Сурия: Усмонийлардан то Кремл таъсиригача

  • 20 май 2019, 07:13
  • 1 789
  • Дунё
  • Сурия: Усмонийлардан то Кремл таъсиригача
    Сурия – қандайдир маънода аномал (нормадан четга чиққан) жой. Бунинг сабаби узоқ йиллар давомида мавжуд бўлиб келган буюк давлатлар ўртасидаги адоватдир (Рим империясини оласизми ё Форс сосонийларими, Эрдўғон Туркияси ёки Путин Россияси).

    Ҳозирда Суриядаги тўқнашувларда асосан Москва ва Теҳрон фаол иштирок этмоқда, лекин иштиёқмандлар ичида Пекин, Вашингтон, Анқара, Ар-Риёд ва кўплаб кучлар, хусусан, террорчи ташкилот Ал Қоида ва ИШИД ҳам бор.

    Иғвогар ОАВ такрор-такрор бонг уряптики, гўёки Башар Асад ва унинг тарафдорлари урушда зафар қозонишди. Аслида ғалабага ҳали анча бор – ҳозир Сурияда фуқаролар уруши энг қайноқ палласига етиб келди.

    Тўғри, Асад режими ўз позициясида мустаҳкам ўрнашиб олишга улгурди, лекин бу фақат Россия, Эрон ва Хизболла ёрдами билан рўй берди. Уларсиз Асад уруғ-аймоғи бу ергача етиб келмаган бўларди.

    Хўш, Сурия фуқаролар уруши негизида қандай сабаблар ётибди?

    1. Усмонийлар мероси

    16-юз йилликдан бошлаб биринчи жаҳон уруши охиригача Сурия, худди Ироқ ва Арабистон каби, Усмонийлар империяси таркибида эди.

    Сурияда Усмонийлар даврида ҳам қўзғолонлар бўлиб турган. Турклар бу ҳудудни куч билан ушлаб турган. Биринчи жаҳон уруши заиф Усмонийларни янчиб ташлади, салтанат қулади.

    Унинг бўлакларида янги, европаликлар томонидан сунъий равишда тузилган араб давлатлари пайдо бўлдики, шулардан бири қирол Фейсал бошчилигидаги Ҳошимийлар оиласи ҳукмрон қилиб қўйилган Сурия подшолигидир.

    Усмонийлар империяси парчаланишидан кейин 100 йил ўтди ҳамки, Сурияда ҳанузгача усмонийлардан мерос қолган этно-диник муаммолар сақланиб қолмоқда. Сунъий равишда ташкил топган Сурия ҳеч қачон яхлит мамлакат бўлмаган. Бу ерда ягона “сурияликлар” миллати шаклланмади.

    2. Французлар Сурияси

    Сурияда Фейсал I бошлиқ Ҳошимийлар ҳукмронлиги бор-йўғи тўрт ой (1920 йид 11 мартдан 25 июлгача) давом этди ва шундан сўнг мамлакат французлар назоратига ўтди. Сурия қироли Фейсал I мамлакатни ҳеч қанақа жангсиз французларга топшириб, Дамашқни тарк қилди ва қўшни мамлакат Ироқда (1921-1933) тахтга чиқди. Ироқ ҳам британияликлар томонидан сунъий ташкил қилинган давлатдир.

    Французлар Сурияни Миллатлар Лигасининг мандат ости ҳудуди сифатида 26 йил бошқариб келди ва уни фақат 1946 йилда тарк этди. Сурия расман 1941 йилда мустақил бўлган эса-да, 1946 йилда Суриянинг суверинитети қайта тикланди, бу сафар республикача шаклда.

    Французлар бошқаруви Сурияда айтарли ўзгариш қилгани йўқ, ички низолар ҳал қилинмади. Ички ихтилофлар Сурияда 1946-1970 йилларда қатор қўзғолонлар ва бир қонли диктатура бошқасини ўзгартирган давлат тўнтариши билан бирга кечди.

    3. Панарабизм

    1958 йилдан 1961 йилгача бўлган даврда панарабизм ва насризм таъсирида Сурияда ёмон тажриба амалга оширилди – Бирлашган Араб Республикаси (БАР). У Жамол Абдул Наср президентлик бошқаруви остидаги Миср ва Сурия ўртасидаги “биродарлар иттифоқи” эди. Лекин Наср бошлиқ Миср-Сурия панараб давлати дунё юзини кўрмади.

    БАР учун ҳал қилувчи зарба 1961 йил 28 сентябрда бўлди, ўшанда Дамашқда навбатдаги давлат тўнтариши рўй берган ва Насрнинг Сурияни БАР таркибида қолишига ҳар қанча уринишига қарамасдан, иттифоқчи давлат БАР парчаланди.

    Иккинчи жаҳон урушидан кейин тилларда достон бўлган араб национализми ва панарабизм вақти келиб муваффақиятсизликка учради.
    Унга муқобил равишда исломий фундаментализм пайдо бўлдики, унга 1970-1980 йилларда кўплаб суриялик суннийлар юз буришди.

    4. Алавийлар, БААС ва асадлар оиласи диктатураси

    1963 йилда Суриядаги навбатдаги давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятни БААС (Араб социалистик уйғониш партияси) партияси ўз қўлига олди.

    Сурияда ҳокимият тепасига социалистларнинг келишини Москвада жўшқинлик билан кутиб олишди, негаки Иккинчи жаҳон урушидан кейин ташқи сиёсатда Дамашқ Совет Иттифоқи билан алоқаларни ривожлантиришга интилди.

    1966 йилда Салоҳ Жадид (1926-1993) ва Ҳофиз Асад (1930-2000) давлат тўнтариши уюштирди, натижада Жадид президент, Асад эса мудофаа вазирига айланди. Лекин Асад бу билан кифояланмай, 1970 йилда Жадидни “тахт”дан ағдарди.

    Шу тарзда мамлакатда БААС партияси етакчиси алавий Ҳофиз Асад тўлиқ ҳукмронликка эришди. Мамлакатда нисбатан барқарорлик бошланди. У Сурияда ўз оиласи диктатурасини ўрнатди – бу амалда монархиянинг бир шакли бўлиб, бунда отадан кейин тахтга ўғли келади.

    Асад оиласи диктатураси Сурияни 47 йилки қўрқитиш йўли ва махсус хизматлар ёрдамида бошқариб келяпти.
    Ҳофиз Асад даврида мамлакатда шахсга сиғиниш сиёсати олиб борилди, бу кўпроқ ўтмишдаги қадимги Шарқ ва араб мустабидларини эсга солади.

    Аллақачон Ҳофиз ўлимидан олдин ўзига ворис тайинлашга киришди. Бошида унинг танлови акаси Рифат ал Асад (1937 й. туғилган) эди. Лекин Рифат 1983 йилда давлат тўнтариши уюштиришга урингани учун “ворислик”дан маҳрум бўлиб, Суриядан бадарға қилинди.

    Навбатдаги “тахт вориси” сифатида Ҳофиз тўнғич ўғли Басилни (1962-1994) мақул кўрди, лекин у автофалокатда ҳалок бўлди. Шундай бир вазиятда Лондонда кўз шифокорлигига ўқиётган Башар кутилмаганда “ворис шаҳзода”га айланди-қолди.

    5. Ливанга тикилган таваккалчилик

    Ҳофиз Асад даврида Сурия ўз қўшниси бўлмиш Ливаннинг ички ишларига аралашишга аҳд қилди ва Ливан фуқаролар уруши давомида ўлкани 29 йил қамал қилиб турди (1976-2005).

    Гарчи 2005 йилда Ливан бош вазири Рафиқ Харирий ўлдирилган ва Сурияга қарши “кедр инқилоби”дан кейин Сурия ўз қўшинларини олиб чиқиб кетган бўлса-да, Дамашқ Ливанда ўз таъсирини ўрнатиб олди. Бу ҳозиргача қатор араб мамлакатларини аччиғини чиқармоқда.

    Ливанда фаолият олиб борадиган, Теҳрон ва Дамашқ томонидан молиялаштириладиган шиа ҳарбий ташкилоти -“Хизболла” Дамашқ ва Теҳроннинг Ливанга кўрсатадиган таъсир инструменти ҳисобланади. Шунингдек у орқали Исроилга муаммолар яратиш учун ҳам фойдаланилади.

    “Хизболла” Сурияга қанчалик муҳим бўлса, Ливан ҳам шу даражада муҳим.

    6. Кўпмиллатли ва кўпдинли қотишма

    Сурия фуқаролар уруши сабабларидан бири унинг мураккаб тузилган этник ва диний тузилмасидадир.

    Сурияни бошқариб келётган асадлар оиласи диний озчилик бўлмиш алавийларга мансуб бўлиб, улар мамлакат аҳолисининг 15% ини ташкил қилади. Албатта, Асад тарафдорлари ичида суннийлар ҳам, насроний ва бошқа гуруҳлар ҳам мавжуд. Масалан, Башар Асаднинг рафиқаси – Асма ал-Асад – келиб чиқиши сунний, Ҳофиз Асаднинг яқин сафдоши ва узоқ вақт мудофаа вазири бўлган Мустафо Тлас (1932-2017) – сунний мусулмондир.

    Сурияликларнинг асосини сунний араблар (90 %) ташкил қилади. Араблардан ташқари ўлкада туркман, курд, оссуриялик ва черкес, шунингдек друз ва насронийлар ҳам истиқомат қилади.

    Мазкур диний ва этник гуруҳларнинг ҳар бирининг ўз манфаати бор. Масалан, шиалар ва суннийлар, маълумки, душман даражасигача етган. Алавийлар билан боғлиқ энг қийин ҳолат бу – кўплаб суннийлар уларни мусулмон ўрнида кўрмаслигидир, ҳатто шиаларнинг ўзлари ҳам алавийларга салбий муносабатда.

    Ҳокимиятни 1970 йилда алавийлар эгаллаганидан бери суннийлар, насронийлар ва яҳудийлар норозилик кайфиятини туйиб келади. Конституция бўйича Сурия президенти фақат мусулмон бўлиши керак. Айнан шунинг учун ҳам шиа-имомлар алавийликни шиаликнинг бир оқими, деб расман тан олувчи фатво эълон қилишди. Бу эса суннийларни янада аччиғини чиқарди. 1976-1982 йилларда Сурияда қатор Исломий қўзғолонлар бўлиб ўтди, уларни БААС ва алавийларга қарши иҳвонлар-сунний радикаллар уюштирди. Пировардида Ҳофиз Асад армия ва шафқатсиз усуллардан фойдаланиб қўзғолонлар сериясини бостиришга муваффақ бўлди.

    Лекин муаммо ҳеч қаерга йўқолмади, у муаммолигича қолаверди ва натижада БААС партияси ва алавийлар жабр-зулмига қарши рўй бериб турган сунний-мусулмонлар ғалаёнлари 2011 йилга келиб фуқаролар урушига айланди.

    Мақола "Ildiz" каналида ўзбек тилига ўгирилди

    Фикрлар

    » » Сурия: Усмонийлардан то Кремл таъсиригача