date
views 2 342

Евроосиё иқтисодий иттифоқи: суд масалалари

Евроосиё иқтисодий иттифоқи: суд масалалари
Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи мақомида иштирок этиш масаласини кўриб чиқар экан, мазкур ташкилот тузилмасига кирувчи ташкилотларнинг самарадорлиги ва истиқболларини туҳлил қилиш қўйиш фойдадан ҳоли эмас.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан ЕОИИ доирасида адолатли судловни амалга ошириш учун жавобгар бўлган ЕОИИ Судининг бугунги кунги ҳолати таҳлили натижалари бу суд ҳақида умумий тасаввур шакллантиришга имкон беради.

ЕОИИ Суди тўғрисида асосий маълумотлар
Евроосиё иқтисодий иттифоқи суди 2015 йил 1 январдан бошлаб доимий фаолият юритувчи суд органи бўлиб, унинг қароргоҳи Минск шаҳрида жойлашган. Суднинг мақсад ва вазифалари ЕОИИ тўғрисидаги Шартнома, мазкур ташкилот доирасидаги халқаро шартномалар, шунингдек ЕОИИнинг учинчи томонлар билан тузган шартномалари ва ташкилот қарорларини аъзо давлатлар ва ЕОИИ органлари томонидан бир хил қўлланишини таъминлашдан иборатдир. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, ЕОИИ Суди зарарни қоплаш ёки бошқа мулкий хусусиятдаги низоларни кўриб чиқиш ваколатига эга эмас.

Суднинг мақоми, таркиби, ваколатлари, шакллантириш ва фаолият юритиш тартиби ЕОИИ тўғрисидаги Шартномага илова қилинган Суд Статути билан белгиланади. Унга мувофиқ, Суд таркиби ҳар бир аъзо давлатдан иккитадан, жами 10 нафар судядан иборат. Судялар Олий даражадаги Евроосиё иқтисодий Кенгаши (ОЕИК – аъзо давлатлар раҳбарлари) томонидан 9 йил муддатга тайинланади. Бу тартиб судялар мақомини баланд бўлишини таъминлаш билан бирга, судялар тайинлаш жараёнини аъзо давлатлар томонидан тўла назорат қилиш имконини беради.

Бироқ, ЕОИИ институционал тузилмасида ваколатли орган назарда тутилмаганлиги сабабли, ЕОИИ Суди судялари ўз вазифаларидан озод қилиниши ҳам тегишли аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан амалга оширилади. Айрим экспертлар бу ҳолатни судяларнинг ҳаққоний мустақиллиги тамойилига риоя этишдан оғиш деб ҳисоблашади.

Судяларнинг ротацияси назарда тутилмагани уларнинг ваколат муддатлари тугаганда Суд тўла таркибда янгиланишига олиб келади ва бу кўриладиган ишлар сифатига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун ҳам айрим муутахассислар суд таркибининг учдан бир қисми ҳар уч йилда ротация қилиниши кераклиги ҳақида таклифлар билдиришган.

ЕОИИ доирасида низоларни ҳал қилиш тартиби
Низоларни судгача ҳал қилиш Судда низоларни кўриб чиқишнинг мажбурий босқичидир. Суд Статутининг 43-бандига мувофиқ, иш Судда кўриб чиқилиши учун ариза берувчи аввал ЕОИИга аъзо-давлат ёки Евроосиё иқтисодий комиссиясига низони судгача маслаҳат, музокара ёки бошқа усулда ҳал қилиш учун мурожаат қилган бўлиши керак.
Хўжалик субъектлари Судга мурожаат қилганида давлат божи тўлашлари белгиланган.

Кўриб чиқилган иш юзасидан ЕОИИ суди қуйидагича қарорлар чиқариши мумкин:
- Евроосиё иқтисоди комиссияси қарори ёки унинг айрим қоидалари ЕОИИ тўғрисдаги Шартномага ва (ёки) Иттифоқ доирасидаги шартномаларга мослиги ёки мос эмаслиги ҳақида;
- Евроосиё иқтисодий комиссиясининг баҳс қилинаётган ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ЕОИИ тўғрисдаги Шартномага ва (ёки) Иттифоқ доирасидаги шартномаларга мослиги ёки мос эмаслиги ҳамда улар хўжалик юритувчи субъект ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузиши ёки бузмаслиги ҳақида.

