
Ўтган ҳафталар давомида Донецк области шимолида жойлашган Константиновка шаҳри атрофидаги вазият анча мураккаблашди. Россия армияси ушбу шаҳардан ғарбда украинлар мудофаасини ёриб ўтиб, уни қуршаб олиш режасини амалга оширишга киришди.
Константиновка – Словянск, Краматорск ва Дружковка шаҳарларини ҳам ўз ичига олувчи улкан агломерациянинг бир қисмидир. Донбасснинг Украина назоратида қолган қисмининг саноат ва маъмурий маркази вазифасини ўтайдиган ушбу шаҳарни россияликлар босқиннинг илк ойларидаёқ эгаллаб олишга уринганди. Ўшанда россияликлар бу ерга шимолдан, Лиман ва Изюм орқали кириб келишга уринган, аммо украинларнинг 2022 йил кузидаги муваффақиятли қарши ҳужуми бу режани чиппакка чиқарганди.
Эндиликда россияликлар жануб, ғарб ва шарқдан жанглар билан аста-секин агломерацияга кириб келмоқда. Украина қуролли кучлари бош штабининг ҳар кунги сводкалари айнан шу ерда – Покровск, Торецк ва Краматорск йўналишларида – сўнгги ҳафталарда энг кўп тўқнашувлар бўлиб ўтаётганини кўрсатмоқда.
Май ойи охирига келиб РФ армияси ўз йўлидаги сўнгги йирик тўсиқ – Клебан-Бик сув омборига яқинлашган. Ундан бир неча километрдан кейин эса Константиновканинг чекка ҳудудлари бошланади ва Кремлнинг ёзги ҳарбий кампаниядаги асосий мақсади айнан мазкур шаҳарни эгаллаш бўлиши мумкин.
Бу юриш нимадан бошланди ва қандай ривожланди? BBC Украина хизмати ушбу шаҳар атрофида юзага келган вазиятни таҳлил қилди.
Мудофаадаги бўшлиқ ва уч томонлама ҳужум
Константиновка темирйўл ва автомобил тугуни сифатида Украина қуролли кучлари учун логистик ҳаб ва мустаҳкамланган ҳудуди сифатида муҳим рол ўйнайди.
Кенг кўламли урушнинг дастлабки ҳафталаридан бошлаб у бир неча бор Россия авиацияси ва узоқ масофали ракеталар зарбалари остида қолган. Баҳорда фронт чизиғи яқинлашиши билан шаҳар чеккалари русларнинг FPV-дронлари ва артиллерияси етиб борадиган ҳудуд бўлиб қолди.
Май ойи бошида Украина қуролли кучларининг «Холодний Яр» номли 93-алоҳида механизациялашган бригадаси матбуот хизмати Россия оптик толали дронлари аллақачон Константиновканинг ўзида ҳарбий ва фуқаролик транспортига ҳужум қилаётгани ҳақида ёзган эди.
«Душман операторлари маккорона тактикага мурожаат қилмоқда: дронларни йўлларга ўрнатиб, техника ёки автомобиллар ўтишини кутмоқда. Кейин эса дронни юқори кўтариб, транспортга зарба беришади ёки йўқ қилишади», – дея тафсилотларни баён қилади бригада.

Константиновка расмийлари шаҳарнинг қарийб учдан бир қисми вайрон бўлганини айтади. Фото: EPA
Расмийлар Константиновкадаги уйларнинг 20-30 фоизи аллақачон вайрон бўлгани, аммо шаҳарда ҳали ҳам 9 минггача тинч аҳоли қолганини айтмоқда (урушдан олдин бу ерда 70 мингга яқин одам яшаган). Маҳаллий ҳарбий маъмурият раҳбари Сергей Горбуновнинг ишонтиришича, болаларнинг барчаси олиб кетилган.
