date

Афғонистонда интернет тўлиқ узилди

Афғонистонда интернет тўлиқ узилди

29 сентябрь куни Афғонистон ҳудуди бутунлай интернетдан узиб қўйилди. Бу ҳақда халқаро веб-мониторинг хизмати NetBlocks ўз хулосасини эълон қилди.

“Айни пайтда мамлакатда интернетнинг тўлиқ йўқолиши кузатилмоқда. Эрталаб айрим тармоқлар босқичма-босқич ёпилди, ҳозир эса бу чекловлар телефон хизматларига ҳам таъсир кўрсатмоқда”, — дейилади маълумотда.

NetBlocksнинг қайд этишича, мазкур чора Толибон томонидан “ахлоқсизликнинг олдини олиш” сиёсати билан асосланмоқда. Эслатиб ўтамиз, икки ҳафта олдин ҳаракат интернетга киришни чеклаш нияти борлигини ошкор қилган эди. Мулозимлар бу йўналишда “ахборот эҳтиёжини қондириш учун бошқа алтернатив йўллар яратилади” деган баёнот ҳам берган.

Бироқ мутахассислар бу қарор мамлакатда ахборот эркинлигини янада чеклайди, таълим, тадбиркорлик ва кундалик ҳаётга жиддий зарба беради, деб ҳисобламоқда. Айниқса, онлайн таълим орқали ўқиш имкониятига эга бўлган қизлар ва аёллар учун имкониятлар янада қисқариши таъкидланмоқда.

Халқаро ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Афғонистондаги бу қарорни кескин танқид қилди. Улар буни фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқига қаратилган ҳужум сифатида баҳолашди.

Ҳукумат интернет узилишининг қанча давом этишини ҳозирча очиқламаган. Бироқ кузатувчилар бу сиёсат узоқ муддатга чўзилиши мумкинлигидан хавотирда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистонда интернет тўлиқ узилди