date
views 2 150

Йилни оптимист бўлиб якунлашнинг 6 сабаби маълум қилинди

Йилни оптимист бўлиб якунлашнинг 6 сабаби маълум қилинди
Бугунги кунда билдирилаётган турли-туман нохуш прогнозларга қарамасдан АҚШдаги етакчи таҳлил марказларидан бири Atlantic Councilʼнинг ижрочи директори Фредерик Кемпе йилни умид ва кўнгилни тўқ қилиб якунлаш кераклигини маълум қилди.

У бунда машҳур сиёсатчи Уинстон Черчилнинг “Пессимист ҳар бир имкониятда қийинчилик кўради, оптимист эса ҳар бир қийинчиликда имконият кўради” деган маслаҳатига қулоқ солишини таъкидлайди. Америкалик ушбу таниқлик таҳлилчи-эксперт океан ортидаги энг йирик телеканаллардан бири - CNBC учун 2020 йилда оптимист бўлишнинг 6 та сабабини тузиб берди. Эътиборлиси, уларнинг ичидан Ўзбекистон ҳам жой олган. Келинг, шуларга кенгроқ тўхталамиз.

1. Глобал тараққиёт юксаляпти
Дунёда ҳеч қачон бу даражада яхши ҳолат бўлмаган. Зеро, бугунга келиб глобал фаровонлик тарихдаги энг юқори даражасига кўтарилди, дейилади яқинда эълон қилинган Legatum юксалиш индексида. Охирги ўн йилда ушбу кўрсаткич дунёнинг 148 та мамлакатида яхшиланган бўлса, фақатгина 19 тасида қисқарди.

Соғлиқни сақлаш, катталар таълимидан тортиб асосий хизматлар ва молиявий таъминотгача барчаси ижобий томонга ўзгарди.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 1990 йилдан буён ярим миллиарддан ортиқ киши ўта қашшоқлик ҳолатидан чиқди. Пировардида бундай аҳоли қатлами жаҳонда 10 фоизга қисқарди. Гарчи бу ҳам хавотир уйғотса-да, аммо кузатувлар давридан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

2. Илгари унча яхши таассурот қолдирмаган мамлакатлар яхши томонга ўзгариб бормоқда
The Economist ҳар декабрда “Йил мамлакати”ни танлайди ва у жорий йилда Ўзбекистон бўлди. Илгарилари деярли барча рейтингларда пастки ўринларга эгаллаб келган мазкур давлат охирги уч йилда улкан ислоҳотларни олиб боряпти ва янада очиқ, янада эркин бўлиб, янада юксалмоқда.

Омар ал-Баширнинг режимидан қутулган Судан ҳам олдинга қараб катта қадам ташлади. Бу у ерда яқин орада вазият яхшиланишига умид қилиш имконини беради.

3. Инсониятнинг ярми демократик давлатларда яшамоқда
Гарчи мамлакатлар(ҳам ривожланаётган, ҳам кам тараққий топган) ичида нотенглик ўсиб бораётгани хавотирга сабаб бўлса-да, давлатлар ўртасидаги глобал нотенглик пасаяётганига эътиборни қаратиш лозим. Саноат инқилобидан кейин биринчи марта дунё аҳолисининг қарийб ярмини деярли ўрта синф вакиллари деб ҳисоблаш мумкин.

Бундан ташқари, башарият тарихининг аксарият инсонлар нодемократик режимларда яшаган катта қисмидан фарқли равишда бугунги кунда дунё аҳолисининг деярли ярми демократик мамлакатларда истиқомат қиляпти.

4. Урушлар сони камайди
Буюк Британия келгусида йилда Европа Иттифоқидан чиқишга тайёргарлик кўраётган ҳозирги пайтда фаталистлар яна оёққа туришмоқда. Лекин улар Ғарбий Европада уч авлод давомида бирорта уруш ёки можаро бўлмаганини унутишмоқда. Ва бунда ЕИ, шунингдек, Франция ва Германия ўртасида тинчлик ўрнатилиши катта роль ўйнаган.

Хитой ва АҚШ ўртасидаги танглик ўсиб бораётган бўлса ҳам, ҳеч ким урушни хоҳламайди. 1500 йилдан буён давом этаётган дунё тарихи гувоҳлик берадики, жаҳоннинг энг катта иккита кучи ушбу даврнинг қарийб ярмини бир-бирлари билан урушиб ўтказган. Бироқ Иккинчи жаҳон урушидан кейин тарихий тинчлик даври бошланди. Мазкур тенденцияни сақлаш қолиш учун эса айнан шу жиҳатга кўпроқ аҳамият қаратиш керак.

5. Биз янада ақлли ва сабр-тоқатлироқ бўлиб боряпмиз
Билл Гейст Стивен Пинкернинг “Бугунги маърифат” китобидан иқтибос келтирар экан, ҳар ўн йилда IQ(ақл коэффициенти)нинг глобал ўртача кўрсаткичи тахминан 3IQ баллга юксалиб бораётганини таъкидлайди.

Одамлар миллий озчиликка нисбатан бағрикенгроқ бўлиб бормоқда, гендер тенглик ўсяпти, ҳар қандай камситиш ва таҳқирлаш ҳолатлари қораланмоқда, бартарф этилаётир. Ҳатто 10 ёки 20 йил олдин бундай эмас эди.

6. Технологиялар сайёрани қутқариши мумкин
Албатта, сунъий онг кўпчилик сабаблари бўйича қўрқинчли туюлиши мумкин. Шу билан бир қаторда мозийда технологик ўзгаришлар салбий оқибатлардан кўра ижобий ривожланиш олиб келгани ҳақидаги мисоллар кўпроқ. Илғор технологиялар соғлиқни сақлашни яхшилаш ва ҳатто иқлим муаммоларини ҳал этиши мумкин.

Жереми ОʼБрайен Жаҳон иқтисодий форуми учун ёзган мақоласида квантли ҳисоблаш иқлим ўзгаришини углеродни тутиш учун янги катализаторлар очишга қодир бўлган моделлаштириш ёрдамида енгиб ўтиш мумкинлигини эътироф этган. Бу замонавий моделлардан кўра арзонроқ ва самаралироқдир.

Албатта, мувозанатни сақлаш учун 2020 йилдаги пессимизм манбасига айланиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида ҳам ёзиш керак эди. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам Янги йил арафасида оптимист бўлиб қолиш яхшироқдир. Зеро, оптимистлар глобал муаммоларга ечим топишга тайёрдир, чунки улар буни топишларига ишонадилар.

Саиджон МАХСУМОВ
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Йилни оптимист бўлиб якунлашнинг 6 сабаби маълум қилинди