
2–13 декабрь кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтган IBA жаҳон чемпионати доирасидаги энг кўп муҳокама қилинган баҳслардан бири бўйича расмий қарор эълон қилинди. Эркаклар ўртасида 60 кг вазн тоифасидаги финалда Абдумалик Халоков ва Всеволод Шумков ўртасида юз берган “қулоқ тишлаш”га ўхшаш эпизод чуқур ўрганилди, аммо жанг натижаси ўзгаришсиз қолдирилди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳолат бўйича соҳа экспертлари томонидан махсус таҳлил ўтказилган. Ўша баҳсни жонли равишда бошқариб турган ҳакам вазиятни тўлиқ назорат қилган ва уни жангга аралашишни талаб қиладиган даражада жиддий деб ҳисобламаган. Кейинчалик видеотакрорлар ҳам кўриб чиқилиб, жанг тўғри ва узлуксиз давом этгани тасдиқланган. Энг муҳими, Халоков ҳеч қандай жароҳат олмаган ва ҳеч бир эътироз билдирмасдан жангни фаол тарзда давом эттирган.
Халқаро бокс ассосиацияси (IBA) расмий баёнотида таъкидланишича, гарчи бундай ҳаракат қоидаларга зид ҳисобланса-да, ҳар бир ҳолат унинг мақсади, оғирлиги ва жангга таъсири нуқтаи назаридан реал вақтда баҳоланади. Мазкур ҳолатда ҳакамлар гуруҳи ўз баҳосини берган, жаҳон чемпионати техник делегати эса якуний қарорни тасдиқлаган. Шунингдек, мусобақа давомида Ўзбекистон делегацияси томонидан ҳеч қандай апелляция берилмагани ҳам қайд этилган. Шу сабабли натижани ўзгартириш ёки медаллар тақсимотига тузатиш киритиш учун ҳуқуқий асос йўқ.
Бироқ тўлиқ шаффофлик ва спортда ҳалоллик тамойилларини таъминлаш мақсадида ушбу эпизод BIIU — Бокс бўйича мустақил коррупцияга қарши кураш бўлими томонидан ҳам ўрганилиши маълум қилинди. Агар мазкур ҳаракат қоидабузарлик сифатида баҳоланса, спортчига нисбатан молиявий жарима қўлланилиши мумкин.
IBA бош котиби ва ижрочи директори Крис Робертс бу масала юзасидан қуйидагича фикр билдирди:
“Мусобақаларимизда ҳалоллик — энг устувор қадрият. Шу сабабли биз эпизодни мустақил экспертлар иштирокида ўргандик ва техник делегат томонидан тасдиқланган якуний қарорга келдик. Натижани ўзгартириш муддати тугагани боис, масалани BIIU'га юбориш ва зарурат бўлса, молиявий чора кўриш тавсия этилди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам спортчилар манфаати биз учун биринчи ўринда туради”.
Эслатиб ўтамиз, мазкур баҳсли вазият жангнинг учинчи раунди якунланишига тахминан 50 сония қолганда, клинч пайтида содир бўлган. Қисқа тўқнашув чоғида Шумковнинг оғзи Халоковнинг қулоғига тегиб кетган, аммо бу ҳаракат тасодифий деб баҳоланган ва жанг тақдирига таъсир қилмагани қайд этилган.
Шу тариқа, финал натижаси расман сақлаб қолинди ва чемпионат атрофидаги асосий саволларга нуқта қўйилди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.