13:38 / 14.04.2019
3 614

Суданда энг узоқ ҳукм сурган диктаторнинг ағдарилиши тафсилотлари (фото)

Суданда энг узоқ ҳукм сурган диктаторнинг ағдарилиши тафсилотлари (фото)
Апрель ойи бошида Африка шимолидаги бирваракайига учта давлатда сиёсий-ҳарбий инқироз янги босқичга чиқди.

Дастлаб, 2 апрель куни Жазоир президенти Абдулазиз Бутафлиқа ушбу лавозимдаги 20 йиллик фаолиятидан сўнг истеъфога чиқишини эълон қилди. Унинг истеъфоси бир ойдан бери давом этаётган, у бешинчи маротаба президентлик сайловида ўз номзодини қўйишини эълон қилганидан кейин бошланган кўп минг кишилик норозилик намойишлари фонида рўй берди. Эндиликда ҳудуди жиҳатдан Африканинг энг йирик давлатини 4 июлда бўлиб ўтадиган сайловгача парламентнинг юқори палатаси раиси Абдулқодир Бинсалоҳ бошқариб туради.

82 ёшли Бутафлиқа ҳокимиятдан кетганидан икки кун ўтиб, 4 апрелда Жазоирнинг қўшниси Ливияда 75 ёшли фельдмаршал Халифа Ҳафтар ўз армияси билан пойтахт Триполига юриш бошлади. У 2011 йилда Муаммар Қаззофийнинг ўлдирилишидан кейин иккига ажралиб қолган мамлакатни бирлаштириб, фуқаролар урушига чек қўйишни даъво қилмоқда. Давлатни марказлаштириш йўлида у миллий келишув ҳукуматини ҳарбий йўл билан ағдаришни мақсад қилган ва узил-кесил ғалаба қозонмагунга қадар чекинмоқчи эмас. Ҳафтар анча вақтдан буён шундай амалиёт бошлаш билан таҳдид қилиб келарди ва ҳозир ҳам музокаралардан бош тортмоқда.

«Триполини озод этиш операцияси» давом этаётган бир пайтда Ливиянинг бошқа бир қўшниси – Суданда 11 апрель куни давлат тўнтариши содир бўлди. Мамлакат армияси исён кўтариши оқибатида президент Умар ал-Башир ҳокимиятдан ағдарилди ва уй қамоғига ташланди. 75 ёшли Ал-Башир 30 йил давомида Суданни бошқариб, Африкада энг узоқ вақт раҳбарлик қилган сиёсатчига айланди. Унинг ўзи ҳам 1989 йилда ҳарбий тўнтариш ортидан ҳокимият тепасига келганди ва мана энди худди шу йўсинда амалдан кетди.

Умар ал-Башир
Фото: REUTERS/Mohamed Nureldin Abdallah

Тўрт ойлик намойишлар ва уч кунлик воқеалар ривожи
Судандаги инқилоб мамлакатда 2018 йил 19 декабрдан бери давом этаётган, 30га яқин шаҳарни қамраб олган кўп минг кишилик норозилик намойишлари вақтида рўй берди. Оммавий акциялар дастлаб нон ва бошқа озиқ-овқат турлари нархини пасайтиришга қаратилган эди, кейинроқ эса намойишчилар президент истеъфосини ҳам талаб қила бошладилар. Бу эса кучишлатар тузилмалар билан тўқнашувларни кучайтирди, улар аҳолига қарши кўздан ёш оқизувчи газ, дубинка ва ўқотар қуроллар қўллай бошладилар – тахминан 50 киши қурбон бўлди. Бу тўқнашувларда армия аҳоли тарафда туриб, намойишчиларни ҳимоя қилди. Кейинроқ Ички ишлар вазирлиги намойишларни бостиришда қатнашмаслигини маълум қилиб, тарқалиб кетди.

Февраль ойига келиб, ал-Башир мамлакатда 20 йил ичида илк марта фавқулодда ҳолат жорий қилишга мажбур бўлди. Инқироздан чиқиш учун юқори мартабали қатор мулозимлар, жумладан барча провинциялар раҳбарлари алмаштирилди. Президент тартибсизликларда мамлакат жанубидаги Дарфур провинциясида жойлашган, Исроил қўллаб-қувватлаши айтиладиган қуролли мухолифатни айблаб, халққа мурожаат билан чиқиш қилди. Аммо бу чоралар уни қутқариб қола олгани йўқ.

Фото: EPA
Пайшанба куни Судан армияси пойтахт Хартумдаги асосий йўл ва кўприкларни эгаллади. Давлат телевидениеси ва радиоси ҳарбийлар назоратига ўтди: ТВда мунтазам равишда ҳарбий маршлар, радиода эса ватанпарварлик руҳидаги мусиқалар янграб турди. Баъзи маълумотларга кўра, ўша куни президент атрофидаги собиқ ва амалдаги мансабдорлардан юз нафарга яқини ҳибсга олинган. Инқилобдан бир кун аввал Умар ал-Башир мамлакатдан қочиб чиқиб кетишга ҳаракат қилган.

Тўнтаришнинг эртасига, 12 апрель куни Судан мудофаа вазири ва вице-президенти Аҳмад Аваз ибн Ауф қасамёд келтириб, мамлакатнинг вақтинчалик раҳбарига айланди. У ўтиш даври ҳарбий кенгаши раиси лавозимини эгаллади. Ушбу кенгаш Суданда вазият барқарорлашмагунча давлатни идора қилади. Бунга эса, ҳарбийларнинг фикрича, 2 йил вақт талаб этилиши мумкин.

Аҳмад Аваз ибн Ауф / Фото: Reuters
Инқилоб халқ ишончини қозона олдими?
Ҳарбийлар Вазирлар Маҳкамаси ва Миллий кенгашни тарқатиб юборишган. Мамлакатда уч ойлик фавқулодда ҳолат, икки йиллик ўтиш даври эълон қилинган. Аваз ибн Ауф конституция ҳам амал қилишдан тўхташи ҳақида маълум қилиб, эрталабки соат 4:00дан кечки 22:00гача комендантлик соати жорий қилганди. Бу эса норозилик акцияларига тақиқни билдиради, лекин намойишлар давом этмоқда: суданликлар ҳарбийларнинг янги ҳокимиятини тан олишмаяпти. Улар Аваз ибн Ауф ва унинг тарафдорларини ҳам ал-Башир режимининг давомчиси сифатида кўришмоқда.

Шундай шароитда намойишчилар ва армия ўртасида тўқнашувлар келиб чиқиши хавфи ошмоқда. Аҳоли комендантлик соатини писанд қилмай, тунда ҳам уйларидан кўчага чиқишяпти. Кўп ўтмай, ўтиш даври ҳарбий кенгаши раиси Аваз ибн Ауф лавозимини тарк этди. Бу ҳақда қуйироқда маълумот берилади.


Ал-Баширни нима кутмоқда?
ОАВдаги маълумотларга кўра, инқилобдан сўнг дарҳол барча сиёсий маҳбуслар озодликка чиқарилган. Шу билан бирга, ҳарбий кенгашнинг сиёсий қўмитаси раиси Умар Зейннинг маълум қилишича, собиқ президент Умар ал-Башир хавфсиз ҳудудда. У халқаро тузилмалар қўлига, хусусан Халқаро жиноий судга топширилмайди – у Суданда суд қилинади.

Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд 2009 йилда ал-Баширни қўлга олишга ордер берган. У Дарфур провинциясидаги ҳарбий можарони ваҳшийларча бостириб, тинч аҳолини ўққа тутишга шахсан ўзи буйруқ берганликда айбланади. Айбловнинг 7та бандидан 5таси инсониятга қарши жиноятларга, 2таси эса ҳарбий жиноятларга алоқадор.

Таъкидлаш керакки, Суданнинг табиий бойликларга бой жанубий вилояти – Дарфурда 2003 йилда бошланган ҳарбий можаро инсоният тарихидаги энг даҳшатли геноцидлардан бирига олиб келган. БМТ маълумотларига кўра, этник ва сиёсий тўқнашув натижасида 300 мингга яқин инсон қурбон бўлган. Бошқа ҳисоб-китобларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 178258 нафардан 461520 нафаргачани ташкил этади. Ушбу низо давоми сифатида Чадда иккинчи фуқаролик уруши бошланган, 2011 йилда мустақил Жанубий Судан давлати ташкил топганди.

2009 йилда Ҳаага суди ордеридан кейин ўтган ўн йил давомида ал-Башир фақатгина уни судга топширмасликка кафолат берган давлатларгагина сафар қилган.

Тўнтариш ортида ким турибди?
12 апрель куни – инқилобдан бир кун ўтиб, ўтиш даври ҳарбий кенгаши раиси Аҳмад Аваз ибн Ауф ушбу лавозимдан кетишини эълон қилди. Унинг ўрнини Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон эгаллади. Қуруқликдаги қўшинлар собиқ қўмондони ҳисобланувчи ал-Бурхон февраль ойида Судан Қуролли кучлари бош инспектори этиб тайинланган эди.

Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон
Тахминларга кўра, мамлакатда ҳарбий тўнтариш уюштириб, президент ал-Баширни ҳибсга олиш ортида турган шахс ҳам айнан ал-Бурхондир. У ҳақида маълумотлар жуда кам. Ҳарбий кадр сифатидаги карьерасидан ташқари ОАВда мавжуд ягона ахборот шуки, у қишда ал-Баширдан бирор бир провинцияга раҳбарлик қилиш таклифини олганида рад жавобини берган, шу вақтгача ҳеч қачон сиёсатчи бўлишга қизиқиш билдирмаган. Sudan News 365 маълумотига кўра, ал-Бурхон Суданнинг собиқ президентларидан бирининг авлодига мансуб.

Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон бу лавозимга Муҳаммад Ҳамдан Дагло (Ҳамидти лақаби билан машҳур) қўл остидаги тезкор-махсус хизматга таянган ҳолда эришгани айтилади. Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон ва Муҳаммад Ҳамдан Дагло 2013 йилда Судан ҳарбийларининг Ямандаги фаолиятига раҳбарлик қилган, бир-бирларини яхши билишади ва қўллаб-қувватлашади. Мавританиянинг Taqaddum ахборот агентлигининг ёзишича, лавозимдан ағдарилган президент охирги 7 йил давомида айнан Ҳамидтининг махсус кучларига таянган ҳолда ҳокимиятни ушлаб турган; бу хизматга катта маблағ йўналтириб, уни армиянинг бошқа бўлинмаларига нисбатан қудратлироқ кучга айлантира борган. Бу эса армия офицерларининг норозилигини келтириб чиқарган.

Муҳаммад Ҳамдан Дагло
Ҳамидтининг ҳарбий лавозимлардаги фаолияти етарлича узоқ давом этган бўлса-да, Судан халқи уни ҳарбий хизматчи деб ҳисобламайди. Унинг ўзи ҳеч қачон ҳарбий хизматни ўтамаган, ҳарбий кадр саналмайди. Биографиясида эса хорижга туялар савдоси билан шуғуллангани асосий ўрин тутади. Ҳамидти Дарфурда олтин конларига ҳам эгалик қилади. У декабрь ойидаёқ, намойишлар бошланган вақтда халқнинг талабини адолатли деб баҳолагани ва ҳукумат сиёсатини қоралагани ишонилади.

Суданликлар нимадан умид қилишмоқда?
Юқоридаги икки омил – икки шахс суданликларда бироз умид уйғотаётгандек. Яъни биринчидан, Ҳамидтининг ҳарбий соҳа вакили эмаслиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки 1956 йилда мустамлакачилар қўлидан халос бўлган Судан ўзининг 63 йиллик мустақил тарихида бор-йўғи 12 йилни ҳарбий бўлмаган шахслар бошқаруви остида ўтказди. Иккинчидан эса, ўтиш даври ҳокимиятининг янги раҳбари – ал-Бурхоннинг сиёсий амбициялари катта эмас, деб ишонилиши муваққат ҳукумат ҳақиқатан ҳам икки йиллик ўтиш давридан сўнг ҳокимиятни ишончлироқ қўлларга топшириши эҳтимоли юқорироқ, деган хулосани келтириб чиқармоқда.

Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон
Бу икки факторнинг Судан халқига таъсирини шундан ҳам сезиш мумкинки, инқилобдан кейин собиқ мудофаа вазири ибн Ауф ҳокимият тепасига келгани намойишчиларни тинчитмаган, улар янги ҳукуматга қарши ҳам кўчага чиқишда давом этишганди. Аммо бир кун ўтиб, ибн Ауф истеъфога чиқиб, Ҳамидтининг ёрдами билан ал-Бурхон унинг ўрнини эгаллагани олқишлар билан кутиб олинди.

Янги ҳокимият олдидаги вазифалар ўта мураккаб. 2011 йилда Жанубий Судан ажралиб чиққанидан сўнг мамлакат нефть захираларининг катта қисмини қўлдан чиқарди. Шундан буён Суданнинг нефтдан келадиган даромадлари деярли 10 баробарга камайиб кетди. Бюджет харажатлари даромадларидан 5 млрд долларга ошиб кетган. 2018 йилги жиддий халқаро санкциялардан сўнг бир неча ой ичида инфляция даражаси 70 фоизга ошиб кетди. Мамлакат аҳолисининг ярми қашшоқлик ёқасида кун кечиради, энг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги бор. Шу боисдан ҳам декабрь ойида нон нархининг оширилиши халқнинг сабр косасини тўлдириб юборганди ва бу охир-оқибат 30 йиллик диктаторнинг тахтдан кетишига олиб келди.

Шундай шароитда 11 апрель куни Судан армияси 40 миллионга яқин аҳолини боқиш, иқтисодни оёққа турғазиш, халқ ишончини қозонишдек улкан масъулиятни зиммасига олди. Терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатида турувчи, коррупция даражаси бўйича 180 мамлакат орасида 172-ўринда қайд этилган давлат ҳарбийлари бу вазифаларни қай даражада амалга ошира олишини фақат вақт кўрсатади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Суданда энг узоқ ҳукм сурган диктаторнинг ағдарилиши тафсилотлари (фото)