date
views 5 167

Хитойнинг вирус етиб бормаган ҳудуди қолмади. Бошқа мамлакатлар нима қилмоқда?

Хитойнинг вирус етиб бормаган ҳудуди қолмади. Бошқа мамлакатлар нима қилмоқда?
ЖССТ коронавирус глобал эпидемияга айланиши мумкинлигини истисно қилмаяпти
Хитойда Ухань шаҳрида тарқалишни бошлаган коронавирусдан ҳозиргача 170 киши вафот этди, вирусни юқтириб олганлар сони 7711 нафарни ташкил этмоқда, бошқа мамлакатларда ҳам вирусни юқтириб олганлар сони қўшиб ҳисобланганда миқдор 7894 кишига етган.

Вирус Хитойнинг барча ҳудудларини қамраб олди, шу кунгача коронавирусдан четда қолаётган Тибетда ҳам вирус аниқланди. Инфекция Хитойдан ташқари яна 16 мамлакатда қайд этилган.

Ҳозирча Ўзбекистонда вирусдан зарарланиш ҳолати йўқ. Қатор давлатлар Хитой билан чегараларини ёпмоқда, визасиз режимни бекор қилган, кўплаб авиакомпаниялар Хитой билан авиақатновларни тўхтатган. Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати бундай чораларни қўлламади. Ташқи ишлар вазирлиги Хитойдаги, хусусан, вирус ўчоғи бўлмиш Уханда қолаётган ўзбекистонликлар билан доимий алоқада бўлиб турибди, мамлакатдаги барча чегара пунктларида, жумладан, аэропортларда қатъий назорат ўрнатилган.

Круиз лайнери
Пайшанба куни Италия ҳукумати бортида 6 минг йўловчи бўлган «Коста Смеральда» круиз лайнерини эҳтимолий коронавирус таҳдиди сабабли Рим яқинидаги Чивитавеккя портида тўхтатиб, ёпиб қўйди. Кемадаги барча йўловчилар қирғоққа чиқиши тақиқланган.

Ичида 6 минг киши бўлган круиз лайнери коронавирус хавфи туфайли блоклаб қўйилди / REUTERS
Круиз лайнери бортида бўлган хитойлик жуфтликда иситма кузатилган ва нафас олиш йўлларида муаммолар юзага келган, шу муносабат билан уларда коронавирус бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида текширувлар олиб борилмоқда. Бу тақиқ хитойлик йўловчиларнинг ташхис натижалари чиққунига қадар амалда бўлади.

Рейтер нашрининг ёзишича, хитойлик жуфтлик 25 январь куни Италияга келган ва шу куни «Коста Смеральда»га чиққан. Уларда юқори ҳарорат кузатилган ва ва нафас олиш билан муаммолар бўлган; ҳозирда улар кемадаги санитар изоляторга жойлаштирилган. Круиз лайнери бунгача Марсель, Барселона ва Мальорка шаҳарларида бўлган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус тарқалиши жадаллашгани сабабли фавқулодда қўмитасининг махсус йиғилишини чақиртирган. Йиғилиш ташкилотнинг Женевадаги бош қароргоҳида бўлиб ўтади.

ЖССТ директори Тедрос Аданом Гебреисус ташкилотдагилар вирус Германия, Вьетнам ва Японияда Хитойга бормаганларга ҳам юққанидан ташвишдалигини билдирган.

«Хитойдан ташқарида бу вирус одамдан одамга юқиши билан боғлиқ ҳолатлар жуда кам бўлса ҳам, глобал эпидемия юзага келиши хавфи мавжуд», - деган у.

GETTY IMAGES
Айримлар Хитой ҳукуматини инфекция билан курашни шаффоф олиб бормаётганликда айблаб танқид қилаётган бўлсада, ЖССТ мамлакатда қўллаган чораларни мақтаган. ХХР раиси Си Цзиньпин вирусни «иблисона» деб атаб, бу вирус мағлуб этилишини ваъда қилган.

«Мен бунга ишонаман, биз вирусни, албатта, енгамиз. Фақатгина ишониш керак, чунки биз бир қайиқда бўлганимиз учун илмий усулларни ва аниқ самарали чораларни қўллаймиз», деган у ЖССТ директори билан учрашув вақтида. У эпидемия билан боғлиқ вазиятни шахсан ўзи кузатиб бораётганини таъкидлаган.