2023-2024 йилларда Константиновка нисбатан фронторти шаҳри ҳисобланган, фронт чизиғи бу ердан 30-40 км узоқликда эди. Бу эса шаҳардан Бахмут ва Торецк йўналишларида жанг олиб борган Украина гуруҳларининг қурол-яроғлари ва логистикасини жойлаштириш учун база сифатида фойдаланиш имконини берган.
Аммо ўтган йилг баҳорида Россия қўшинлари Бахмут томондан Часив Яр йўналишида ҳужум бошлади – бу Константиновканинг шарқий қанотидаги мудофаанинг асосий тепалиги ва сўнгги «қўрғони». Руслар бу шаҳарни тезда эгаллай олмаган бўлса-да, улар Украина мудофаасини аста-секин ёриб ўтмоқда ва аллақачон Часив Ярнинг ғарбий чеккаларига яқинлашган. Бу ердан Константиновкадаги биноларгача тахминан 10 километр чиқади.
Ўтган йил июнида РФ армияси жанубий қанотда ҳужумга ўтиб, Торецкка ҳужум қилди. Россия мудофаа вазирлигининг шаҳар тўлиқ назорат қилинаётгани ҳақидаги баёнотларига қарамай, амалда Торецк атрофида Украина қуролли кучларининг қаршилик ўчоқлари ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Бу ҳозирда шаҳарнинг қанотларида, Шчербиновка ва Дилиевка қишлоқлари яқинида бўшлиқ топишга уринаётган рус қўшинларининг ҳаракатини сезиларли даражада секинлаштиради.
Бу ердан Константиновкагача тахминан 12-13 километр.

Баҳорда руслар Украина мудофаасини ёриб ўтишга муваффақ бўлди. Бу Константиновканинг жануби-ғарбида, Покровскка олиб борадиган йўл яқинида рўй берди. Узоқ вақт давомида россияликлар бу йўлда мустаҳкам ўрнашиб ололмади, украинлар душманга муваффақиятли қарши ҳужумлар уюштириб, позициялардан суриб чиқарди.
Аммо май ойи бошида Россия армияси йўлни кесиб қўйиб, унинг жанубида ҳам, шимолида ҳам бир қатор қишлоқларни эгаллаб олишга муваффақ бўлди. Гап Тарасовка, Малиновка, Новая Полтавка, Александропол ва Новооленевка каби аҳоли яшаш манзиллари ҳақида бормоқда. Бундан ташқари, Россия қуролли кучлари шимолроққа ёриб ўтишга ва Константиновканинг ғарбий йўналишдаги логистикасини бутунлай кесиб ташлашга қаттиқ ҳаракат қилмоқда.
Вазият бир вақтнинг ўзида Россия қўшинлари қарама-қарши томонга – Мирноград-Покровск агломерациясига ҳужум қилаётгани туфайли ҳам мураккаблашмоқда. Бу Украина қуролли кучлари бош штабига қўшимча кучларни бир участкага тўплаш, уларни бир неча йўналишларга тарқатиш имконини бермайди.
Тўғри, Украина қўмондонлиги Кремлнинг биринчи навбатдаги вазифаси айнан Константиновкани қўлга олиш деб ҳисоблайди.
«Душман биринчи навбатда Константиновка шаҳрига хавф туғдиришдан манфаатдор. Айнан шу мақсадда у Покровск-Константиновка трассасидан шимолга ёриб ўтишга ва бир вақтнинг ўзида Часив Яр томондан айланиб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Бизнинг асосий саъй-ҳаракатларимиз унинг бундай қилишига йўл қўймасликка қаратилган», – деди Украина телемарафони эфирида «Хортица» қўшинлари оператив-стратегик гуруҳи спикери Виктор Трегубов.
Буёғига Константиновка билан нима бўлади?
Россиялик ҳарбий блогерлар Константиновка яқинидаги вазиятни аллақачон «Россия армиясининг стратегик ютуғи» деб атамоқда. Камида россиялик машҳур ҳарбий шарҳловчилардан бири Юрий Подоляк (телеграмда 3,1 миллион обуначиси бор) шундай деб ҳисоблайди.
