Россия пойтахти Москвада янги ва ноёб ташаббус амалга оширилди — UMMA LEAGUE номли мусулмон футболи лигаси ташкил этилди. Лойиҳанинг асосий мақсади турли мусулмон жамоалари ва мавжуд турнирларни ягона форматга жамлаб, пойтахтда махсус диний мезонларга асосланган футбол мусобақасини йўлга қўйишдан иборат.
Лига раҳбари Ринат Каюмовнинг таъкидлашича, бу мусобақада барча иштирокчилар белгиланган қоидаларга қатъий риоя этиши шарт. Масалан, дресс-код талабларига амал қилиш жорий этилган — аврат жойларини очиш мутлақо мумкин эмас. Шунингдек, майдонда ҳақоратли сўз ишлатишга йўл қўйилмайди. Агар футболчи бундай хатога йўл қўйса, у ё оғоҳлантирилади, ёки бир неча учрашувдан четлатилиши мумкин.
Каюмовнинг сўзларига кўра, ҳозирда лига таркибига 14 та жамоа киради ва уларнинг расмий рўйхатдан ўтказиш жараёни давом этмоқда. Шу билан бирга, лигада мусулмонлар билан бирга бошқа дин вакиллари ҳам қатнашиши мумкин.
Қайд этилишича, мусобақа фақат ҳаваскор футболчилар учун мўлжалланган. Профессионал спортчилар ўйинларда қатнашиш ҳуқуқига эга эмас, аммо улар маслаҳатчи ёки мураббий сифатида жамоалар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!