13:30 / 09.10.2018
3 523

10 миллион уйғур учун концлагерь: Шинжон (7-қисм)

10 миллион уйғур учун концлагерь: Шинжон (7-қисм)
Довюраклар

Кечки озиқ-овқат бозоридан қайтар эканмиз, биз ҳар сафар блокпостдан ўтар эдик: хитойлар ва европаликлар учун бу муаммо эмас, бироқ уйғурлар карточкаларини кўрсатишлари ва кўз тўр пардасини сканир қилдиришлари зарур. Бу сафар постда шовқин-сурон бўлаётганди: уч полициячи бир неча ёшни қўлга олган ва уларни яқин ўртадаги полиция участкасига олиб кетаётган эди. Ёшлар кетма-кет қадам ташлар, қўллари энсаларида эди. Полициялар орқадан ва ёндан кузатиб бораяпти, илк сафдаги йигит участка эшигидан ўтмоқчи бўлганди, уни қўполлик билан ерга ўтирғизиб қўйишди. Шундан кейин орқадагилар ўз-ўзидан чўкка тушиб олишди, уларга қўлларини туширишга рухсат берилмаётган эди. Орадан ҳеч қанча ўтмай учта машина келди, ёшларни машиналарга чиқаришди ва улар кўздан ғойиб бўлди. Нима содир бўлганини кимдан сўрашни билмайсан, аслида бундан маъни ҳам йўқ. Ёшларни сўроқдан ва тарбиявий суҳбатдан кейин қўйиб юборган бўлишлари, судга ёки лагерга жўнатган бўлишлари мумкин.

Расмий Пекин тарбиявий лагерлар борлигини инкор этган бўлса-да, бундай лагерлар 2015 йилдаёқ Коммунистик партия ҳисоботида тилга олинган эди. Айтилишича, Хўтандаги “таълим-машғулот маркази”да “диний экстремизмга чалинган” 3000 киши сақланган. Икки йилдан кейин қошғарлик бир мулозим шаҳардаги тўртта марказда (улардан энг каттаси собиқ мактаб биносида жойлашган) 120 минг маҳбус борлигини маълум қилди. Аслида маҳбуслар сони кўпроқ экани эҳтимоли катта.

Хитойда қайта тарбиялаш жиноий жазо ҳисобланмайди: расмий айблов эълон қилинмайди, демак, статистика ҳам йўқ. Шундай бўлса-да, қатағоннинг кўлами ҳатто чегаранинг ортидан ҳам кўриниб турибди. Лагерларни суниъй йўлдош тасвирларида ҳам кўриш мумкин. Иккита девори ва қўриқлаш минораси бор лагерлар янги жойларда пайдо бўлмоқда, мавжудлари эса кенгайтириляпти.

Европа маданият ва теология мактаби тадқиқотчиси Адриан Зенц Хитой давлат қурилиш шартномаларини ўрганиб чиқиб, қайта тарбиялаш марказлари барпо этиш бўйича 73 та лойиҳа борлигини аниқлади. Зенцнинг маълумотига қараганда, янги лагерлар Шинжоннинг деярли ҳар бир бурчагида қуриляпти, ўтган йилнинг апрелидан бери бунинг учун 108 миллион доллар сарфланган. Баъзи тендерларда муассасанинг майдони қарийб ўн гектар экани қайд этилган. Бундан ташқари, Адриан Зенц ходимларни ишга олиш учун кўп сонли эълонлар берилганини ҳам аниқлади: ишга кирмоқчи бўлганлардан криминал психология бўйича билимга ва куч тузилмаларида иш тажрибасига эга бўлиш ҳамда довюрак бўлиш талаб этилади.

Бир ой аввал БМТнинг ирқин камситишни бартараф этиш бўйича қўмитаси аъзоси Гэй МакДугалл Женевадаги нутқида Шинжонни улкан концлагерларга қиёслаб, “трансформация марказлари”да бир миллион одам сақланаётган бўлиш мумкинлигини айтди. Ўша йиғилишда қатнашган Бутунжаҳон уйғурлар конгресси бош котиби Тўлқин Айса эса аслида маҳбуслар сони уч миллионга – жами уйғур аҳолисининг учдан бир қисмига етиши мумкинлигини билдирди.

Хитой делегацияси уч кундан кейин жавоб қайтарди: партиядаги юқори мартабали мулозимлардан бирининг айтишича, Хитойдаги барча этник озчиликлар диний эркинликдан фойдаланган ҳолда тинч-тотув яшамоқда ҳамда ҳеч қандай қайта тарбиялаш лагерлари мавжуд эмас.
Давоми бор...

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » 10 миллион уйғур учун концлагерь: Шинжон (7-қисм)