Bloomberg тарқатган маълумотга кўра, OpenAI ўзининг ChatGPT платформасига ота-она назорати имкониятларини қўшди. Янги функциялар орқали ота-оналар фарзандлари учун айрим хизматларни чеклаш, шунингдек, болаларнинг руҳий ҳолатида стресс белгилари пайдо бўлса, бу ҳақда ўз вақтида хабар олиш имкониятига эга бўлади.
Янги тизим электрон таклиф юбориш орқали фаоллаштирилади. Ота-оналар ундан фойдаланиб, овозли мулоқот режими, тасвир яратиш хизмати ёки аввалги суҳбатларга кириш имкониятини чеклашлари мумкин. Шунингдек, огоҳлантиришлар SMS, электрон почта ёки махсус илова орқали юборилади. Энг муҳими, фарзанднинг шахсий ёзишмалари ота-оналарга етказилмайди.
Мазкур қарор бу йил баҳорида ўз жонига қасд қилган ўсмирнинг оиласи томонидан OpenAI’га қарши берилган суд даъвосидан кейин қабул қилинди. Суд жараёнида компания ўсмир ёзган хабарларида хавфли аломатларни аниқламагани учун танқид остига олинган эди.
Бундан ташқари, OpenAI фойдаланувчиларнинг ёшини аниқлаш тизимини ҳам ишлаб чиқмоқда. Бу келгусида ота-она назорати имкониятларини янада самарали қўллаш ва болалар хавфсизлигини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!