09:23 / 02.03.2018
12 724

Сирли олам: «ОҚ ХОНИМ»нинг ғазаби ёхуд «олтой маликаси»нинг таҳдиди ҳақиқатми?

Сирли олам: «ОҚ ХОНИМ»нинг ғазаби ёхуд «олтой маликаси»нинг таҳдиди ҳақиқатми?
Бир неча йилдирки, Олтой ўлкасининг маҳаллий аҳолиси «Олтой маликаси» номини олган мўмиёни қайта кўмиш талаби билан чиқмоқда. Айниқса, мисли кўрилмаган табиий офатлар: сув тошқини ва дўл ҳодисасидан сўнг бу талаб янада кучайди.

УКОК ҚАРҒИШИ
Укок текислигида (Хитой ва Мўғулистон чегараси яқинида) қазиш ишларини 1993 йили Россия Фанлар Академияси қошидаги археология ва этнография институти ходимаси Наталья Полосмак бошлаган эди. Ўшанда ярим вайронага айланган қўрғон археологнинг эътиборини тортган ва у адашмаган эди. Қўрғонда муз тўлдирилган қадимий сағана топилди. Сағанани иссиқ сув билан бир неча кун давомида музини эритиб, очишди. Қабрни очганлар ҳайратда қолишди. Чунки унинг ичида бир аёлнинг жасади бор эди. Аёлнинг бош кийими олтиндан ишланган безаклар билан қопланган, қўлида таёқча бўлиб, қўлларига қушнинг сурати ўйиб чизилганди. Афтидан, у ҳаётлик даврида сеҳр-жоду билан шуғулланганди. Бу топилма шов-шувларга сабаб бўлди. Муз туфайли мўмиё яхши сақланганди. Тадқиқотлар аёлнинг бундан 2500 йил илгари яшаганини ва 25 ёшида вафот этганини кўрсатди.

Олимларни эса бошқа савол қийнай бошлади: маҳаллий аҳоли билан зиддиятга бормаслик учун нима қилиш керак? Маҳаллий аҳоли мўмиёни кавлаб олишга қаттиқ қаршилик кўрсатди. «Қишлоқда яшайдиган бир қизчанинг айтишича, афсунгар жасади ер юзига чиқарилса, улкан фалокат юз бераркан, – дейди филолог Акай Кине.- Ўшанда ҳукумат қазиш ишларини олиб боришга рухсат берган бўлса-да, аҳоли бунга қарши чиққанди. Улар хатлар ёзишди, йўлни тўсиб қўйишди. Аммо олимлар барибир ўз мақсадларига эришишди».

Олтойликлар археологлар топган аёл «Оқ хоним – «тинчликни ҳимоя қилувчи Ак-Кадин» эканлигига ишонишади. Афсоналарга кўра, у ер ости дарвозасини қўриқлайди ва ёвуз руҳларнинг ер юзига чиқишларига йўл қўймайди. Шаманлар унинг Олтой асосчиси эканлигига ишонишади. Уни безовта қилиш кўплаб фалокатларга олиб келади, деб ҳисоблашади.

«Олтой маликаси»ни қазиб олишганида, ер қимирлаган экан. Кейин уни олиб кетаётган вертолёт носозлик сабабли қўнишга мажбур бўлган. Сўнгра эса қатор кўнгилсизликлар бошланди – ўрмон ёнғинлари ва бўронлар юз берди, зилзила ва сув тошқинлари содир бўлди. Маълумотларга қараганда, Олтойда ўз жонига қасд қилишлар сони ҳам ошиб кетган.

ВАҚТ БЎЛДИМИ?
2014 йили эса ўлкада, умуман, Россия ҳудудида даҳшатли сув тошқинлари юз берди. Кўплаб тўғон ва кўприклар вайрон бўлди, аҳоли масканлари сув остида қолди. Минглаб кишилар уйларидан айрилишди. Одамлар ўшанда яна «Укок маликаси»ни ёдга олишди. Айтишларича, 2012 йили диний маросим пайтида бир руҳонийга «малика» кўринган ва икки йил дам олиши, сўнг яна ўзи ҳақида эслатишини маълум қилган экан. Агар уни жойига кўмишмаса, у сузиб жойига қайтармиш.

«Катталиги товуқ тухумидек келадиган дўл ёғиши сўнгги томчи бўлди, – дейди Акай Кине. – Дўл кўплаб уйлар ва машиналарга зарар етказди. Шундан сўнг биз «малика»ни кўмиш бўйича имзо йиғишни бошладик. Ҳозир 20 мингта имзо тўпланган, бу республика аҳолисининг 10 фоизи демакдир. Биз уни бутунлай кўмиб ташлашни сўрамаяпмиз, ҳеч бўлмаса мўмиёни Укок текислигига қайтариш керак. Ўша ерда уни сақлаш учун бирор иншоот барпо этиш мумкин. Бунинг учун маблағ йиғиб беришга ҳам тайёрмиз.»

Олимлар эса бу ташаббусни унчалик жиддий қабул қилишмаяпти. Буни улар ирим деб аташмоқда. Маҳаллий аҳоли эса «аждодларимизни тинч қўйинг, уларнинг руҳини безовта қилманг» дея аҳдларида қатъий туришибди.

Бу нимага олиб келади? Олтой афсоналарида айтилишича, Оқ Хонимнинг таъсир доираси жуда катта. Унинг ғазаби нафақат Олтой, балки жаҳон миқёсида улкан фалокатларга олиб келиши мумкин. Мўмиёнинг қўлига чизилган суратларда эса инсоният учун муҳим хабар яширинган. Фақат бу маълумотни ўқиш вақти ҳали келмаган.
Рус тилидан Дилшодбек АСҚАРОВ таржимаси.

Манба: mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сирли олам: «ОҚ ХОНИМ»нинг ғазаби ёхуд «олтой маликаси»нинг таҳдиди ҳақиқатми?