АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон ўзининг айбланиши бўйича илк суд мажлисида барча айбловларни рад этди. Суд 17 октябрь куни Мэриленд штати, Гринбелт шаҳрида бўлиб ўтди, деб хабар берди CNN.
Маълумотларга кўра, Болтон махфий маълумотларни нотўғри ишлатиш билан боғлиқ 18 та айблов бўйича айбдор деб топилмоқда. Суд залида у журналистлар билан суҳбатлашишдан бош тортди ва ўзини айбсиз деб билдирди. Кейинчалик Болтон шаҳарни тарк этмаслик шарти билан озод қилинди. Кейинги мажлис 21 ноябр кунига белгиланди.
Тергов материалларига кўра, Болтон 2021 йил июл ойида Эрон ҳукумати билан боғлиқ шахслар унинг электрон почтасига киргани ҳақида ФТБга маълум қилган, аммо ўша почта орқали махфий маълумотларни юборганини яширган.
Федерал терговчилар унинг шахсий электрон почтаси ва мессенжерлари орқали давлат сири саналган маълумотларни узатганини аниқлади. Улар орасида АҚШнинг бўлажак ҳарбий амалиётлари, хорижий етакчилар билан учрашувларга оид ёзувлар ва мамлакатнинг ташқи сиёсий стратегиясига тегишли маълумотлар бўлган. Маълумотларга кўра, Болтон ушбу ҳужжатларни рафиқаси ва қизига ҳам юборган.
2025 йил 22 август куни ФТБ Болтоннинг уйи ва офисини тинтув қилди. Тинтув натижасида оммавий қирғин қуроллари, АҚШнинг БМТдаги миссияси ва давлатнинг стратегик алоқаларига оид махфий ҳужжатлар топилган.
16 октябрь куни катта ҳакамлар ҳайъати Болтонни махфий маълумотларни нотўғри ишлатишда расман айблади. У учинчи шахсларга махфий маълумот узатиш бўйича саккизта ва бундай ҳужжатларни ноқонуний сақлаш бўйича ўнта эпизодда айбланмоқда. Ҳар бир айблов учун у 10 йилгача қамоқ жазосига маҳкум қилиниши мумкин.
Жон Болтон — Дональд Трамп маъмуриятида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи сифатида ишлаган ва ташқи сиёсатдаги қатъий позицияси билан танилган шахс. Унинг бу иши Вашингтонда катта сиёсий муҳокамаларни келтириб чиқарди.
Мутахассислар фикрича, мазкур суд жараёни АҚШда махфий маълумотлар билан боғлиқ интизомни янада кучайтириши ва келгусида расмий шахслар фаолияти устидан назоратни ошириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!