date
views 193

Иқлим инқирозининг ҳақиқий сабабчилари: Ерни иситишда 1 фоиз бойлар қандай роль ўйнамоқда?

Иқлим инқирозининг ҳақиқий сабабчилари: Ерни иситишда 1 фоиз бойлар қандай роль ўйнамоқда?
Одатда иқлим ўзгаришлари ва глобал исиш каби табиий муаммоларнинг асосий сабаби сифатида умумий чиқиндилар ва саноат фаолияти кўрсатилади. Бироқ, халқаро олимлар гуруҳи томонидан тайёрланган янги тадқиқот бу қарашни тубдан ўзгартириши мумкин. Уларга кўра, иқлим инқирози — бу шунчаки умумий тенденция эмас, балки жаҳоннинг энг бой қатлами томонидан қабул қилинган аниқ қарорлар ва сарф-харажатлар оқибати.

Ким асосий жавобгар?

Тадқиқот натижаларига кўра, дунё аҳолисининг энг бадавлат 10 фоизи 1990 йилдан буён қайд этилган глобал исишнинг қарийб 66 фоизи учун жавобгар ҳисобланади. Уларнинг ҳаёт тарзи, самолётда доимий парвозлар, яхталар, улкан уйлар, истеъмолнинг юқори даражаси ва чиқиндиларнинг улкан ҳажми — буларнинг барчаси Ерда юзага келаётган иқлим ўзгаришларининг бош сабабчилари бўлиб хизмат қилмоқда.

Айниқса, энг бой 1 фоиз инсонлар алоҳида эътиборга сазовор. Улар дунё бўйлаб экстремал иссиқлик тўлқинларини юзага келишига ўртача инсонга қараганда 26 баробар кўпроқ таъсир кўрсатмоқда. Амазонка ўрмонларида кузатилаётган қурғоқчиликларнинг 17 баробар ўсиши ҳам айнан шу қатлам фаолияти билан боғлиқ, дейилади Nature Climate Change журналда чоп этилган илмий мақолада.

Ишлаб чиқариш эмас, сармоялар хавфлироқми?

Иқлимга салбий таъсир фақатгина энергия сарфи ва транспорт воситалари билан боғлиқ эмас. Олимларнинг таъкидлашича, юқори даражадаги сармоя фаолияти ҳам глобал исишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Яъни бой инсонлар кўп ҳолатларда карбонат чиқиндиларга бой соҳаларга инвестиция киритиб, хавфни янада кучайтирмоқда.

Тадқиқот муаллифларидан бири Сара Шонгарт буни шундай изоҳлади:

“Экстремал иқлим ҳодисаларининг келиб чиқиши фақат мавҳум чиқиндиларга эмас, балки жамиятдаги муайян қатламлар томонидан қабул қилинаётган қарорларга, сармояларга ва ҳатто ҳаёт тарзига боғлиқ. Бу эса масъулиятни аниқ гуруҳларга юклаши мумкин.”

Ечим борми?

Шу асосда олимлар глобал иқлим сиёсатини қайта кўриб чиқишни тавсия қилмоқда. Улар фикрича, дунёдаги энг бой қатлам учун прогрессив иқлим солиқларини жорий этиш, уларнинг фаолиятларига нисбатан шаффофликни ошириш ва аниқ жавобгарлик механизмларини ишлаб чиқиш зарур.

Тадқиқотдаги яна бир муҳим хулоса: агар барча инсоният Ердаги энг камбағал 50 фоиз инсонлар каби кам чиқинди чиқарганида, сўнгги 30 йилдаги глобал исиш деярли кузатилмаган бўлар эди.

Бу эса ҳар бир фуқаронинг эмас, балки муайян манфаатдор қатламларнинг ҳаракатлари сайёрамиз келажагини ҳал қилиб қўяётганини англатади. Иқлим масаласида ҳақиқий ўзгариш бўлиши учун эса масъулиятни қайд этиш ва уни амалий чоралар билан тўлдириш талаб этилади.

Сиз нима деб ўйлайсиз — иқлим муаммоларида ҳақиқий айбдорлар аниқланмоқдами?
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Иқлим инқирозининг ҳақиқий сабабчилари: Ерни иситишда 1 фоиз бойлар қандай роль ўйнамоқда?