
Америкалик астронавтлар Энн Макклейн ва Никол Айерс 1 май куни Халқаро космик станция (ХКС) тарихида навбатдаги муҳим воқеани амалга оширишди. Улар станция бортидан очиқ космосга чиқиб, бир қатор муҳим монтаж ишларини муваффақиятли бажардилар.
Маълумотларга кўра, икки аёл астронавт ХКСнинг Quest номли шлюз камерасидан чиқиб, космос вакуумида қарийб олти ярим соат мобайнида иш олиб борди. Бу ишлар доирасида Халқаро космик станция экипажлари 1998 йилдан буён жами 275-марта очиқ космосга чиқишди.
Бу сафарги асосий вазифа ХКСнинг ташқи алоқа антеннасини янги жойга кўчириш ҳамда SpaceX’нинг Cargo Dragon юк кемаси томонидан бу йилнинг охирида станцияга етказиладиган IROSA русумидаги янги қуёш батареялари учун махсус монтаж кронштейнларини ўрнатишдан иборат эди.
Эслатиб ўтамиз, IROSA қуёш панелларининг биринчи жуфтлиги 2021 йилнинг июнида астронавтлар томонидан ўрнатилган. Кейинчалик, иккинчи ва учинчи жуфтликларнинг ўрнатилиши 2022-2023 йилларда амалга оширилган.
Умумий ҳисобда саккизта бўладиган мазкур замонавий қуёш батареялари ХКС энергия тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилиб, станциянинг электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини қарийб 30 фоизга ошириш имконини яратади. Янги панеллар мавжуд, нисбатан эски панеллар ёнма-ён ўрнатилади. Бу эса станциянинг умумий электр таъминотини 160 киловаттдан 215 киловаттга оширишни таъминлайди.
NASA мутахассислари таъкидлашича, ХКСдаги аввалги саккизта қуёш панели ҳам ҳозирги кунда ўз вазифаларини яхши бажариб турибди. Бироқ ушбу панеллар дастлаб 15 йиллик хизмат кўрсатиш муддатига мўлжалланган эди. Бу панелларнинг биринчи партияси станцияга 20 йилдан кўпроқ вақт олдин етказилган бўлиб, уларнинг ўрнига янги панелларни ўрнатиш жараёни босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Шундай қилиб, энди астронавтлар ўрнатган янги қуёш панеллари орқали Халқаро космик станция янада самарали ва барқарор ишлаши учун зарур энергия билан таъминланади. Бу каби очиқ космосдаги мураккаб ишлар ХКС фаолиятини яна узоқ йиллар давомида ишончли тарзда таъминлаш учун муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар