date

Олмаотада сувчечак билан касалланиш кескин кўпаймоқда

Олмаотада сувчечак билан касалланиш кескин кўпаймоқда

Қозоғистоннинг йирик шаҳри Олмаотада болалар орасида сувчечак билан касалланиш ҳолатлари кескин ошмоқда, деб хабар берди tengrinews.kz.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг тўққиз ойида касаллик билан боғлиқ ҳолатлар сони ўтган йилга нисбатан қарийб 39 фоизга кўпайган. Болалар шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси директори Ержан Сералин маълум қилишича, фақат шу давр ичида 183 нафар бола стационарга ётқизилган. Улар орасида оғир асоратлар билан келганлар сони 40 фоизга ошган.

Мутахассисларнинг айтишича, сувчечак — бу ҳаво орқали юқадиган ва танада қичишиш ҳамда пуфакчалар пайдо бўлиши билан кечадиган вирусли хасталик. Асосан болаларни зарарлайди, айниқса нафас олиш ва асаб тизимига таъсир кўрсатади.

1–14 октябрь кунлари орасида 14 нафар бола жонлантириш бўлимига ётқизилган. Улар орасида икки томонлама ўпка яллиғланиши, тутқаноқ ва нафас етишмовчилиги билан оғриганлар ҳам бор.

Ержан Сералин таъкидлашича, кўплаб болалар кеч даврда шифохонага олиб келинади. "Аксарият ота-оналар касалликнинг 8–10-кунида мурожаат қилади. Бу вақтда касаллик асорат бериб бўлади ва даволаш қийин кечади", — дейди шифокор.

Ҳозирги вақтда энг кўп ҳолатлар мактабгача ва бошланғич синф ёшидаги болаларда аниқланмоқда — жами ҳолатларнинг 61,7 фоизи айнан шу тоифага тўғри келади. Сувчечакка қарши эмлаш эса ҳали Миллий эмлаш тақвимига киритилмаган, шу сабаб кўпчиликда иммунитет фақат касалликни бошидан кечириш орқали шаклланади.

Олмаота шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Марат Пашимов бошчилигида ўтказилган йиғилишда бу масала алоҳида муҳокама қилинди. Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси раҳбар ўринбосари Асал Қолиқова таъкидлашича, болалар ва ўсмирлар орасида эмлаш даражасини ошириш имконияти ҳали ҳам мавжуд.

Унинг сўзларига кўра, аҳолини вакцинацияга рағбатлантириш чораларини кучайтириш зарур. Шунингдек, баъзи хусусий клиникалар Бепул тиббий ёрдам кўрсатиш давлат дастуридаги мажбуриятларини тўлиқ бажармаётгани ҳам қайд этилган. Шу боис, уларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича ишлар жадаллаштирилади.

Муттахассислар эслатмоқда: сувчечак енгил касалликдек туюлса-да, унинг асоратлари жиддий бўлиши мумкин. Шу сабаб, ҳарорат, тошмалар ва қизиш белгилари кузатилса, болани зудлик билан шифокор кўригига олиб бориш тавсия этилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олмаотада сувчечак билан касалланиш кескин кўпаймоқда