date

Россия 160 минг мигрант учун киришни қатъий тўхтатди

Россия 160 минг мигрант учун киришни қатъий тўхтатди

Россия 2025 йил бошидан буён 160 мингдан ортиқ чет эл фуқаросининг мамлакатга киришини расман тақиқлагани маълум қилинди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция хизмати Ташқи ва меҳнат миграцияси департаментидаги манбаларга таяниб, РИА Новости хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, олдин кириш тақиқланган бўлса-да, исмини ўзгартириб яна мамлакат ҳудудига киришга уриниб кўрган тахминан 3000 нафар чет эл фуқароси аниқланган ва уларнинг ҳаракатлари фош этилган. Миграция қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар 30 фоизга ошгани ҳам қайд этилмоқда. Бу эса назоратнинг кучайтирилгани, ҳужжатларни текшириш тартиби янада қатъийлашганини кўрсатади.

Шу давр оралиғида Россиядан чиқиб кетишдан бўйин товлаган мигрантлар сони ҳам 2,5 бараварга кўпайган. Ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ жиноятлар 45 фоизга ошган, миграция ҳужжатларини сохталаштириш, тайёрлаш ёки сотиш каби қонунбузарликлар эса 22 фоизга ортган. Бу кўрсаткичлар мамлакатда миграция соҳаси устидан қаттиқ назорат ўрнатилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Йил бошидан буён бозорлар, курув майдонлари, савдо марказлари, меҳмонхоналар ва ётоқхоналарда ўтказилган кенг кўламли текширувлар чоғида 200 мингдан зиёд мигрант назоратдан ўтказилгани маълум қилинди. Мутасаддилар фикрича, бу чоралар мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва миграция қонунчилигига риоя этилишини кучайтиришга қаратилган.

Шу билан бирга, бу йилги рақамлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бироз паст. Масалан, 2024 йил октябрь ойида вазир Владимир Колокольцев йилнинг дастлабки ўн ойида тахминан 180 минг чет эл фуқароси Россияга киритилмаганини маълум қилган эди. 2025 йилда эса шу вақтга қадар 160 мингдан ортиқ фуқаро киритилмади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва вилоятида ўтказилган рейдлар давомида омборлар мажмуасида ишлаган 96 нафар мигрант депортация қилингани ҳақида маълум қилинган эди. Шунингдек, 2025 йил 5 февралидан буён, назорат остидаги шахслар реестри ишга туширилгандан бери, 35 мингга яқин киши иммиграция қонунларини бузгани учун Россиядан чиқариб юборилган.

Россиянинг бу қатъий сиёсатини мутахассислар миграция оқимини тартибга солиш, хавфсизликни кучайтириш ва ноқонуний ҳаракатларга чек қўйиш мақсадида олиб борилаётган комплекс чора-тадбирлар деб баҳоламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Россия 160 минг мигрант учун киришни қатъий тўхтатди