08:15 / 25.03.2019
3 330

Марказий Осиёдаги президентлар қандай титулларга эга?

Марказий Осиёдаги президентлар қандай титулларга эга?
Марказий Осиёдаги айрим давлатлар раҳбарлари нафақат президент, шунингдек, миллат етакчиси, халқ қаҳрамони, тинчлик асосчиси ва орқатоғ ҳамдир.

Қозоғистон
2000 йилда Қозоғистонда «Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти — миллат етакчиси ҳақида»ги қонун қабул қилинган.

Қонунга кўра, қозоқ давлатчилигининг яратилиши бошида турган ва суверен Қозоғистоннинг демократик, дунёвий, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат сифатида равнақ топишига ҳисса қўшган Қозоғистоннинг биринчи президенти элбоши саналади.

Бундан ташқари, биринчи президент — элбоши ўз статусига кўра «Халық қаһарманы» (халқ қаҳрамони) унвонига эга ва унга алоҳида билдирув белгиси — олтин юлдуз ва «Отан» ордени топширилган.

Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти — элбошига унинг тарихий миссияси шарофати билан қуйидаги ҳуқуқлар берилган:
  • Қозоғистон халқига, давлат органларига ва мансабдор шахсларга давлат қурилишининг ўта муҳим масалалари, ички ва ташқи сиёсат ҳамда мамлакат хавфсизлиги бўйича ташаббус билан мурожаат қилиш — бу мурожаат тегишли давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади;
  • Мамлакат учун муҳим масалалар муҳокамаси чоғида парламент ва унинг палаталари, ҳукумат йиғилишларида чиқиш қилиш;
  • Қозоғистон халқи ассамблеясига бошчилик қилиш;
  • Хавфсизлик Кенгашига бошчилик қилиш;
  • Конституциявий Кенгаш таркибига кириш.

Қизиқ факт: давлатнинг ташқи ва ички сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича ишлаб чиқиладиган ташаббуслар биринчи президент — элбоши билан маслаҳатлашилади.

«Биринчи президент — элбоши томонидан президентлик ваколатлари ижро этилаётган даврда у томонидан фонд, шахсий кутубхона ва биринчи президент — элбошининг шахсий архиви тузилади. Биринчи президент — элбошининг шахсий кутубхонаси ва шахсий архиви миллат бойлиги ҳисобланади ва давлат мулки ҳисобида бўлади», — дейилади қонунда.

Дарвоқе, Назарбоев энди биринчи президент — элбошининг кутубхонасида ишлайди. Биринчи президентнинг кутубхонаси Назарбоевнинг фармони билан президентнинг шахсий кутубхонаси ва шахсий архивининг фаолият кўрсатишини таъминлаш, Қозоғистоннинг оёққа туриши ва ривожланиши тарихини ўрганиш, шунингдек, биринчи президент ғоялари ва ташаббусларини мамлакат ичида ва хорижда илгари суриш мақсадида 2014 йилнинг 13 мартида тузилганди.

Президент кутубхонаси ҳақидаги батафсил маълумотни бу ердан ўқишингиз мумкин.

Тожикистон
2015 йилда Тожикистонда ҳам «Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — миллат пешвоси ҳақида»ги қонун қабул қилинган.

Мазкур қонунга кўра, тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — миллат пешвоси сифатида Тожикистон халқи олдидаги улкан ва мислсиз хизматлари учун президент Имомали Раҳмон муносиб деб топилган.

Қонунда ёзилишича, тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — миллат пешвоси Тожикистон давлати ва халқи олдидаги ўзининг мисли кўрилмаган тарихий хизматлари учун умрбод қуйидаги имтиёзларга эга:
  • Тожикистон халқига, давлат органларига ва мансабдор шахсларга давлат қурилиши, мамлакат хавфсизлиги, ички ва ташқи сиёсатга оид муҳим масалалар юзасидан мурожаат қилиш ва бу мурожаатлар давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқилиши мажбурий;
  • Кўрилаётган масалалар бўйича парламентнинг Миллий мажлис (Сенат) ва Намояндалар мажлиси (қонунчилик палатаси) қўшма йиғилишлари, ҳукумат йиғилишлари ва Хавфсизлик кенгаши йиғилишларида қатнашиш ва чиқиш қилиш;
  • Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий танглик юзага келган ҳолатларда маслаҳат ва тавсиялар бериш, уларни ҳал қилишда ёрдам бериш.

Эътибор қилинг, тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — миллат пешвоси дахлсизлик ҳуқуқига эга. У Олий Кенгаш раиси, президентлик ва тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — миллат пешвоси ваколатларини бажариш чоғидаги ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилмайди.

«Тожикистон Республикаси президенти ваколатларини бажариш даврида тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — миллат пешвоси томонидан музей, кутубхона ва тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — миллат пешвоси архиви яратилади», — дейилади қонунда.

Туркманистон
Расман иккита титул — миллат етакчиси ва орқатоғ титулларига эга Бердимуҳамедовнинг аллақачон жуда кўплаб мукофот ва унвонлари ҳам бор.

ОАВ маълумотларига кўра, у жаҳоннинг бир қатор университетлари ва академияларининг фахрий доктори ва академиги унвонларини олган, Туркманистон иқтисодиёт фанлари доктори, Фанлар академияси академиги унвонини қўлга киритган. Турли даврларда Туркманистон ва жаҳоннинг бошқа давлатларининг кўплаб энг олий орденлари ва медалларига сазовор бўлган.

2011 йилнинг 25 октябрида мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги нишонланаётганда Бердимуҳаммедовга Туркманистон қаҳрамони унвони ва «Олтин ой» олтин медали тақдим этилган. 2009 йилнинг июнида Ашхободда Бердимуҳаммедов музейи очилган. 2015 йилнинг июнида эса шаҳар марказидаги янги истироҳат боғига «Орқатоғ» номи берилган.

Лекин Туркманистонда ҳозирча «Миллат етакчиси ҳақида» ёки «Орқатоғ ҳақида»ги қонунлар қабул қилинмаган.

Ўзбекистон
1994 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлган. У шунингдек «Мустақиллик» (1996) ва «Амир Темур» (1997) орденлари билан ҳам мукофотланган.

Ўз чиқишларидан бирида Ислом Каримов шундай деган:

«Биз ноёб ва такрорланмас табиатига, меҳнаткаш ва сахий халқига эга ажойиб мамлакатда яшаяпмиз. Ҳар кимга ҳам бундай мамлакатда туғилиш ва яшаш бахти насиб қилавермайди. Бундай бахтга муносиб бўлиш, Ватанига, халқига садоқат билан хизмат қилиш барчамиз учун чиндан ҳам олий бахт ҳисобланади. Ҳаётимнинг бутун мазмунини мен буюк халқимга унинг бахти ва равнақи йўлида фидокорона ва сидқидилдан хизмат қилишда деб биламан».

Нима бўлганда ҳам, ўзбекистонликлар сўнгги йилларда миллат етакчиси, орқатоғ, тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — миллат пешвоси ҳақида эшитишмаган. Давлат раҳбари конституция бўйича оддийгина — президент деб аталади.

Қирғизистон
2017 йилнинг 24 ноябрида Қирғизистон президенти лавозимини 2017 йилги сайловларда ғалаба қозонган Сооранбай Жээнбеков эгаллаган. Амалдаги президентнинг ваколатлари 2023 йилнинг 24 ноябрида тугайди.

Шу кунгача мустақил Қирғизистон тарихида мамлакат президенти сифатида беш киши ишлаган (икки кунгина президент вазифасини бажарувчи Ишенбай Қадирбеков ҳисобга олинмаса).

Қирғизистоннинг замонавий тарихида миллат етакчилигига бирор бир шама ҳам бўлмаган.
Улуғбек Акбаров

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Марказий Осиёдаги президентлар қандай титулларга эга?