Инверсия сабаб Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши кучайиши мумкин

Ўзбекистонда ҳаво инверсияси кучайгани сабабли ифлослантирувчи моддалар, хусусан PM2,5 ва PM10 заррачалари атмосферанинг пастки қатламларида тўпланмоқда. Бу ҳолат Тошкент шаҳри, Самарқанд ҳамда Жиззах вилоятларида яққол кузатилмоқда. “Ўзгидромет” маълумотларига кўра, илиқ ҳаво ва инверсия жараёни ҳафтанинг охиригача сақланиб қолиши мумкин. Аҳолидан эҳтиёткорликка риоя қилиш сўралди.
Ёғингарчиликлардан кейин республика ҳудудларида об-ҳавонинг нисбатан илиқлашиши кузатилмоқда. Шу фонга боғлиқ равишда атмосферада инверсия жараёнлари янада фаол тус олмоқда. Бу ҳақда “Ўзгидромет” мутахассислари расман маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур метеорологик ҳолат Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида, айниқса Тошкент шаҳри, Самарқанд ҳамда Жиззах вилоятларида яққол намоён бўлмоқда. Эрталаб, кечқурун ва тунги соатларда атмосферанинг пастки қатламларида ҳаво айланишининг чекланиши кузатилиб, бу табиий алмашинув жараёнларини секинлаштирмоқда.
Натижада ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалиши қийинлашиб, ноқулай метеорологик шароит юзага келмоқда. Хусусан, майда дисперс заррачалар — PM2,5 ва PM10 пастки атмосфера қатламларида тўпланиб қолмоқда. Айрим ҳудудларда эса ушбу зарарли заррачалар миқдорининг ошиши қайд этилган бўлиб, бу ҳаво сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, Ўзбекистоннинг табиий-географик жойлашуви, релеф хусусиятлари ҳамда синоптик омиллар инверсия жараёнларининг тез-тез кузатилишига сабаб бўлади. Шу боис мамлакат ҳудуди атмосфера инверсияси деярли доимий қайд этиладиган минтақалар қаторига киради.
Дастлабки прогнозларга кўра, республика бўйлаб нисбатан илиқ ҳаво ҳарорати ҳамда инверсия жараёни ҳафтанинг охиригача сақланиб туриши мумкин. Шу сабаб аҳолидан эҳтиёткорликка риоя қилиш, айниқса, соғлиққа таъсир этувчи омилларга эътиборли бўлиш сўралмоқда.






























Изоҳлар 0
…