Суперлига 25-туридан ўрин олган “Андижон” — “Шўртан” (4:3) беллашуви нафақат голлар сони, балки жонли вазиятлар, драматик бурилишлар билан ҳам ёдда қолди. Учрашувдан сўнг “Андижон” бош мураббийи Максим Шацких матбуот анжуманида жамоа ўйини ва футболчиларнинг ҳолати ҳақида фикр билдирди.
— Ўйлайманки, бугунги беллашув томошабинлар учун ҳақиқий байрам бўлди. Мен доимо айтаман — биз мухлислар учун ўйнаймиз. Еттита гол, пенальти, хавфли зарбалар, кураш — барчаси бор эди. Мураббий учун эса бу турдаги ўйинлар осон бўлмайди, чунки ҳар дақиқада юрак уриб туради, сочинг ҳам оқаради. Лекин мухлислар хурсанд бўлиб уйга қайтса — биз ғалаба қилдик, дегани, — деди Шацких.
Мураббий Усмонали Исмоналиевнинг икки голли ўйини ҳақида ҳам тўхталди:
— Унга олдиндан қанотда фаолият юритишини айтгандим, лекин зарурат бўлса марказга ўтиши мумкинлигини ҳам тушунтирдим. Исмоналиев бугун икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди ва жамоа ғалабасига катта ҳисса қўшди. Бу натижа унинг меҳнати меваси, — деди у.
Шацких Суннатилло Ҳамиджонов ҳақидаги саволга жавоб берди:
— Мен унда босим бор деб ўйламайман. Илк дақиқаларда ўзини йўқотди, лекин бу ҳар бир футболчининг бошидан ўтади. Суҳбатлашамиз, вазиятни таҳлил қиламиз. Унинг ҳолати тўғри йўлга қўйилади.
Ҳимоячилар ўйини ҳақида ҳам мураббий очиқ гапирди:
— Учта гол ўтказган эканмиз, ҳимояда идеал ўйнадик деб бўлмайди. Аммо ҳеч кимни айбламайман. Бизда фақат “ҳамма ҳужум қилади, ҳамма ҳимояланади” деган қоида бор. Учала голни ҳам, аслида, ўз хатоларимиз билан келтирдик, — деди у.
U-21 жамоасига ўтказилган Абдуғаниев ва Соҳибжонов ҳақида эса қуйидагича изоҳ берди:
— Улар бугунгина ўтказилгани йўқ. Сабаблар бор. Асосий жамоада ўйнаш учун меҳнат қилиш керак. Биз ёшларни доим кузатиб борамиз. Машғулотларда ўзини кўрсата олганлар албатта асосий таркибда имконият олади.
Шунингдек, Шацких жароҳат олган футболчилар ҳолатига ҳам тўхталиб ўтди:
— Ислом Маматказин эндигина индивидуал машғулотларни бошлади, ҳеч қандай жиддий муаммо йўқ. Зотеев эса умумий тайёргарликка қайтди, эҳтимол, 22 октябрдаги ўйинда захирада бўлади, — деди мураббий.
Шацких сўзларига кўра, жамоа ривож йўлида боряпти, муҳими — ишқибозлар “Андижон” ўйинларидан завқ олмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!