08:33 / 26.04.2019
2 834

Ким Чен Ин Россияга келиш орқали АҚШга «салом йўлладими»?

Ким Чен Ин Россияга келиш орқали АҚШга «салом йўлладими»?
24-25 апрель кунлари дунё сиёсатидаги шов-шувли воқеалардан бири содир бўлди. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россияда бўлди. Ҳар куни ҳам хорижий сафарларга чиқавермайдиган жаноб Ким бунгача фақат Жанубий Корея, АҚШ ва Хитой раҳбарлари билан расман учрашганди. Дунё сиёсатида шов-шувли чиқишлари билан машҳур бўлган Шимолий Корея етакчиси Путин билан биринчи марта кўришди. Ташрифнинг асосий қисми ҳар икки давлат раҳбарининг бир-бирига қилич совға қилиши бўлди. Хўш, Ким Чен Иннинг Россияга ташрифи нимани англатади?

Эҳтиёткор ташриф
Ким Чен Ин камдан-кам хорижий ташрифларни амалга оширади ва ҳар гал ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилади. Масалан, у Трамп билан икки марта учрашган бўлса, ҳар сафар унинг ташрифи вақтидаги юқори даражадаги эҳтиёткорлик машҳур бўлган.

У Вьетнамга ўзининг махсус поездида борганди. Сингапурга эса хитойликлар самолётида учганди. Сингапурда ўтган АҚШ – Шимолий Корея саммитида айниқса эҳтиёткорлик даражаси оширилганди. Чунки, Шимолий Корея етакчиси позеддагина ўзини хавфсиз ҳис қилади, лекин Сингапурга самолётда борганди. Ўшанда Пхеняндан Сингапурга ҳар хил вақтда учта самолёт учган ва уларнинг қайси бири «биринчи лайнер» экани маълум бўлмаган. Хуллас, Ким Чен Иннинг ташрифлари ҳақида кўп ва хўп ёзиш мумкин.

У Трамп билан ҳам учрашув жойини ўзи белгилаганди, Россия раҳбари билан ҳам шундай бўлди. Ким Чен Ин россиялик ҳамкасби билан Владивостокда учрашди. Бу Россиянинг Шимолий Корея билан чегарадош области ва у ерда Шимолий Кореядан тўғри келиш мумкин бўлган темирйўл ўтган. Шу сабаб жаноб Ким Путин билан айнан Владивостокда учрашишга қарор қилди. Бу ҳудуд Путин учун ҳам қулай эди, чунки Россия етакчиси Владивостокдан тўғри Хитойга «Бир макон, бир йўл» форумида иштирок этиш учун учиб кетади. Хитойга Москва орқали учишдан кўра, анча яқин бўлган Владивостокдан учиш қулай.

Қуролдош дўстлар

© Sputnik / Алексей Никольский
Ким Чен Ин ва Владимир Путиннинг бир-бирига совға бериши куннинг «энг қайноқ» воқелиги бўлди. Ҳар икки сиёсатчи бир-бирига қилич совға қилди. Совғалар орасида бошқа нарсалар ҳам бор эди, лекин айнан қиличлар асосий детал эди. Одатда бундай учрашувларда асосий мавзулар ўзаро суҳбат чоғида гаплашилади (Путин ва Ким Чен Ин икки соат давомида ёпиқ мулоқот ўтказишди), лекин мана шундай совғалар ва ҳар хил илмоқли гаплар билан учрашувнинг мақсадини бошқаларга ҳам аён қилишади.

Уларнинг бир-бирига қилич совға қилишлари бир қарашда шунчаки ўхшашликдир, лекин учрашув давомида махсус оркестр чалган мусиқалар орасида «Қилич билан рақс» номли асар ҳам борлигига нима дейсиз? Албатта, давлат раҳбарларининг бундай совға улашишларида аслида ҳеч қандай мақсад бўлмаслиги ҳам мумкин, лекин Владимир Путин ва Ким Чен Иннинг бундай «қурол алмашиши» қайсидир маънода АҚШга йўлланган «салом» бўлишини тахмин қилиш қийин эмас.

Ким Чен Ин ва Трамп охирги марта кўришганда учрашув муддатидан олдин якунланган ва ҳеч қандай келишув имзоланмаганди. Бироқ Шимолий Корея етакчиси Путин билан белгиланганидан ҳам бир соат кўпроқ вақт давомида ёпиқ эшиклар ортида суҳбатлашди.

