22:14 / 03.10.2018
3 226

10 миллион уйғур учун концлагерь: Шинжон (4-қисм)

10 миллион уйғур учун концлагерь: Шинжон (4-қисм)
Янги Қошғар

Уч йил аввал Хитой ҳукумати хусусий компаниялар ва давлатга қарашли юзни танийдиган видокузатув тизимлари умумий базага бирлаштирилишини, мазкур тизим 2020 йилгача бутун аҳолини қамраб олишини маълум қилди.

Хитойнинг илк ядровий синовлари ўтказилган Шинжон яна тажриба майдони сифатида танлаб олинди – бу ерда мамлакат бўйлаб ишлайдиган 20 миллион видеокамеранинг катта қисми ўрнатилди. Видеокамералар сонининг кўплигини расмий манбалар ҳам кўрсатиб турибди: 2016 йилда ички хавфсизлик учун харажатлар мудофаа харажатларидан 13 фоизга кўп бўлди. Шинжонда кузатув учун 2014 ва 2016 йилларда бошқа ҳудудларга қараганда икки баравар, 2017 йилда эса уч баравар кўп маблағ сарфланди.

Бугун Хитой полицияси юз тузилиши улкан марказий базадаги маълумотларга тўғри келадиган шубҳали шахсни оломон ичидан топиб олиш учун нари борса етти дақиқа сарфлайди.

Хитой Шинжонда муваффақиятли синовдан ўтказилган тизмни экспорт қилишга киришди: икки йил аввал кузатув инфратузилмаси билан таъминлайдиган CEIEC давлат компаниясининг филиали Эвадорда очилди. Эквадор нефтининг асосий харидори бўлмиш Хитой мазкур мамлакатга кўп миллион долларлик кредит ажратди ва бунинг доирасида Эквадор провинцияларида видеокамералар ўрнатилди. “Синьхуа” агентлигининг 2018 йил январдаги хабарига кўра, янги тизимнинг шарофати билан Эквадорда жиноятчилик 11,8 фоизга камайган. Янги келишувга биноан CEIEC компанияси Эквадорда геолокация тизимини татбиқ этмоқда, бу тизим фуқароларнинг мобил телефонларини кузатишга имкон беради. CEIEC филиаллари Куба, Бразилия, Боливия ва Перуда ҳам очилди, компания Уганда ҳукумати учун интернет цензура тизимини ишлаб чиқди ва Африка бўйлаб кенгайишга ҳаракат қилмоқда. Компаниянинг Европадаги ягона филиали Москвада жойлашган.

Шинжонда эса фақатгина видеокузатув билан чекланиб қолишмаяпти. Чэнь Цюаньгао бошқарувининг биринчи йилида полицияга ўн минглаб янги ходимлар қабул қилинди ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари сони ортишда давом этмоқда (қуйи лавозимларга одатда уйғурларнинг ўзлари олинади). Мен Қошғарга киришдаги постда полициячиларнинг машғулотини кузатдим. Йигирматача эркак ва аёл майдонда бир томондан иккинчи томонга югурар, афтидан кўзга кўринмас оломонни ўраб олишга уринар эди. Янги полициячилар кўпам ҳуркитадиган кўринмаса-да, уларнинг қуроллари ҳақида бундай деб бўлмасди.

Автомат фақат хитой қўмондонларга берилганди – уйғурларда эса ёғоч дастали найза, узун дубинка ва рақибни бўйнидан ушлаб олиш учун аллақандай тутқичлар бор эди.

Бундай тутқичларни мен аввал Тибетда кўрган эдим. Афтидан, улар ўзига ўт қўйганларга ишлатилар эди – пўлат ҳалқани буддавий ламанинг бўйнидан ўтказган полициячи хавфсиз масофада турган ҳолда унинг ҳаракатланишига йўл қўймас эди. Шинжонда бу тутқичнинг бошқача модели бор эди: конструкциянинг ёғоч қисми резина ва пластикка алмаштирилган, ҳалқага эса электрошокер уланган. Худди шундан электрошокерлар полициячиларнинг қалқонларига ҳам ўрнатилган, полициячилар уларсиз кўчага чиқмайди. Қалқоннинг пастки қисмида иккига айрилган тишли кесик бор, бу ҳам рақибнинг бўйнида қўллаш учун мўлжалланган.

Эртаси эрталабгина кириш ҳақидаги штампни ололдим ва машинани божхона расмийлаштирувидан ўтказдим. Чегарадан ўтиш учун қарийб 26 соат керак бўлди. Кейинги куннинг иккинчи ярмида ниҳоят Қошғарга, аниқроғи, мен кўп йиллар қайтишни орзу қилган эртакмонанд пойтахтнинг ўрнида қад ростлаган янги шаҳарга кириб келдим.

Хитой шаҳарларини қуриш принциплари милодий VII асрдан бери ўзгармаган – ҳар доим шимолдан жануб томон чўзилган симметрик тўғри бурчакли мавзелар кўринишида барпо этилади. Хитойлик урбанистлар ўнлаб йиллар давомида эски Қошғарга қарши кураш олиб борди ва улар шаҳарни нимага айлантиришини ҳатто тасаввур ҳам қила олмагандим. Тор кўчалар, кир босган деворлар деворлар ва қумтош ғиштдан қурилган масжидлар энди йўқ. Уларнинг ўрнини кўп қаватли уйлар эгаллаган.

Хитойликлар кўҳна воҳани яшаш учун қулай шаҳарга айлантирибди. Тор кўчалар ўрнида ўт ўчириш машинаси ёки зирҳли машина бемалол ўта оладиган кенг хиёбонлар пайдо бўлибди. Ҳар бир уй сув қувурига ва канализацияга уланган. Ўзига хосликни кўрсатиш учун уйларда фақатгина ўйма эшиклар қолибди.

Энг катта йўқотиш кўча ҳаётининг йўқолгани бўлибди. Темирчилар ҳам йўқ, дурадгорлар ҳам йўқ, ёймачилару шаҳар таксиси вазифасини ўтаган эшак аравалар ҳам йўқ. Гуллар экилган хиёбонларда дўппи кийган кексалар ҳали ҳам пиёлада чой ичиб ўтирибди, уларни расмга олаётган хитой сайёҳларининг сони эса кексаларнинг ўзидан кўп. Эски жойида қолган озиқ-овқат бозорида ҳозир ҳам лағмон ва қўй калласи сотиляпти, аммо харидорларнинг бари хитой. Сотувчиларнинг қўлидаги сариқ иероглифли қизил боғич уларнинг давлатдан лицензия олганини кўрсатади.

Мен танишларимни топмоқчи бўлдим, бироқ бир пайтлар улар яшаган уйни топа олмадим. Ҳар бир кўчада, исталган йўналишга бурилсангиз, симтикан билан ўралган полиция постини кўришингиз мумкин. Видеокамералар ҳамма жойга ўрнатилган – томларга, деворларга, махсус ўрнатилган металл фермаларга. Шаҳар блокларга ажратилган, бир даҳадан иккинчисига ўтмоқчи бўлган уйғур пластик ID картасини кўрсатиши, сумкасини текширтириши, кўз қорачиғини сканирлаши, баъзан эса телефонини полициячи текшириши учун бериши лозим. Кўчаларда зирҳли машиналар, махсус бўлинмалар ва ўткинчиларни тўхтатиб, шахсини аниқлайдиган кўнгилли уйғур дружиналари айланиб юрибди. Ана шундай кўнгиллилардан учтаси полициячиларни расмга олаётганимни кўриб қолгач, мени расмларни ўчиришга мажбурлади ва кечгача ортимдан эргашиб юрди.

Мен омон қолган иккита масжидни топдим, бироқ эски деворларига қулф осилган эди. Мадраса (у ҳам ёпиқ) яқинидаги чорраҳага уйғурча қалпоқ тикаётган мўйнадўзнинг ҳайкали ўрнатилган. Ҳақиқий мўйна қалпоқлар сувенирлар дўконидан сотилаётган экан, бироқ усталарни барибир топа олмадим. Авваллари сотилган ажойиб пичоқлар ҳам энди йўқ. “Пичоқ” сўзини эштиши билан сотувчилар ўзни олиб қочди, фақатгина биттаси растанинг тагидан оғир қутисини олди: пичоқларнинг дастаси жуда чиройли ишланган, тиғи эса болгарка билан кўпол қилиб ўйилган эди. Уйғурлар ҳатто оддий ошхона пичоғини олаётганда ҳам тиғига эгасининг кимлигини аниқлайдиган QR-кодни лазер ёрдамина ўйдиришлари керак, Оқсувдаги ресторанларнинг ошхонасида пичоқлар деворга мустаҳкамланган заржирларга уланган.

Бу ердан икки қадам нарида авваллари шаҳардаги энг ширин нон ёпиладиган тандир бор эди. Унинг ўрнида ҳам тандир ва новвойнинг бронза ҳайкали пайдо бўлибди. Атрофида эса сайёҳлар расмга тушиш билан овора.
Давоми бор...

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)