиришдан бошқа шартларни қабул қилишдан бош тортмоқда.

Март ойида Исроил Ғазога қарши ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлади. Аввалроқ январ ойида бошланган тинчлик жараёнининг биринчи босқичи амалга оширилган ва ҳудудда қисман осойишталик ўрнатилган эди. Исроил ҳарбийлари бу ҳаракатлар гаровдаги одамларни озод қилишга Ҳамасни мажбур қилади, деган умидда.

Сўнгги маълумотларга кўра, март ойининг иккинчи ярмидан бери Ғазода содир бўлган тўқнашувларда 2111 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Ғазодаги уруш қурбонларининг умумий сони эса 51 495 нафарга етган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 7 октябрида Ҳамас аъзолари томонидан Исроил ҳудудидан 251 киши гаровга олинганди. Ҳозирда улардан 58 нафари ҳали ҳам Ғазода ушлаб турилмоқда. Исроил армияси маълумотига кўра, гаровда қолганлардан 34 нафари ҳаётдан кўз юмган бўлиши мумкин.

Ғазода инсонпарварлик инқирози кучаймоқда. Жумладан, ҳудуддаги зарбалар натижасида яна бир неча киши қурбон бўлди. Ғазо шаҳрида турар жойга берилган зарбадан сўнг 10 киши ҳалок бўлди ва 20 нафардан ортиқ одам вайроналар остида қолиб кетди. Шаҳарнинг Аш-Шати қочқинлар лагерига берилган зарба оқибатида яна уч нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмди.

Ғазо аҳолиси учун яна бир хавф – бу етарли даражада озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берилмаётганлигидир. БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури Ғазо секторининг ошхоналарига охирги захираларни етказиб бергани ҳақида огоҳлантирди ва яқин кунларда озиқ-овқат бутунлай тугаб қолишини билдирди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Аданом Гебрейсус эса Ғазода тиббий воситалар ва дори-дармонлар ҳам якунланаётганини маълум қилди. У гуманитар ёрдам машиналари Ғазога кириши учун зудлик билан блокадани бекор қилишга чақирди.

Бироқ Исроил бу даъволарни рад этиб, Ғазода очарчилик йўқлигини таъкидламоқда. Исроил томонидан билдирилишича, улар ёрдам етказиб беришни тўхтатиш орқали Ҳамасга босим ўтказиб, гаровдагиларни озод қилишни мақсад қилган.

Ҳозирда музокаралар давом этмоқда, лекин икки томоннинг ҳам муҳим талаблари ҳали ечилмаган. Бу эса тинчликка эришиш имкониятини янада мураккаблаштирмоқда. Ҳозирча Исроил расмийлари Ҳамаснинг янги таклифлари бўйича ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил-Ҳамас ўртасидаги музокара: сулҳ бўладими ёки уруш давом этадими?