
Ҳозирга қадар қарийб 150 кишидан 21 000 доллар миқдорида маблағ йиғилди. Бироқ бу ҳали давом этади. Йиғилган маблағлар “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиб берилади.
Коронавирус пандемияси бутун дунё халқлари, миллатларни яна жипслаштиргани сир эмас. АҚШ ва Канададаги бир гуруҳ ватандошларимиз Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши кураш ишларига кўмак бериш мақсадида Ўзбекистон “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиш учун маблағ йиғишаётган экан. Тўғриси, буни эшитган ҳар қандай инсон ўша минглаб километр олисдаги яқинларимизнинг меҳрини, эътиборини ҳис қилади. Аслида, гап моддий ёрдамда ҳам эмас, уларнинг ватандошлик, биродарлик, юртига муҳаббат сингари инсоний муносабатларни сақлаб қолишга уринаётганида.
Асли ўзбекистонлик, Канадада коронавирусга қарши курашаётган шифокор Обидхон Мамадалиев бу ташаббус ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.
– Афсуски, бу вирус Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Аввало, шифокор сифатида шуни айтишим керакки, мамлакатимизда кўрилаётган чора-тадбирлар тўғри йўналишда бошланди ва давом этяпти. Дунё олимлари қайд этганидек, қатъий карантин чораларигина вирус тарқалишининг олдини олиши мумкин. Ҳозирда вирус жаҳоннинг 205 мамлакатида мавжуд. Инсоният тили, дини, миллатидан қатъи назар бир фронтга жамланди. Шу қатори биз Канададаги ўзбекистонликлар ҳам Вашингтондаги элчихонамиз томонидан ташкил этилган хайрия тадбирига қўшилдик.
Очиғи, мен ўтган ҳафта шу ҳақда ўйлаб, тайёргарлик кўра бошлаган эдим. Жума куни Вашингтондаги бош консулимиз Фахриддин Мўминов “Биз Ўзбекистонга бефарқ эмасмиз” фонди ташкил этилганлигини билдирди. Мен шу заҳоти барча маълумотларни олиб, Канаданинг Манитоба, Алберта, Британия Колумбияси провинцияларида истиқомат қилаётган ўзбекистонликларга етказишни бошладим. Шу куннинг ўзида ўзбек оилаларидан хайрия маблағлари келиб туша бошлади.
Хусусан, Алберта провинциясининг Ред Диир шаҳрида яшовчи Расул Мажидовлар оиласи, Дилсора Фозилова ва бир гуруҳ ватандошларимиз бу ташаббусга қўшилди. Оилам, тиббиёт олийгоҳи талабалари бўлган фарзандларим ҳам бунга ўз ҳиссаларини қўшишди. Ҳозирга қадар қарийб 150 кишидан 21 000 доллар миқдорида маблағ йиғилди. Бироқ бу ҳали давом этади. Йиғилган маблағлар “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиб берилади.
Албатта, ушбу фонд ташаббускорлари Вашингтондаги элчи жаноблари ва бошқа мутасаддиларга миннатдорлик билдирмоқчиман. Очиғи, бу ташаббус шу ерда истиқомат қилаётган ватандошларимизни ҳам янада жипслаштирди, яқинлаштирди. Тўғри, ҳомийлик маблағлари у қадар катта бўлмаслиги мумкин, лекин энг муҳими, юртдошларимиз уларга бефарқ эмаслигимизни, меҳр ва эътиборимизни сезишса бўлгани. Чунки бундай кунларда руҳий далда ҳаммасидан устун. Биз Ўзбекистонга бефарқ эмасмиз!
P.S. Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратмоқчимиз. Хориждаги ва ҳатто юртимиздаги айрим ватандошларимизда йиғилаётган ҳомийлик маблағлари қандай сарфланяпти, у қай даражада шаффоф деган саволлар туғилиши табиий. Албатта, ўринли савол. Биринчидан, “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига келиб тушаётган пуллар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли ташкилотлар томонидан доимий назорат қилинади.
Қолаверса, фонднинг васийлик кенгаши аъзолари ҳам жамоатчилик назоратини ўрнатган. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, хусусан, Халқаро пресс клуб, Ўзбекистон 24 телерадиоканали, АОКА томонидан ўтказилаётган брифингларда, Koronavirus.info расмий телеграм канали ҳамда етакчи сайтларда келиб тушган ва харажат қилинган маблағлар ҳақида кунлик маълумотлар бериб борилмоқда.
Коронавирус ПандемиясиЎзбекистон Жамоат ФондиХалқаро Пресс КлубВатандошлар ТашаббусиМеҳр ШафқатҲомийлик Маблағлари Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар