00:30 / 03.12.2018
3 687

Олимлар энергия сарфламай ҳароратни тушириш тизимини ўйлаб топишди

Олимлар энергия сарфламай ҳароратни тушириш тизимини ўйлаб топишди
АҚШдаги Массачусетс технология институти тадқиқотчилари арзон материаллар ёрдамида ёқилғилардан олинган энергиясиз ишлайдиган совитиш тизимини ишлаб чиқди. Ундан электр токи тармоқларига уланмаган иссиқ ҳудудларда егулик ва дори-дармонларни сақлашда қўлланиш мумкин бўлади.

Оддий қилиб айтганда, янги услуб соябоннинг мураккаб версиясидир. Мосламани ишлаб чиққан ўн нафар Массачусетс технология институти ходими ёзган мақола Nature Communications журналида чоп этилди.

Янги тизим иссиқликни ўрта инфрақизил нурланиш спектрида чиқариб юбориш имконини беради. Бундай спектрдаги ёруғлик иссиқхона газларидан ўтиб, атмосферадан ташқарига чиқиб кетади. Мослама ўзи қизиб кетмаслиги учун унинг устига махсус соябон ўрнатилади.

Мослама ёрдамида Бостон каби шаҳарлардаги ўртача ҳароратдан 20 даражагача пастроқ ҳароратга эришиш мумкин. Тадқиқотчилар бугунга кунга қадар ўтказилган тажрибалар давомида ҳароратни 6°C гача совитишга муваффақ бўлишган. Бундан ҳам паст ҳарорат талаб қилинадиган ҳолатларда янги тизим билан анъанавий совитиш услубларини бирлаштириш мумкин бўлади.

Тадқиқот муаллифлари сўзларига кўра, бундан аввал ҳам иссиқликни ўрта инфрақизил спектрида нурлантиришга асосланган совитиш тизимлари таклиф қилинган, аммо уларда мураккаб мосламалардан фойдаланилган. Бунинг сабаби мазкур мосламалар қуёш нурини тўлиқ қайтариб, фақат ўрта инфрақизил спектрдаги нурларни радиация қилиши керак. Бунинг учун қалинлиги нанометригача аниқ бўлган кўп қаватли материаллар талаб қилинади.

Аммо тадқиқотчилар кун давомида қуёш нурлари бурчаги ўзгаришига мослашган тўсиқ ёрдамида тўғридан-тўғри нурларни блоклаш орқали юқорида тилга олинган натижага эришиш мумкинлигини аниқладилар. Бунга қўшимча равишда пластик плёнка, алюминий, оқ бўёқ ҳамда изоляция материаллардан қурилган мослама ёрдамида иссиқликни ўрта инфрақизил спектрида нурлантириш керак бўлади. Бошқача қилиб айтганда, мазкур тизимда бир вақтнинг ўзида мослама қизиб кетиши олди олинади ҳамда иссиқлик радиация орқали сарфланади. Мосламани қуёш нуридан сақлаш учун соябонга ўхшаш ҳимоя воситаси ўрнатилади. Атрофдаги ҳарорат таъсирини озайтириш учун эса изоляция материалидан фойдаланилади.

Янги тизимнинг чекловларидан бири ҳаво намлигидир, чунки юқори намлик ҳаво орқали содир бўладиган инфрақизил нурланишга тўсқинлик қилади. Шунинг учун Бостон каби намлик юқори бўлган муҳитларда янги тизим ҳароратни кўпи билан 20°C га пастлатиш имкони беради. Қуруқ муҳитларда эса бу кўрсаткич 40°C га етиши мумкин.

Мосламани ишлаб чиққан тадқиқотчиларнинг айтишича, улар АҚШда патент олиш учун ҳужжат топширишган ва тез орада ихтироларидан амалда фойдалана бошланишини интиқиб кутмоқдалар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олимлар энергия сарфламай ҳароратни тушириш тизимини ўйлаб топишди