Маркази Ухань бўлган Хубэй провинциясида ташкилотлар ходимлардан карантин вақтида уйдан туриб ишлашни сўраган.
Хитой футбол ассоциацияси 2020 йилги мавсум ўйинлари бошланиши кечиктирилганини эълон қилган.

Кўплаб халқаро авиакомпаниялар Хитойга парвозларни кескин қисқартирган ёки бутунлай тўхтатган, Google, Starbucks ва Tesla каби компаниялар бу мамлакатдаги дўконларини ёпган ва фаолиятини тўхтатган.

Хитойда эпидемия бошланганидан буён бу вирусни юқтирганлар сони 2002-2003 йилларда кузатилган атипик зотилжам (SARS - бу ҳам коронавирус) эпидемияси вақтида зарарланганлар сонидан ошиб кетган.

Бошқа давлатлар нималар қилмоқда?
Бир қанча давлатлар Уханни тарк этишни истаган фуқароларини олиб кетмоқда.

Чоршанба куни эвакуация қилинган японияликлар чиққан биринчи самолёт Токиога келди / AFP
  • Сўнгги кун ичида Токиога Ухандан икки самолёт учди, ундаги йўловчилар текширув ўтказиш учун дарҳол шифохонага олиб борилган. Япон нашрлари маълумотига кўра, йўловчиларнинг уч нафарида вирус аниқланган.
  • 200 нафарга яқин америкалик Ухандан АҚШга учди, Калифорниядаги базалардан бирида уларда инфекция бор-йўқлиги текширилади.
  • Ўз фуқароларини Ухандан олиб кетишни истаган Британия ва Жанубий Кореядан келган рейслар эса Уханда ушланиб қолган, Хитой ҳукумати ҳозирча уларга мамлакатни тарк этишга рухсат бермаган.
  • Британия ҳукумати олиб келинадиганларнинг барчаси икки ҳафта давомида махсус карантинга жойлаштирилишини маълум қилган.
  • Австралия эса карантин ҳудуди сифатида материк чегараларидан 2 минг километр узоқликдаги Рождество оролини танлаган.

Кўплаб давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам ўз фуқароларига Хитойга бормасликни тавсия қилмоқда.

Коронавирус нима?
Вирус Ухандаги денгиз маҳсулотлари бозорида тарқалган деб ҳисобланмоқда. 11 млн киши яшайдиган ушбу шаҳар инфекция ўчоғига айланди, ўлим ҳолатларининг аксари шу шаҳарга тўғри келмоқда.

Вирус инсондан инсонга юқади, вирусдан зарарланганларнинг аксари сўнгги бир ой ичида Уханда бўлган ва у ердагилар билан яқин алоқага киришганлардир.

Ҳозирча вирусга қарши вакцина йўқ, аммо вирусни юқтирганлар оғир аҳволда эмас, иммунитети кучли бўлганлар осонлик билан соғайиб кетмоқда.

Ҳозирда тўлиқ куч билан одамларни вирусдан ҳимоялайдиган вакцина яратиш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Калифорниядаги лабораториялардан бирида клиник синовлар учун вакцина тайёрланмоқда.

Аммо коронавирус ўткир респираторли инфекция келтириб чиқариши ва ўлимга олиб келиши мумкин. Асосан кексалар ва бошқа касаллик туфайли иммунитети кучсизланган беморлар ушбу вирус юқиши оқибатида ҳалок бўлмоқда.

Вирусдан қандай ҳимояланиш мумкин?
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавирусга чалинмаслик учун нималар қилиш кераклиги борасида қуйидаги тавсияларни берган:
- қўлларингизни совун ва сув ёки спиртли аралашма билан ювинг;
- йўталганда ёки акс урганда оғзингиз ва бурнингизни тиббий ниқоб, салфетка, енгингиз ёки букилган тирсагингиз билан тўсинг;
- шамоллаш ёки грипп аломатлари бўлганлар билан ҳимояланмаган алоқада бўлишдан узоқлашинг ҳамда сизда иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳолатлари пайдо бўлганида тиббий ёрдам олиш учун мурожаат қилинг;
- тирик маҳсулотлар сотиладиган бозорда бўлганингизда жониворлар ҳамда улар тегиши мумкин бўлган воситаларга ҳимояланмаган ҳолда тегинишдан эҳтиёт бўлинг;
- таомни, айниқса, гўштни астойдил пиширинг.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойнинг вирус етиб бормаган ҳудуди қолмади. Бошқа мамлакатлар нима қилмоқда?