SpaceXAI ва Anthropic сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйди

SpaceXAI компанияси Anthropic билан стратегик ҳамкорликни эълон қилди. Ушбу келишув доирасида Claude сунъий интеллект модели ишлаб чиқувчилари дунёдаги энг йирик ва тезкор Колоссус 1 суперкомпьютер кластеридан фойдаланиш имкониятига эга бўлишади. Мазкур платформа 220 мингдан ортиқ NVIDIA график процессорлари, жумладан, Ҳ100, Ҳ200 ва янги авлод GB200 тезлатгичлари билан жиҳозланган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Anthropic вакилларининг таъкидлашича, қўшимча ҳисоблаш қувватлари Claude Про ва Claude Мах хизматларининг самарадорлигини сезиларли даражада оширади. Ушбу ресурслар катта ҳажмдаги тил моделларини ўқитиш, генератив сунъий интеллект ва илмий симуляциялар каби юқори унумдорликни талаб қилувчи вазифаларни бажариш учун мўлжалланган.
Компаниялар янада улканроқ лойиҳа — бир неча гигаватт қувватга эга орбитал сунъий интеллект тизимларини яратиш устида ҳам ишламоқда. Мутахассисларнинг фикрича, келажакдаги сунъий интеллект моделлари шунчалик катта энергия ва совутиш тизимларини талаб қиладики, ер усти инфратузилмаси бунга етарли бўлмаслиги мумкин. SpaceX космик платформалардан фойдаланиш орқали деярли чексиз энергия манбаларига эришишни мақсад қилган.
SpaceX ўзининг ракета учириш тезлиги ва орбитал гуруҳларни бошқариш тажрибаси билан ушбу ғояни илмий концепциядан амалий муҳандислик дастурига айлантирмоқчи. Эслатиб ўтамиз, 2026-йил феврал ойида SpaceX хAI компаниясини тўлиқ сотиб олган эди. Ҳозирда хAI алоҳида компания сифатида фаолиятини тўхтатиб, SpaceX таркибидаги SpaceXAI бренди остида бирлаштирилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!