«Энди ҳеч қандай шубҳа йўқки, бу участкада биз ушбу уруш давомида биринчи марта душман мудофаасини классик тарзда чуқур ёриб ўтишига эришдик. Ҳа, ҳаракат тезлиги Улуғ Ватан урушидагидек эмас, лекин у пайтда бизнинг ҳам, душманнинг ҳам ҳар қандай ҳаракатини чеклайдиган ва бизга тезроқ ҳаракатланишга имкон бермайдиган дронлар йўқ эди», – деб ёзди у 21 май куни.
Унинг сўзларига кўра, Россия армияси аллақачон Попов Яр – Полтавка – Русин Яр – Степановка қишлоқлари чегарасига яқинлашган. Ушбу мудофаа чизиғини ёриб ўтиш Доброполе – Краматорск асосий таянч йўлига яқинлашиш ва у бўйлаб, хусусан, FPV-дронлари билан фаолроқ зарба йўллаш имконини беради.
Ўз ўзидан, бу Украина қуролли кучларининг мазкур йўналишдаги логистикасини фалаж ҳолатга келтириши мумкин.

Константиновка ўққа тутилиши оқибатлари, 16 май. Фото: EPA
Украинадаги «Ахборий қаршилик» гуруҳи ҳарбий таҳлилчиси, Украина қуролли кучлари захирадаги полковниги Константин Машовец Россия армиясининг фронтнинг бу участкасидаги муваффақиятларини «тактик чуқурликка ёриб кириш» деб атаган. У Константиновкага юришни РФ армиясининг бирданига иккита умумқўшин армиялари: 8-армия ва 51-армия олиб бораётганини маълум қилган.
Чап қанотда ёриб ўтишни 8-армия бўлинмалари амалга оширган, улар бу йўналишга март ойида ташланганди. Улар Украина қуролли кучларининг мудофаа сафлари ичкарисига деярли 9 км масофада кириб келишга муваффақ бўлган ва бу «ханжар»ни кенгайтиришда давом этмоқда.
«Тактик муваффақият яққол кўриниб турибди. Пиёда аскарлар сони кўплиги, шунингдек, бунинг эвазига катта йўқотишларга учраётган олдинги қисмлар ва бўлинмаларни доимий равишда шахсий таркиб билан тўлдириш имконияти туфайли душман ҳозирча ҳужум/штурм ҳаракатлари интенсивлигини жуда юқори даражада ушлаб туришга муваффақ бўлмоқда», – деб қайд этади Машовец.

Константиновкага киришдаги мудофаа иншоотлари. Фото: EPA
ВВС’нинг Украина қуролли кучлари қўмондонлик таркибидаги манбаси бу йўналишдаги вазият сўнгги ҳафталарда тезлик билан оғирлашганини тан олган.
Унинг фикрича, Россия қўшинларининг яқин келажакдаги вазифаси Константиновкани ярим қуршов ҳолатини юзага келтириш ва мудофаа кучлари логистикасини олов назорати остига олиш ҳисобланади.
Агар улар буни уддалай олса, яқин орада украин бўлинмалари Торецк яқинидаги «карман»дан (атрофи рақиб эгаллаб олган ҳудудлар билан ўралган плацдарм) шимолроққа – Бичок ва Казенний Торец дарёлари ҳамда Клебан-Бик сув омбори бўйлаб ўтган мудофаа чизиғига кетишига тўғри келади. Агар бу маррани ушлаб қолишнинг имкони бўлмаса, ёзда Россия Константиновка-Краматорск агломерациясини штурм қилишни бошлаши эҳтимоли ортиб кетади.
Томонлар ушбу жанг учун етарлича тайёргарлик кўрган захираларга эгами, деган савол очиқ қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар