
Дунёга машҳур Nike компаниясининг акциялари Хитой бозоридаги савдо натижаларининг кутилганидек чиқмагани ортидан кескин қиймат йўқотди. Чораклик молиявий ҳисобот эълон қилинганидан кейин компания акциялари қарийб 10 фоизга арзонлашди. Қизиғи шундаки, ҳисоботдаги асосий кўрсаткичлар таҳлилчилар прогнозларидан юқори бўлса-да, инвесторлар эътибори асосан Хитойдаги суст динамикага қаратилди.
2025 йил 30 ноябрда якунланган чоракда Nike’нинг умумий даромади 12,4 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 фоизлик ўсишни англатади. Бир акцияга тўғри келган фойда эса 0,53 долларни ташкил қилиб, бозор кутган кўрсаткичдан анча юқори бўлди.
Маълумот учун, LSEG томонидан шакллантирилган консенсус прогнозга кўра, компания даромади 12,1 миллиард доллар, акциядан фойда эса 0,37 доллар бўлиши кутилган эди. Аммо ижобий рақамларга қарамай, сармоядорларни энг кўп хавотирга солган жиҳат — Хитой бозоридаги узоққа чўзилаётган пасайиш бўлди.
Хусусан, Буюк Хитой ҳудудидаги савдо ҳажми 17 фоизга қисқариб, 1,42 миллиард долларга тушди. Мутахассислар таъкидлашича, бу пасайиш бир неча чоракдан бери давом этиб келаётган барқарор салбий тенденцияни акс эттиради.
Бундан ташқари, компаниянинг бошқа молиявий кўрсаткичлари ҳам ижобий таассурот қолдирмади. Nike’нинг соф фойдаси 32 фоизга камайди, ялпи фойда маржаси эса тарифлар ва харажатлар босими сабабли 3 фоиз пунктга пасайиб, 40,6 фоизни ташкил қилди.
Тўғридан-тўғри сотувларни ўз ичига олган Nike Direct каналлари орқали даромад 8 фоизга қисқарган бўлса, рақамли савдо сегментида пасайиш икки хонали фоизларда қайд этилди. Компания раҳбарияти келгуси чоракда ҳам маржага бўлган босим сақланиб қолишини ва умумий даромад бироз камайишини истисно этмаяпти.
Шу билан бирга, Nike бошқаруви ҳозирги вазиятни бизнесни қайта тиклаш ва мослашув босқичи сифатида баҳоламоқда. Компания келгусида стратегияни янгилаш орқали асосий бозорларда ўсиш суръатларини тиклашни мақсад қилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.