Яшил майдонлардаги ёрқин ўйинлари, самарали фаолияти билан Европа, хусусан, Франция футболи ривожига катта ҳисса қўшган Лилиан Тюрам кейинчалик ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги туфайли муносиб ҳурмат топди.
Айниқса, ёшларда Тюрам ҳақида кенгроқ тасаввур уйғотиш учун аввало, унинг статистикасини бирров эсга олиш керак. Лилиан Франция миллий жамоаси либосида 142 марта майдонга тушди. Энг идеал ўйинларидан бири сифатида ЖЧ-98 ярим финалини тилга олиш мумкин.
Ўшанда бақувват қанот ҳимоячиси Хорватия термаси дарвозасига 2та гол уриб, французлар учун финал йўлини очганди. Энг қизиғи, футболчи терма жамоадаги голлари ҳисобини шу муҳим «дубль» билан очганди ва кейинчалик ҳам рақиблар дарвозасини бошқа ишғол қилгани йўқ.
Муҳими, Тюрам якунда ЖЧ-98 олтин медалини бўйнига тақди, яна 2 йил ўтиб, Евро-2000да ҳам зафар қучди. Шунингдек, 1998 ва 2006 йилларда ФИФА рамзий терма жамоасидан жой олди, 2003 йили Конфедерациялар кубоги ғолибига айланди.
Тюрамнинг клублар даражасидаги муваффақияти ҳам анча салмоқли: 1991 йили «Монако»нинг Франция кубогини ютишига ҳисса қўшди, 1999 йили «Парма» таркибида аввалига Италия кубогини боши узра баланд кўтарди ва кейин УЕФА кубоги турнирида ғолиб чиқди.
2002 ва 2003 йилларда эса «Ювентус» билан «А» серияси чемпионлигини тантана қилди. Фақат Кубоклар эгалари кубоги-92 ҳамда ЧЛ-2003 финалларидаги мағлубиятлар қаҳрамонимизнинг клублар ва терма жамоалар миқёсидаги барча совринлар соҳибига айланишига имкон бермади.
Машҳур «Кольчаполи» можаросидан кейин «Ювентус» «В» сериясига тушириб юборилгач, Лилиан «Барселона» сафига қўшилди. Каталонияда 2 йил тўп сургач эса, юрак тизимига боғлиқ хасталик туфайли 36 ёши-да футбол билан хайрлашди.
Футболдан ташқарида
Тюрам миллионлар ўйинидан четга чиққач ҳам, кенг жамоатчилик эътиборини йўқотмади. Яъни ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсата бошлади. Хусусан, ўша пайт Франция Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган Николя Саркозини ошкора танқид қилишга журъат топди.
Собиқ ҳимоячи кейинчалик яқин дўсти Патрик Виейра билан ҳамкорликда Париждаги бошпаналардан қувилган 70 нафар африкалик қочоқни Евро-2008 саралаш босқичи доирасида бўлиб ўтган Франция - Италия ўйинига таклиф этиш асносида уларни руҳан қўллаб-қувватлади.
Натижада йирик сиёсат арбоби Филипп де Вилье уни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда сабоқ берувчи миллионер сифатида эътироф этди. Лилиан шунингдек, мамлакатнинг ўша вақтдаги президенти Жак Ширакка тўғридан-тўғри мурожаат этиб, ҳужжатларсиз қолган мигрантлар ҳуқуқларини ислоҳ қилишни сўради.
Эътиборлиси, Тюрамнинг сиёсий фаолияти бирор партия билан боғлиқ эмасди. У асосан нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлади. Тўғри, маълум муддат Франция парламентида ирқчилик масалалари билан шуғулланадиган қўмитанинг бошқарув кенгаши аъзоси бўлди. Қолаверса, УЕФА томонидан йўлга қўйилган ирқчиликка қарши кураш лойиҳалари устида фаол иш олиб борди.
Бундан таш-қари, футбол юлдузи Франциянинг собиқ колониялари вакилларининг ижтимоий ҳаётини ёритишга катта эътибор қаратди. Таъкидлаш жоиз, Лилиан футболчилар учун ғайритабиий саналган йўналишларда ҳам сезиларли муваффақиятларга эришди.
Жумладан, «Менинг қора юлдузларим» номли китоби 2010 йили чоп этилди. Ёш авлод вакилларига қулдорлик даври тугаганидан кейинги ҳаёт моҳиятини англатиш мақсадида ёзилган бу асар яқин келажакда мактаб дастурига киритилиши ҳам мумкин.
Тюрамнинг Жан-Кристоф Камю билан ҳаммуаллифликда яратган иккинчи асари - «Бизнинг тарихимиз» эса шахсий ҳаётини қамраб олган. Собиқ футболчи унда Гваделупанинг шакарқамиш плантацияларидан Парижга йўл олган онаси - Марианна ҳақида алоҳида ҳикоя қилган.
Интервью
- Жаноб, Лилиан, Гваделупанинг Анс-Бертран шаҳрида дунёга келгансиз. 1981 йили онангиз ва беш нафар ака-укангиз билан Парижга кўчиб келгансизлар. Ўшанда 9 ёшда бўлган экансиз. Бундай кескин ўзгариш сизга қандай таъсир кўрсатганди?
- Францияга келишимиз билан бу ерда мутлақо бошқача ҳаёт тарзига дуч келдик. Очиғи, илк даврларда фақат онам ва бошқа-бошқа отадан туғилган 5 нафар ака-укамни кўрардим, холос. Уларга оиламиз ва Гваделупа тарихи ҳақида тинмай савол берардим. Шу аснода умумий дунёқарашим шаклланди.
- Футбол ёки бошқа соҳа бўйича кимларга кумир ўрнида қарардингиз?
- Жан Тиганага. Доимо айнан унинг даражасига чиқишни ўйлаган, шунга интилганман. Лекин мен учун асосий илҳом манбаи онам эди, барибир. Айнан у чинакам ҳаёт йўлини танлашимга туртки берди, болалигимдан миямга жасурликни, қийинчиликлардан чўчимасликни сингдирди.
- Профессионал футболга қай йўсинда кириб келгансиз?
- Тўғриси, ёшлигимда футбол асосий касбимга айланиши мумкинлиги хаёлимга ҳам келмаганди. Дейлик, Гваделупада яшаганимизда, уйимизда ҳаттоки, телевизор ҳам йўқ эди. Шундай экан, 9 ёшимгача бирор марта футбол томоша қилмаганман. Шунчаки, кўчада ўртоқларим билан тўп ортидан югурардим.
Муҳими, бу ўйин жуда ёқарди. Францияга кўчиб келганимиздан кейин жиддий шуғуллана бошладим. 15 ёшга тўлганимда «Ницца» вакиллари кўрикка чақиришди. Кейин «Монако»дан таклиф олдим. Бироқ тиббий кўрик якунида шифокорлар профессионал даражада ўйнай олмаслигимни таъкидлашди.
Лекин чекинмадим ва машғулотларни давом эттириб, сафга қайтиш учун бор кучимни сарфладим. Дастлабки расмий шартнома остига имзо чекканимдан сўнг эса ўзимни бутунлай футболга бағишладим.
- Айтишларича, «Монако»да аждодлари гваделупалик бўлган ҳимоячи Люк Сонор сизни ўз ҳимоясига олган экан. Ундан нималарни ўргангансиз?
- Ҳа, Люк ғоят меҳрибон эди, доимо йўл-йўриқ кўрсатиб, жамоада ўзимни қандай тутишим кераклигини уқтирарди. Шунингдек, тириш-қоқлик муваффақият калити эканлигини тушунтиришдан чарчамасди.
Машғулотлар жараёнида доимо бирга ишлардик. Қисқаси, вақтни асосан у билан бирга ўтказардим, мисол учун, уйига ҳам кўп борганман.
- Терма жамоада эса гваделупалик яна бир футболчи Жослен Англома ўрнини эгаллагансиз - ўнг қанот ҳимоячиси позициясини. У қандай ўгитлар берганди?
- 1996 йили терма жамоа сафида Англияда ўтказилган Европа чемпионатига йўл олдим. Бош мураббий Эме Жаке шу позицияда ўйнашимни айтгач, Жослен самимийлик билан аввало, ўз кучимга ишонишим зарурлигини таъкидлади. Назаримда, айнан Гваделупадан келганим ўзаро иноқлашишимизда муҳим роль ўйнаган.
Бутун фаолиятим давомида Жосленнинг сиймоси доимо кўз олдимда гавдаланди ва ўзгача тетикликни ҳис этдим. Хуллас, кейинчалик Англомадан ибрат олиб, ёш футболчиларга маслаҳат беришда, аввало, ўз кучларига шубҳа билан қарамасликларини таъкидлашни одат қилдим.
- Хўш, ўша ёшлардан қайси бирини алоҳида тилга оласиз?
- «Ювентус»да Жоржо Кьеллини хотирамдан мустаҳкам ўрин олган. Кўпинча фахрийлар навқирон ва бақувват ўйинчи ғазабини қўзғатишга уринишади. Лекин Жоржо бундай ёндашувга хотиржам қараб, ҳеч кимга имкон бермас, тўхташни сира хаёлига келтирмасди.
Франция термасида мамлакат колониялари вакиллари кўпайиб кетишгач, Жан Мари Лё Пен бунга кескин қарши чиқди: «Миллий жамоамиз французларники бўлмай қолди...».
- Унинг эътирози ЖЧ-98 учун таркиб танлаш жараёнига нечоғли таъсир ўтказди?
- Футболда бу каби «тош отувчилар» хуружига доим шай туриш лозим. Лё Пен кинояларидан кейин шахсан менда мундиалда ғалаба қозониш иштиёқи янада кучайганди. Чунки жаҳон кубогини ютиш миллионлаб одамлар тақдирига ижобий таъсир этарди.
- 2002 йилнинг май ойида Марсель Десайи ирқчилик ва шу орқали Лё Пенга қарши кескин фикрлар билдирганди. Айтингчи, ўшанда буни жамоа ичида муҳокама қилганмисизлар?
- Доимо ирқчилик борасида шахсий фикрларимни ошкора баён этганман. Лекин бутун жамоа билан қандайдир чиқиш ёки тадбир уюштириш хусусида ҳеч қачон гап-сўз бўлган эмас.
- ЖЧ-2002 ва Евро-2004дан кейин жамоада ҳақ эканлигини исботлаш имконияти туғилди, гўё. ЖЧ-2006 доирасида Испания термасига қарши кечган баҳс арафасида Лё Пен яна тилига эрк берди. Унинг навбатдаги шарҳи таъсири ҳам сезилдими?
- Жамоа қувватбахш импульсга эҳтиёж сезаётганди. 2002 ва 2004 йилларда туртки олганимиз рост. Тўғри, терма жамоа бўйича ҳамон шубҳалар мавжуд эди.
Муҳими, Зидан, Макелеле қатори мени ҳам сафга қайтаришди. Ўзи шундай: баъзан шубҳа-гумонлар ва хавотир ҳам тараққиётга йўл очади.
- 2006 йилги таркибни олсак, яхшигина ижрочилар тўпланишганди. Айтингчи, муваффақиятда Доменекнинг улуши кўпроқ бўлганми ёки сиз тилга олган футболчилар, шунингдек, Анри, Бартез ва Трезегенинг ҳиссалари?
- Муваффақиятга элтадиган йўлни аниқлаб берадиган муайян формула мавжуд эмас. Шуниси маълумки, жамоа буюк футболчилар ва малакали мураббий ёрдамисиз ҳеч нарсага эришолмайди.
Доменек хизматига муносиб баҳо берилмади ва буни сира тушунмайман. Ахир таркибни мураббий белгилайди-ку. Қолаверса, ЖЧ финалига етиб бориш саноқли мураббийларга насиб этган. Очиғи, ўшанда пенальтилар серияси бўйича енгилган бўлсакда, Италия термасидан кучлироқ эдик.
- Финалдан сўнг Зиданга нималар деганингиз эсингиздами?
- Допинг-назорат ҳудудига чақиришгани сабаб, ўша паллада Зайниддин билан гаплашолмадим. Лекин кейинчалик ҳамма ҳам қандайдир хатога йўл қўйиши мумкинлигини айтиб, кўнглини кўтардим.
Францияда ҳаттоки, мамлакат президенти ҳам Зизу айбдор эмаслигини таъкидлади. Лекин шахсий фикримча, хатоларни жойида тан олиш керак. Шунингдек, болаларни шу каби хатоларни такрорламасликка ўргатиш янада муҳим.
- Зиданнинг хатти-ҳаракати моҳиятини тушунганмисиз?
- Йўқ. Билганим шуки, Зизу чемпионлик тақдирига ойдинлик киритувчи муҳим учрашувда бундай йўл тутмаслиги керак эди.
- 2005 йили кўплаб футболчилар Лё Пенга қарши чиқишди. Сиз эса таҳликали ҳолатни вужудга келишида Ички ишлар вазирини айбладингиз...
- Саркозига шунчаки, вазир сифатида аҳолини камситишга ҳаққи йўқлигини эслатдим, холос. Ахир у қашшоқларни ҳақоратлаганди.
- Саркози қандай жавоб қайтарди?
- Табиийки, ўзини оқлашга уринди. Мен эса ўтмишимни ҳеч қачон унутмайман. Ўша воқеадан кейин сиёсатчилар боши берк кўчага кириб қолишса, ҳамма айбни камбағаллар, айниқса, муҳожирларга ағдаришларига амин бўлгандим...
Футбол оламидан чиққан таниқли сиёсатчилар
Жорж Веа (Либериянинг амалдаги президенти)
Альберт Сигурдур Гудмундссон (Исландия ҳукуматининг собиқ вазири, собиқ элчи)
Жанни Ривера (Италия Мудофаа визирлигининг собиқ бош котиби, Европарламент аъзоси)
Каха Каладзе (Грузия Энергетика вазири, Тбилиси мэри)
Ромарио (Бразилия Миллий конгресси собиқ аъзоси, сенатор)
Валерий Газзаев (Россия Думаси депутати)
Олег Блохин (Украина Олий Радаси собиқ аъзоси)
Шунингдек, Андрей Шевченко (Украина), Дмитрий Аленичев ва Роман Павлюченко (Россия), Диего Марадона (Аргентина), Хосе Луис Чилаверт (Парагвай), Карлос Вальдеррама (Колумбия) ҳам ўзларини сиёсатга уришган.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади