16:12 / 10.02.2019
8 931

Разведка сирлари...

Разведка сирлари...
Разведка давлатлар манфаатларини ҳимоя этишда муҳим рол ўйнаши барчага маълум. Бу махфий ташкилот фаолияти билан қизиқмаган инсоннинг ўзи бўлмаса керак. Шуни ҳисобга олиб биз газетамиз саҳифаларида айнан разведка сирлари билан боғлиқ давомли мақолалар бериб боришга аҳд қилдик. Мақолалар совет давридан то шу кунга қадар разведка ҳаётидаги энг сирли маълумотларни ўз ичига олган.

Асосий сир
Разведкачилар сиёсат аҳлига жуда фойдали ва муҳим махфий хабарларни етказишларига ва бу хабарлар келгусида давлат аҳамиятидаги маълумотга айланишига қаттиқ ишонишади. Аммо сиёсатчилар разведкачи етказган хабардан фойдалана олмасликлари, ёки унга эътиборсизларча муносабатда бўлишларини билишмайди. Ҳақиқатан, кўплаб сиёсатчилар разведкачи етказган маълумот давлат аҳамиятига эга қарорлар чиқаришда наф бермайди деб ўйлашади. Разведкачиларнинг ўзи эса «ўта махфий» номи остидаги маълумотларга ҳурмат билан ёндошишади. Улар маълумотларда олий тафаккур яширин, бундан хабардор одам дунёнинг барча сир-асрорларидан воқиф бўлади дея ҳисоблашади. Афсуски, давлат арбоблари разведка маълумотига нисбатан совуққон муносабат билдиришдан тўхтамайди.

Вадим Александрович ПЕЧЕНЕВ, СССР бош котиби собиқ ёрдамчиси шундай эслайди:
— Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, мен ўз давримда разведка маълумотларининг асосий қисмини ҳатто ўқиб ҳам кўрмаганман. Улар Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат разведка бошқармасидан бўладими, барибир барчаси тортмадан ўрин олган. Сабаби, сиёсий қарорлар чиқаришда, давлат аҳамиятига эга вазифаларни адо этишда разведка маълумоти ҳеч қандай наф бермаслигига ишончим комил бўлган…

Собиқ совет разведкачиси қандай эди?
Разведкачилар совет даврида ҳам ҳарбий кийимда юрмаган. Бир-бирларига ҳарбий унвонларини айтиб мурожаат этмаган. Шунга қарамай, ҳарбий тизим разведкачига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Яъни, разведкачи ҳам раҳбар буйруғини муҳокама қилиш, ё бу буйруққа шубҳа назари билан қарашга ҳақли эмасди. Тўғри, агар раҳбар ақлли бўлса, шубҳа ва муҳокамаларни рағбатлантирарди. Акси бўлса, қатъиян тақиқлашдан нарига ўтмасди. Мана шу нарса кўп ҳолларда разведкачига давлат аҳамиятига эга вазифаларни бажаришда жиддий халал берарди.

Масалан, ҳарбийлар орасида урфга айланган «Муҳокама этилмасин!» деган буйруқ разведкада умуман мақтовга сазовор саналмаган. Афсуски, баъзи резидентлар шу буйруққа жон жаҳди билан ёпишар, қўл остидагиларга буйруқни ёзма ва оғзаки тарзда такрорлашдан чарчамасди. Агар қўл остидаги қайсидир офицер буйруқни адо этмаса, ёки унга шубҳа назари билан қараса, буйруқни муҳокама қилишга киришса, махфий маълумотни пойтахтга етказиш бахтидан мосуво бўларди. Атайин бу ишни резидентнинг ўзи амалга оширарди.

Резидент тутаётган ишдан, унинг буйруқларидан норози бўлган, бир сўз билан айтганда, раҳбари билан келиша олмаётган офицер меҳнат таътилига чиқишини кутиши шарт эди. Шундагина у уйга келиб, пойтахтдаги раҳбарлар қабулига кириш, резидент устидан арз қилиш имконига эга бўларди. Резидент устидан арз қилувчи офицерларни эса пойтахтдаги раҳбарлар сира ёқтиришмасди. Мен шундай воқеаларни биламан. Резидент устидан шикоят қилиб келган офицерни марказдагилар кутилмаганда эгаллаб турган вазифасидан озод этишган-у, пойтахтга чақириб, энг паст лавозимларда ишлашга мажбур қилишган.

Оқим билан бирга оқишни хоҳламаган, ҳақиқатни юзага чиқаришга уринган, марказга фақат ўз кўзлари билан кўрган, ўзи билган маълумотларни юборишга бел боғлаган резидентлар ҳам ўзлари истаган омадга эриша олишмаган. Нега деганда, етказилган маълумот марказдагилар тасаввури билан мос келиши лозим эди.

Масалан, совет қўшинларининг Афғонистонга олиб кирилиши, шу билан боғлиқ ишларга тўхталсак. Афғонистонда фаолият кўрсатган разведкачилар бу мамлакатдаги бор ҳақиқатни сирли равишда марказга етказган. Аммо бош котибга маълумот ўта юмшоқлаштирилган, силлиқланган кўринишда олиб кирилган.

Жуда узоқ вақт Шарқий Германиядаги разведка ташкилоти Москвага қаёқдаги бўлар-бўлмас хабарларни етказиш билан шуғулланган. Ваҳоланки, бу мамлакатда хавфсизлик хизматидан ташқари, бош разведка бошқармаси штаби, ҳарбий қўшинлар разведка гуруҳи ходимлари биргаликда фаолият юритишган. Германиядаги ҳар бир махфий иш советлар учун муҳим ҳисобланган. Бахтга қарши шу қадар кучли ва юқори салоҳиятга эга ҳисобланган разведкачилар марказга Германия демократик республикаси қачон ва қай вазиятда тугатилиши ҳақида ҳеч қандай хабар етказа олишмаган. ГДР тугатилгандан кейингина разведкачиларнинг пайтавасига қурт тушди ва улар ҳар куни эрта тонгда бу мамлакатдаги вазият ҳақида маълумот бера бошлашди. Лекин ҳар гал муваффақиятсизликка учрайверишди.

Бир ҳақиқатни айтиб ўтишим лозим. Разведка маҳкамасидагиларнинг асосий қисмини консерваторлар ташкил этади. Бу ташкилотда либераллар деярли кўзга ташланмайди. Кўзга ташланганлари ҳам ўз сиёсий мулоҳазаларини жуда эҳтиёторлик билан тилга кўчиришади. Чунки улар билишади, маҳкамада тарафдорлар деярли йўқ.

Хўш, разведка президентнинг кайфиятига қандай таъсир кўрсата олади? У мамлакат тўрт томондан душман қуршовида экани ҳақида президентга тўғридан тўғри маълумот бера оладими? Йўқ, ундай эмас. Чунки бу каби разведкачилар аллақачон эгаллаб турган вазифасидан бўшатилган. Мен шахсан суҳбатида бўлган разведкачиларнинг айтишича, ҳар бир махфий маълумот алоҳида текширувлардан ўтади. Бунгача президентга олиб кирилмайди. Сабаби, разведка ёлғон ёки ҳақиқатдан анча узоқ маълумотни президентга тақдим этишга ҳақли эмас. Бу кўплаб юқори лавозимли генералларни келгусида мавқеидан маҳрум этиши мумкин. Ҳукумат раҳбарлари худди шундай фикрлашади.

Собиқ совет разведкасининг пайдо бўлиши
ЯКОВ ДАВТЯН. 169- СОНЛИ БУЙРУҚ

Советлар разведкаси контрразведка ва сиёсий полициядан сўнг уч йил ўтиб ташкил этилган. Яъни, ҳукумат тўлиқ советлар қўлига ўтгач, улар мамлакат учун разведка зарурлигини англаб етишган.

1920 йил апрелида ҳарбий контрразведка (ВЧК) таркибида янги бўлим — хориж бўлими пайдо бўлди. Бўлим йўриқномасида айтилгандики, советлар ҳар бир хорижий давлатда ўз резидентурасига эга бўлиши шарт. Разведкачилар ўша мамлакатда хизмат қилишади. Лекин резидент кимлиги фақат хориждаги дипломатик ташкилот раҳбаригагина маълум қилинади.

1920 йил 12 декабрида кўплаб жазо ташкилотларининг асосчиси Феликс Эдмундович Дзержинский ҳукумат раҳбарияти номига шундай мактуб йўллади:

— Менинг имзоим остида махфий буйруқ чиқаришга рухсат беришингизни сўрайман. Токи ВЧК даги ҳеч бир бўлим менинг розилигимсиз хорижга агент, вакил, хабарчиларини йўллай олмасин. ВЧК қошида хориж бўлимини ташкил этинг ва хорижга юбориладиган агентлар фақат шу бўлим орқали расмийлаштирилсин…

Фуқаролар уруши поёнига етгач, сиёсий бюродагилар ўзга давлатда қандай воқеалар содир бўлаётгани билан қизиқа бошлашди. Хўш, ўзга давлатлар советларга қарши ҳужумга тайёрланмаяптими? Шуни ҳисобга олиб Дзержинский 1920 йил 20 декабрида ўзининг 169- рақамли буйруғини эълон қилди. Буйруқ қуйидаги бандлардан иборат эди:

1. ВЧК таркибидаги махсус бўлим тугатилиб, ўрнига хориж бўлими ташкил этилсин.
2. Махсус бўлимга тегишли бўлган барча ходим ва жиҳозлар хориж бўлими ихтиёрига берилсин.
3. Хориж бўлими Менжинскийга бўйсундирилсин.
4. Хориж бўлимига Яков Христофорович Давидов (Давтян) вақтинчалик раҳбар этиб тайинлансин ва у бир ҳафта ичида хориждаги штатлар рўйхатини Президиумга тақдим этсин.
5. Буйруқ кучга кирган кундан хориж билан боғлиқ барча турдаги алоқалар хориж бўлими орқали амалга оширилсин.
Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Разведка сирлари...