
Туркманистоннинг Қорақум чўлида жойлашган ва бутун дунёга машҳур бўлган Дарвоза газ кратеридаги оловнинг интенсивлиги сезиларли даражада камайтирилди. Бу ҳақда «Turkmengaz» миллий концерни таркибидаги Табиий газ илмий-тадқиқот институтининг лаборатория мудири Ирина Лурьева маълум қилди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, 2023 йил август ойи билан таққосланганда, ҳозирги пайтда Дарвоза газ кратеридаги олов уч баравардан кўпроқ сусайтирилган. Бу натижа сўнгги пайтларда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг юқори самарадорлигини кўрсатади. Газ қазиб чиқаришни ва оқим назоратини кучайтириш ҳисобига кратерга етиб келаётган газ оқими ҳам камайтирилмоқда.
Қорақум чўлидаги мазкур газ кратери ёки халқ орасида кенг тарқалган ном билан айтганда "Дўзах дарвозаси" ярим асрдан зиёд вақт давомида ёнишни тўхтатмагани билан дунёга машҳурдир. У Ашхободдан 260 км масофадаги Дарвоза қишлоғи яқинида жойлашган бўлиб, 1971 йили совет геологлари томонидан газ қазиш ишлари олиб борилаётганда юзага келган. Геологлар табиий газ қидириш чоғида ер қатламидаги катта бўшлиққа дуч келишган ва ернинг юқори қатламлари ҳамда бурғулаш қурилмалари ер тубига тушиб кетган. Шу тарзда, диаметри 60 метрга, чуқурлиги эса 20 метрга яқин бўлган катта кратер пайдо бўлган.
Шу билан бирга, кратердан чиққан табиий газ аҳоли ва ёввойи ҳайвонларнинг заҳарланишига сабаб бўлмаслиги учун уни атайлаб ёқиб юборишга қарор қилинган. Геологларнинг тахминларига кўра, газ 1-2 кун ичида тўлиқ ёниб тугаши керак эди, аммо бу ҳудуд кўп қатламли улкан газ захирасига эгалиги сабабли ёниш бир неча ўн йилларга чўзилди ва ҳозирги кунгача давом этмоқда.
Бу қизиқ табиий ҳодиса қисқа муддат ичида мамлакатнинг асосий диққатга сазовор жойларидан бирига айланди. Кратернинг «Дўзах дарвозаси» деб аталиши ҳам унинг оловли манзараси ва тун пайти узоқдан кўринадиган қизғиш-сариқ алангалари билан боғлиқ. Минглаб сайёҳлар ҳар йили мазкур ноёб табиат ҳодисасини кўриш учун Туркманистонга келиб туради.
Бироқ "Дўзах дарвозаси"нинг узоқ вақт ёниши экологик вазиятга, айниқса атрофдаги бошқа газ конларини ўзлаштириш ишларига жиддий зарар етказиб келмоқда. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2010 йилдаёқ мазкур газ кратерини ўчириш бўйича топшириқ берган эди. Давлат раҳбари ўз топшириғини 2022 йилда яна бир бор такрорлади ва табиий газнинг шунча йил давомида исрофгарчилик билан ёниб кетиши мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар келтираётганини айтиб ўтди.
Президент Бердимуҳамедов бу ҳудудда сизиб чиқаётган газ маҳаллий аҳолининг соғлигига ва атроф-муҳитнинг тозалигига салбий таъсир ўтказаётганини ҳам таъкидлади. Шу сабабли сўнгги йилларда Туркманистон ҳукумати томонидан бу кратерни ўчириш бўйича катта ҳажмдаги тадқиқотлар ва илмий ишланмалар олиб борилди.
Ҳозирга келиб, «Turkmengaz» концерни томонидан амалга оширилаётган илмий ва амалий чора-тадбирлар натижасида газ кратерининг ёниш интенсивлиги сезиларли даражада пасайган ва бу туркман мутахассислари томонидан катта муваффақият сифатида баҳоланмоқда. Мазкур натижа экологик вазиятни яхшилаш билан бирга, ушбу минтақада газ саноати салоҳиятини янада кенгроқ ўзлаштириш имкониятларини очиб беради.
Шу билан бирга, туркман олимлари ва муҳандислари ушбу йўналишдаги ишларини давом эттириб, келгусида Дарвоза газ кратери оловини тўлиқ ўчириш бўйича қўшимча самарали усулларни ишлаб чиқмоқда. Бу эса мамлакатда табиий газ ресурсларидан янада самаралироқ фойдаланиш имконини беради ҳамда минтақанинг экологик ҳолатини яхшилашга кўмаклашади.
Қорақум чўлидаги мазкур табиий ҳодиса нафақат Туркманистон, балки бутун минтақа учун ҳам муҳим экологик ва иқтисодий аҳамиятга эгадир. Шу сабабли келгусида ҳам уни назоратга олиш бўйича чоралар давом этади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар