«Аксарият одамлар омад ҳақида орзу қилишади. Мен эса, омадга фақатгина қайтарилаётган омадсизлик ва ўз хатоларини тафтиш этиш орқалигина эришиш мумкин, деб ҳисоблайман. Омад бу ишингизнинг 1 фоизи, қолган 99 фоизи эса, омадсизликларингиздир!» - деганди Соичиро Хонда 1974 йили Мичиганда фахрий докторлик унвонини олганида сўзлаган нутқида.
Соичиро Хонда 1906 йили ночор оиланинг тўнғич фарзанди сифатида дунёга келган. Унинг беш нафар ука-сингиллари очликдан вафот этишган. Отаси велосипед таъмирловчи уста бўлиб, оиласини аранг тебратган. Ўрта мактабни тугатган йигитча ўн беш ёшида Токиога автомеханик бўлиб ишлашга кетади. Кейинчалик ўқимаган ишчи кичкина қишлоқчада ўз бизнесини очишга ҳаракат қилади. Ҳамма пулларини йиғиб, хотинининг тақинчоқларини сотиб, Хонда “Тойота” автомобиллари учун поршенли тасмалар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Шу билан бир қаторда у ихтиролар қилишга ҳам ҳаракат қилади. Ҳамқишлоқлари эса, ўқимаган йигит қандай қилиб ўз ишини очганига тушунолмай қолишади.
Аввалига иш омадли кечмайди. Одамлар унинг устидан кулишади. Айнан шу пайт мўъжиза юз беради. Соичиро бирон бир куч ишлатмаган ҳолда юрадиган велосипед ихтиро қилади. Хотинининг велосипедига жажжи мотор ўрнатиб, илк мопедни яратади, бак ўрнига ичига ёғ тўлдирилган резина грелка ишлатилади. Моторли велосипед нафақат ҳарбийлар, балки оддий халқ орасида ҳам оммалашиб, савдо юришиб кетади. Айнан омадсизликдан буюк «Хонда» салтанати юзага келиб, бугунги кунда у автомобиллар, мотоцикллар ҳамда маиший техника ишлаб чиқарувчи энг йирик корхонага айланди. Хонда ўз техник кашфиётлари устида иш олиб боради, лекин узоқ вақт давомида бундан бирон натижа чиқмайди. Шундан сўнг у авиация мотори қўйилган машина ясашга киришади. Албатта, у ихтиросини амалда синаб кўришни жуда истарди.
Бу воқеа 1936 йилда юз беради. Хонда шахсан ўзи пойгада иштирок этади. У биринчи бўлиб маррага етиб келаётганида йўлини бошқа бир машина тўсади. Тўқнашув оқибатида Хонданинг автомобили осмонга чиқиб, уч мартта тўнтарилади. Хонда жиддий жароҳат олиб, баданида бир умрлик чандиқлар қолади. Лекин ўшанда мутлақ рекорд ўртанилади: Хонданинг машинаси тезликни соатига 120 километрга оширишга муваффақ бўлганди. 1948 йилда Соичиро Хонда “ХОНДА МОТОР КО ЛТД” брендини рўйхатдан ўтказади. Эллигинчи йиллар бошига келиб Япония бўйлаб олти мингга яқин филиаллар очилади. У кўпроқ қобилиятли ёшларга ишонган, талантли болаларга ёрдам берган, уларни ишга жалб этган.
У таваккал қилишдан қўрқмайдиган инсон бўлган. Хонда маҳсулотлари эркаклар ва аёлларга мўлжалланган, шунингдек илгари ҳеч ким инобатга олмаган ўрта синф вакиллари ҳам инобатга олинади. Хонданинг кучи техник юксаклик, чиройли дизайн ҳамда бозор талабини ҳис этишда бўлган. Унда на муҳандислик тайёргарлиги, на тажриба бўлган. Ахир, у 8 синфни тугаллаган, холос. Маркетинг, молия, дистрибьютерлик ҳақида эса тасаввурга ҳам эга бўлмаган. Аграр Японияда вояга етган йигитча катта бизнес ҳамда халқаро савдо ҳақида ҳеч нима билмаган. Шунга қарамай у ғалаба қозонади, уни японларнинг ўзи «Жаноб Момақалдироқ» деб аташган. У ўз бозорига эга немисларни, дунё бозорининг катта қисмини эгаллаган америкаликларни ҳайратда қолдиролган. Хонда мураккаб муаммоларни оддий йўллар билан ҳал қилган. Бу жиҳат дунёдаги бошқа инноватлорларга ҳам хосдир. Етарли маълумотга эга бўлмаган, техникадаги ўзига хос сир-асрорларни билмаган Хонда худди Эдисон каби «синов ва хатолар» йўлидан боради.
Саксонинчи йилларга келиб, у Япониядаги машина ишлаб чиқарувчи 3 та йирик ишлаб чиқарувчига айланишга мушарраф бўлади. Йил охирига келиб эса, дунёда учинчи поғонага кўтарилади. Олтмишинчи йиллардаёқ у мотоцикллар ишлаб чиқаришда етакчи (70 фоиз) бўлса, 1990 йилга келиб, унинг корхонаси ойига 3 миллиондан ортиқ мотоциклларни дунё бозорига етказиб берган. Атиги саккиз йиллик маълумотга эга бўлган одам учун бу жуда катта ютуқ, шундай эмасми? Ўшанда унда фақатгина орзу, яна бироз қатъият ва ички сезги бўлган, холос. Жорж Гилдер Хондани «Буюк инсон, автомобил саноатида Генри Форддан кейин турадиган энг ёрқин ва омадли ишбилармон», деб ҳисоблаган.
Хонда яна бир «амалга ошмас» ишни уддалайди. Етмишинчи йиллар ўрталарида Хонда Огайо штатидаги Мерисвиллда завод қуради, унда сифат жиҳатдан бошқаларникидан қолишмайдиган автомобиллар ишлаб чиқарилади. Айнан мана шу «Хонда Аккорд» машиналари саксонинчи йилларда Америкада энг кўп сотилган. Шундан сўнг Хонда Америка автомобил саноати шуҳрат залида номи битилган биринчи япон раҳбари бўлади.
Ёши катта бўлишига қарамай, янги моделларни ўзи синаб, раҳбарликни ўғлининг қўлига топширмаган. Умуман олганда, у оила аъзоларининг компания фаолиятида иштирок этишини ёқламаган. Хонда 1973 йилда ишдан воз кечиб, раҳбарликни бу ишга муносиб одамгина олишини таъкидлайди. Уч нафар фарзанднинг отаси бўлган Соичиро Хонда 1991 йилда оламдан ўтган. У мактаб таҳсилини охирига етказмагани билан илм олишга қизиқиши баланд бўлган. Шунинг учун ҳам ўзи мустақил қунт билан ўқиб мана шундай улкан ютуқларга эришади. Хонда таъкидлаганидек, унга биргина ОМАДнинг ўзи эмас, йиллар давомида илм-фанга чанқоқлиги, талабчан ва тиришқоқлик билан доимий изланиш ва ҳаракатда юрганлиги сабабли номи мангуликка битилди.
Ҳидоят САДРИДДИНОВ тайёрлади.
Манба: erk.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди