date

Фарруҳ Сайфиев: Эронни енгаётганимиз меҳнатимиз самараси

Фарруҳ Сайфиев: Эронни енгаётганимиз меҳнатимиз самараси

Эронга қарши ўтган кескин ва юқори темпдаги ўйиндан сўнг, Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Фарруҳ Сайфиев журналистлар билан мулоқотда ўз таассуротларини баҳам кўрди. Унга кўра, жамоа нафақат натижа, балки ўйин сифати жиҳатидан ҳам мухлисларни хурсанд қила олди.

Фарруҳнинг айтишича, терма жамоа майдонда ўзини эркин ҳис қилди ва рақибга қарши ишонч билан ҳаракат қилди:

"Учрашувни яхши ўтказдик, ўйлайманки, мухлислар ёқтирган ўйинни намойиш этдик. Ғалаба билан ҳаммани табриклайман", — деб таъкидлайди ҳимоячи.

“Эрон бизга 10 йил аввал имконият қолдирмасди”

Журналистлар Эрон билан бундан аввалги йиллардаги тўқнашувлар ва ҳозирги ҳолат ўртасидаги катта фарқни эсга солишди. Фарруҳ Сайфиев бу борада жамоанинг кўп йиллик меҳнати ҳамда ўсиш жараёнини асосий омил сифатида кўрсатди:

"Ўша пайтларда Эрон бизга жуда катта босим ўтказарди, ўйинда кўтарилиб ҳам улгурмасдик. Ҳозир эса вазият бутунлай ўзгарди — қийналмай ўйнаяпмиз, кучли рақибга қарши устунлик қилаяпмиз. Бу бежиз эмас, йиллар давомида кучли меҳнат қилдик. Жаҳон чемпионатига чиққанимиз ҳам шу саъй-ҳаракатлар натижаси. Эрон ҳам энди бизни жиддий рақиб сифатида кўра бошлади”, — дейди у.

Каннаваро ҳимоячиларга алоҳида эътибор қаратаяпти

Фарруҳнинг айтишича, жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро ҳар бир футболчи билан бевосита мулоқот қилиб, индивидуал равишда тушунтириш бермоқда. Айниқса, ҳимоячилар билан олиб борилаётган ишларни у жуда юқори баҳолади:

"Машғулотларда у бизга кўп нарса ўргатяпти — тўп билан олдинга чиқиш, ҳужумни тузиш, позицияда тўғри туриш. Каннаваро ўзи ҳимоячи бўлгани учун бу борада жуда катта тажрибаси бор. Жаҳон чемпионатигача ҳали вақт бор, кўп нарсани ўрганишга улгурамиз", — деди Сайфиев.

Ҳимоячига кўра, жамоа тараққиётни тўхтатмасдан, ҳар бир ўйинда ўзига талабни ошириш ниятида. Мухлислар эса бу ўзгаришларнинг амалдаги натижасини майдонда кўриб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Фарруҳ Сайфиев: Эронни енгаётганимиз меҳнатимиз самараси