07:57 / 11.03.2019
15 858

Ғаройиб ҳодисалар изидан: “Нариги дунёнинг сирлари…”

Ғаройиб ҳодисалар изидан: “Нариги дунёнинг сирлари…”
Тиббиётда ҳам баъзан дунёни ларзага солувчи ҳодисалар бўлиб туради. Колумбиялик 82 яшар кампир Медельин Хулиана Менендес тўртинчи марта нариги дунёдан қайтиб, барчани лол қолдирган…

ЎТА МАХФИЙ
Бу албатта жаҳон рекорди деб бемалол айтиш мумкин. Чунки шу кунга қадар ҳеч ким Хулиана кампирга ўхшаб қайта-қайта тирила олмаган. Тирилган бўлса ҳам тўрт маротаба эмас…

Кампир азалдан инфарктдан азоб чекар, лекин ҳар сафар комага тушганда, врачлар ёрдамида, қолаверса, омад туфайлими, яна ўзига келаверарди. Охирги юрак хуружидан кейин ҳам шундай бўлди. Ҳозир кампир тинимсиз журналистларга интервью бериб, нариги дунёда кўрганларини ҳикоя қилиб ётибди.

Унинг айтишича, ўлган одам жуда тинч ҳолатда бўларкан. Қулоқлари остида жуда ёқимли бир куй таралиб тураркан. Баъзилар қандайдир ерости йўли ҳақида гапиришади. Унақанги нарса бўлмасмиш.

— Мен фаришталарни ўз кўзларим билан кўрдим. — дейди кампир. — Одамлар айтишарди. Фаришталар қанотли бўлишади дейишарди. Бўлмаган гап экан. Уларда ҳеч қандай қанот кўрмадим…

Қолаверса, ҳар бир ўлган одам шу заҳоти жаннатга тушади. Бу жойни, афсуски, сўз билан таърифлаб бўлмайди. Қисқа қилиб айтиш мумкин, жаннатда одам осуда ва ажойиб бир ҳаётни кечиради…

Хитойлик 68 ёшли Мин Дачин ҳам нариги дунёда икки марта бўлиб қайтишга эриша олибди. Биринчи марта автоҳалокатдан кейин бўлса, иккинчи бор ток уриши оқибатида. Иккинчи бор тирик қолгач, у ўз кўзи билан кўрган нарсаларни қоғозга тушириб китоб ҳолига келтиради. Бироқ саксонинчи йилларда бу тахлит китобларнинг нашр этилишига рухсат беришмасди. Шу сабабли ҳам Дачин кутишга мажбур бўлди. Ниҳоят ўтган йили унинг нариги дунё сирлари тўғрисидаги китоби икки миллион нусхада чоп этилиб, одамларда катта қизиқиш уйғотди.

Хитойлик қаҳрамонимизнинг ёзишича, нариги дунёдаги ҳаёт ҳозирги ҳаётимиздан тубдан фарқ қилади.

— У дунё жудаям зерикарли ва қўрқинчли. — деб ёзади Дачин. — Умуман, ўлим ўта оғир иш. Танани тарк этиб кетган руҳ кўплаб оғир синовларга дучор бўлади. Аввало уни соч толаси каби ингичка қил кўприкдан ўтишга мажбур этишади. Кўприкнинг икки ёнида олов. Руҳ билан кўринмас суҳбатдош ўзаро мулоқотга киришиб, ёруғ дунёдаги қилмишлари тўғрисида суриштира бошлайди. Мабодо биртта саволга нотўғри жавоб бериб қўйса, тамом, шу ондаёқ олов қаърига қулаб тушади…

ЎЗ ЖОНИГА ХИЁНАТ
Тўғри, ўлимдан кейинги ҳаёт ҳар бир одамни қизиқтиради. Лекин шу кунгача ҳеч ким тўлиқ жавоб эшитиш бахтига муяссар бўлган эмас. Балки бу сир сирлигича қолиб кетар…

Аммо дунёда нариги дунё билан қизиқувчиларнинг шундайлари бор эканки, улар атайин кома ҳолатига тушишдан ҳам тоймас эканлар…

Масалан, бухарестлик 27 яшар Мауриция Радеску нариги дунёни ўз кўзлари билан кўрмоқчи бўлиб, қўрқмасдан бир халта уйқу дорини ичиб юборди. Ҳушини йўқотаётиб уй эшигини очиқ қолдирди. Хайриятки, врачлар уни ўзига келтиришди. Руҳшуноснинг «Нега бундай қилдинг?» деган саволига Радеску хотиржамгина жавоб қилди.

— Ўтган йили бир дўстим оламдан ўтганди. Шу билан кўришиб ҳол-аҳволини билмоқчи эдим…

Бахтга қарши у дўсти билан учраша олмади. Ўзининг айтишича, қандайдир тошлоқ жойларда дайдий-дайдий яна орқага қайтибди…

Америкалик Мэтью Грэхем Вудс эса, ўртоқлари билан гаров ўйнаб бошини қизиб турган газ плитаси ичига тиқади ва газдан то йиқилиб қолмагунча ҳидлаб тураверади. Унинг нияти ҳам нариги дунёда бўлиб қайтиш эди. Нияти амалга ошмади. Врачлар ўзига келтиришганига қарамай, ҳеч нарсани эслай олмади. Аксинча, жиннихонада даволанишга мажбур бўлди. Ҳозиргача ҳам у жиннихонада. Жуда қўрқоқ бўлиб қолган. Ҳеч нарсага тегина олмайди. Ҳатто, деворга яқин боришга-да қўрқади… Врачларнинг айтишларига қараганда, Вудс комага тушган маҳали нариги дунёда жуда даҳшатли ҳодисаларга рўбарў бўлган.

Ким билсин? Врачлар ҳам ўзларича тахмин қилаверишади. Биз учун эса, яхшиси, ҳеч нарсани билмаслик маъқул.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ғаройиб ҳодисалар изидан: “Нариги дунёнинг сирлари…”