Трамп Шимолий Корея етакчиси билан учрашишдан олдин уни «семиз картошка», «ракета-одам» деб ҳақорат қилганди. Ўзаро учрашувдан кейин эса Трампнинг жимжимадор таърифлари «У яхши йигит экан» деган хулоса билан ўзгарди. АҚШ етакчиси оддий сиёсий этикага риоя қилмагани сабаб кўпчиликнинг асабига тегаётган бир вақтда кўпчилик агрессорликда айблайдиган Россия етакчиси ҳамманинг кўз ўнгида ўзини сипо тутиб, кетма-кет сиёсий ғалабаларга эришмоқда. Шимолий Корея етакчиси билан «қурол алмашинуви»га ҳам шундай баҳо бериш мумкин. Гўёки, улар океан ортига қараб «Жаноблар, эътиборингиз учун биз қуролдошмиз» дегандек...

Шимолий Корея етакчиси Россияга келиш орзуси бўлганини айтди. У Россияга нафақат орзусини амалга ошириб мамлакат кезиш учун ёки кимгадир «сиёсий салом йўллаш учун», балки конкрет масалалар учун ҳам борган. Масалан, Россияда ўн минглаб шимолий кореялик муҳожирлар меҳнат қилишади. Путин бугунги учрашувда бу масала кўрилишини ҳам айтганди. Яъни, муҳожирларнинг Россияда ишлаш муддатини узайтириш масаласи.

БМТ Шимолий Кореяга қарши қўллаган санкциялар доирасида 2017 йилда барча давлатларга шимолий кореялик муҳожирларни чиқариб юборганини айтган, аммо шимолликлар ҳамон Россияда меҳнат қилишмоқда. Бундан ташқари, Путин Россия Шимолий Кореяда бир қатор иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишни ҳам истисно қилмади. Гап темирйўллар, газ ва нефть ўтказиш йўналишлари ҳақида кетмоқда.

Путин Корея яриморолини ядродан холи ҳудудга айлантириш ҳақида гапирар экан, АҚШни сездирмай танқид қилишга ҳам улгурди: «Бу борада шошиб бўлмайди, аста-секин ҳаракат қилиш керак»,- деди Путин. Россия етакчиси бу билан АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ким Чен билан учрашувда «Ядро дастурларини тезда йўқотиш керак» деганига ишора қилганди. Ким Чен Ин америкалик ҳамкасбининг айнан шу гапидан кейин «тарвузи қўлтиғидан тушган» ва музокараларни муддатидан олдин якунлаганди.

Путин бу учрашувни АҚШ билан муҳокама қилишини айтди: «Бу масалани америкаликлар билан муҳокама қиламиз. Бу борада ҳеч қандай сир бўлиши мумкин эмас. Жаноб Ким Чин Иннинг ўзи АҚШга унинг позициясини етказишимни сўради». Бу ҳам муҳим чиқиш. Ким Чен Ин Россия орқали АҚШга ўз позициясини етказиши ҳам кўп нарсани англатади.

Ҳаяжон...

Фото: epa/vostock-photo
Россиялик экспертлар Ким Чен Ин учрашув чоғида қаттиқ ҳаяжонланганини тахмин қилишди. Қўл ҳаракатлари ва мимика орқали анализ қилувчи махсус экспертларнинг айтишича, Ким Чен Ин Путин билан учрашув чоғида ҳаддан ташқари кўп марта қўлларини ўйнаган ва бу унинг ҳаяжонланганидан далолат. Шимолий Корея етакчиси Путин билан расмий овқатланиш вақтида сўз олар экан қўлидаги қоғозларни бир муддат варақлаб қолгани ҳам экспертлар фикрини тасдиқлайди. Россиялик экспертлар Ким Чен Ин Трамп билан учрашув вақтида ўзини анча эркин тутганини ҳам илова қилишди.

Ҳеч қандай ҳужжат имзоланмади
Путин ва Ким Чен Иннинг ўзаро учрашуви ҳар қанча илиқ кечмасин томонлар ҳеч қандай шартнома имзолашмади. Худди Трамп билан учрашувда бўлгани каби. Аммо бу учрашув Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатлар янада яхшиланишига олиб келиши мумкин. Ким Чен Ин Россия раҳбари билан биринчи марта учрашди. Унинг отаси ва бобоси Россия билан доим яхши муносабатда бўлишган. Шимолий Корея ва Россия раҳбарлари охирги марта 2011 йилда кўришишган. У вақтда Россияни Дмитрий Медведев, Шимолий Кореяни эса Ким Чен Иннинг отаси Ким Чен Ир бошқарарди.

Хуллас, Ким Чен Иннинг Россияга ташрифидан у ҳамкор сифатида АҚШни эмас, Россияни танламоқчи эканини тахмин қилишимиз мумкин...

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ким Чен Ин Россияга келиш орқали АҚШга «салом йўлладими»?