
Калифорния университетининг Риверсайд кампусида фаолият юритаётган тадқиқотчилар глобал исиш нега кутилмаган тарзда музлик даврига олиб келиши мумкинлигини илмий жиҳатдан изоҳлаб берди. Олимлар Ердаги углерод айланиш тизимида илгари етарлича ҳисобга олинмаган муҳим бўғинни аниқлаган. Айнан шу омил қадимги музлик даврлар нега жуда кескин ва оғир кечганини тушунтириб беради. Тадқиқот натижалари “Science” журналида чоп этилди.
Аввалроқ олимлар иқлим асосан тоғ жинсларининг табиий емирилиши орқали барқарорлашиб туради, деб ҳисоблаб келган. Ёмғир атмосферадаги карбонат ангидридни ўзига сингдириб, қуруқликка тушади, сув силикат жинсларни емириб, улар билан боғланган CО₂ ни океанларга олиб боради. У ерда углерод кальций билан бирикиб, чиғаноқлар ва оҳактош қатламлари ҳосил қилади ҳамда миллионлаб йиллар давомида сақланиб қолади. Бу жараён атмосферадаги CО₂ миқдорини аста-секин камайтиради.
Геолог Энди Рижвеллнинг таъкидлашича, сайёра иссиқлашган сари бу жараён тезлашади ва кўпроқ углерод ютилади, натижада Ер қайта совий бошлайди. Илгаригича қарашларда бу тизим иқлимни силлиқ тарзда барқарор ушлаб туради, деб баҳоланган. Аммо геологик далиллар айрим музлик даврлар деярли бутун Ерни муз ва қор билан қоплаганини кўрсатади. Бундай ҳолатни фақат “юмшоқ” тартибга солиш механизми билан изоҳлаб бўлмайди.
Тадқиқотчилар океанда углерод кўмилишини кучайтирадиган қўшимча жараённи аниқлади. Ҳарорат ошганда, ёғингарчилик океанга фосфор каби озиқлантирувчи моддаларни кўпроқ олиб келади. Бу эса фотосинтез орқали CО₂ ни ютадиган планктонларнинг кескин кўпайишига сабаб бўлади. Планктон нобуд бўлгач, океан тубига чўкиб, ўзи билан бирга катта миқдорда углеродни ҳам олиб кетади.
Иссиқ шароитда ушбу тизим янада мураккаб тус олади. Планктоннинг ортиқча ўсиши океанда кислородни камайтиради. Кислород етишмаслиги фосфорнинг чўкиб қолиш ўрнига яна сувга қайтиб чиқишига олиб келади. Бу эса янги планктон ўсишини рағбатлантиради ва айланма жараён кучаяди. Оқибатда жуда катта ҳажмда углерод кўмилиб, глобал ҳарорат кескин пасайиши мумкин.
Рижвелл бу ҳолатни кондиционер тизимига қиёслайди: у одатда ҳароратни барқарорлаштиради, аммо айрим вазиятларда кескин совитишга олиб келиши мумкин. Компьютер моделлари ҳам ушбу тескари алоқа музлик даврини бошлаш учун етарлича кучли эканини кўрсатган.
Олимларнинг таъкидлашича, қадимги даврларда атмосферада кислород миқдори паст бўлгани туфайли иқлим тизими жуда барқарор ишлаган. Ҳозир эса кислород даражаси анча юқори, шу боис келажакдаги совиш жараёнлари ўша даврлардагидек ўта кескин бўлмаслиги мумкин. Шунга қарамай, бу механизм кейинги музлик даврининг бошланишини тезлаштириши эҳтимолдан холи эмас.
Мутахассислар эслатишича, бу факт инсонларни хотиржам қилмаслиги керак. Чунки кейинги музлик даври юз минг йиллардан кейин бошланиши мумкин, аммо ҳозирги глобал исиш эса айнан бугунги авлод учун энг катта муаммо бўлиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.