Евроосиё иқтисодий комиссиясининг Суд томонидан ЕОИИ тўғрисидаги Шартномага ва (ёки) Иттифоқ доирасидаги шартномаларга мос эмас деб топилган қарори ва қарорнинг айрим қоидалари суд қарори чиққан кундан этиборан 60 кундан ошмаган муддатда тегишли шартномаларга мос ҳолга келтирилиши керак. Суд қарорида бундай қарор ёки унинг айрим қоидаларини тегишли шартномалар талабларига мослаштириш учун бошқа муддат ҳам белгиланиши мумкин.

Низоларни ҳал қилишдан ташқари Суд маслаҳат функцияларига ҳам эга бўлиб, аъзо давлатлар, аъзо давлатлар Олий судлари, Иттифоқ органлари бундай хизмат кўрсатилиши учун мурожаат қилишлари мумкин. Суднинг бу соҳада чиқарадиган хулосалари юридик кучга эга бўлмай, тавсиявий хусусиятга эга.

Айни пайтда юридик шахслар ва якка тадбиркорларнинг Судга мурожаати юзасидан бир қатор чекловлар мавжуд.
- ЕОИИ қонун ҳужжатлари натижасида ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган жисмоний шахсларнинг бу ҳуқуқий актлар устидан шикоят киритиш имконияти йўқлиги;
- нисбатан катта миқдордаги давлат божини тўлаш (2016 йил ҳолатига кўра, 39 368 рублни, яъни тақрибан 500 долларни ташкил этган);
- Евроосиё иқтисодий комиссиясининг фақат мазкур аризачининг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир этган қарор ва ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш мумкинлиги;
- етказилган зарар қопланиши ҳақидаги талабни Суд ваколатлари доирасидан бутунлай чиқарилиши;
- низони уч ойгача бўлган муддатда судгача кўриб чиқиш мажбурий тартиби мавжудлиги.
Бундай чекловлар аъзо давлатлар учун кўнгилсиз бўлган Суд қарорлари юзага келишини олдини олишга қаратилган бўлиши мумкин.

ЕОИИ Суди фаолиятининг ўзига хосликлари
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Суд ҳозирги вақтда ЕОИИ доирасида амалда бўлган шартнома ва келишувлар ижроси юзасидан вужудга келадиган низоларни самарали ҳал қилиш механизмларига ҳали эга эмас.

Суд қарорларини бажармаганлик учун санкция ва жарималар қўллаш механизмалари ҳам мавжуд бўлмай, тегишли санкциялар маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги миллий қонунларга киритилган бўлиши ёки умуман бўлмаслиги мумкин. Мисол учун, Божхона иттифоқининг “Ғилдиракли транспорт воситалари хавфсизлиги тўғрисидаги” техник Регламентида қиш даврида транспорт воситаларидан қишки шиналарсиз фойдаланиш тақиқланган.

Мазкур талабга амал қилмаганлик учун Беларусда маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, Россия Федерациясида бундай жавобгарлик ўрнатилмаган. Ҳуқуқ қўллашнинг бундай икки бўғинли тизими натижасида битта қилмиш учун турли аъзо-давлатларда турлича жавобгарлик келиб чиқувчи вазиятлар юзага келади. Шу тариқа ҳуқуқий тартибга солишнинг аниқлик, бир хиллик ва барқарорлик принциплари бузилади.

Шу ўринда, ЕОИИ Суди коллегияси аъзолари ва аъзо давлатлар томонидан интеграцион норматив ҳужжатларнинг турлича талқин қилиниши ҳоллари учраб туриши ЕОИИ Суди фаолиятидаги энг заиф томонлардан бири бўлиб хизмат қилади. Жумладан, Евроосиё иқтисодий комиссиясининг сўровига асосан, ЕОИИ Суди Катта коллегияси 2017 йил октябрь ойида аъзо давлатлар томонидан ўзаро савдога чекловлар қўйиш мумкин бўлган ҳолларни аниқлаш масаласи бўйича маслаҳат хулосасини чиқарди.

ЕОИИ Судининг уч нафар судьяси ҳам мазкур хулосага, ҳам ўзаро бир-бирларига қарши бўлган турлича фикрларни билдиришган. Бу, ўз ўрнида, ЕОИИ шартномасида ўзаро савдога қўйиладиган чекловларни қўллаш бўйича ноаниқликлар кўплигини ва умумий ички бозордаги тўсиқларни олиб ташлаш бўйича ЕОИИнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатади.

Тариф имтиёзлари ҳам ЕОИИ ҳужжатларида назарда тутилиши мумкин, бироқ бу имтиёзларни қўллаш субъектлари, объектлари ва шартлари миллий қонунчиликда белгиланиши мумкин. Бу эса турли аъзо-давлатларда турли даражадаги имтиёзлар қўлланиши ва тенг рақобат шартларининг бузилишига олиб келиши мумкин.

Cўнгги йилларда ЕОИИ Суди ягона маконда юзага келаётган низоларни ҳал қилишда ўзининг кучли томонларини ҳам намоён қилди. Хусусан, ЕОИИ Суди ягона меҳнат бозори шаклланишидаги баъзи қарама-қаршиликларни бартараф этишда муҳим роль ўйнаб, евроосиё интеграциясининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш жараёнида ўз аҳамиятини мустақил ташкилот сифатида ошириши ҳам кузатилди.

Мисол учун, Евроосиё иқтисодий комиссиясининг расмий сўровидан сўнг, ЕОИИ Суди 2018 йил декабрь ойида ташкилотнинг бошқа аъзо давлатларининг миллий спорт мусобақаларида ЕОИИга аъзо давлатларидан бирининг профессионал спортчиларининг иштирок этишига миқдорий чекловларнинг йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида хулоса чиқарди.

ЕОИИ Суди таъкидлаганидек, ЕОИИ шартномаси Иттифоқ ва аъзо давлатлар ичида фуқароларнинг эркин меҳнат қилишини таъминлайди, шунинг учун уларнинг миллий меҳнат бозорларини ҳимоя қилиш учун қонунчилик чекловлари ўрнатилмаслиги ва қўлланилмаслиги керак. Илгари ушбу қоидалар Россия Федерацияси профессионал спортида Арманистон футболчиларига нисбатан легионерлар сонига ўрнатиладиган чекловлар қўлланилганида акс этган. Ушбу ҳолатлар аниқланганидан сўнг ЕОИИ Суди томонидан мазкур соҳада тўлиқ тартиб ўрнатилган.

ЕОИИ Судининг миллий судларга таъсири истиқболи
Бугунги кунда ЕОИИ Суди, олдинги Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти (ЕОИҲ) судидан фарқли равишда, преюдициал юрисдикцияга эга эмас. Яъни, бу Суд миллий қонунчилик ва иттифоқ қонунчилиги ўртасида вужудга келадиган низоли вазиятлар бўйича мажбурий характерга эга бўлган қарорлар чиқара олмайди. Тарихан ЕОИҲ Суди Беларусь миллий судлари ижроси учун мажбурий ҳисобланган қарорлар чиқарганлиги сабабли янги ташкилотда аъзо давлатлар томонидан ЕОИИ Судининг ваколатлари қаторига миллий ва иттифоқ қонунчиликлари ўртасида низоли вазият вужудга келганда фақатгина тавсиявий характерга эга бўлган хулосалар билдириш ҳуқуқи берилган.
Натижада, ҳозирги вақтда ЕОИИ Суди қарорлари Ташкилотга аъзо давлатлар учун мажбурий эмас.

Мазкур ҳолат миллий судларнинг ЕОИИ ҳуқуқ нормаларини эркин талқин қилиш учун шароит яратиб беради. Ушбу ҳолат ЕОИИ миқёсида ҳуқуқни қўллаш амалиётининг турли хил миллий ўзига хосликларига бўлинган ҳолда юритилишига олиб келади.

Шунингдек, ЕОИИ Суди қарори ЕОИИнинг амалдаги ҳуқуқ нормаларини ёки аъзо давлатлар қонунчилиги нормаларини ўзгартириш ёки бекор қилиш, шунингдек, янги ҳуқуқ нормаларини яратиш ҳуқуқига эга эмас. ЕОИИ доирасида барча муҳим масалаларни ҳал этиш Ташкилот аъзоларининг давлат раҳбарларидан ташкил топган Олий даражадаги Евроосиё иқтисодий кенгаши (ОЕИК) ваколатига берилган ва ЕОИИ Суди мустақил ташкилот ҳисобланмасдан, унга ҳар йил якуни бўйича ОЕИКга ҳисобот тақдим этиб бориш вазифаси юкланган.

Суд Статутининг 99- ва 100- моддаларига кўра, ЕОИИ Суди қарорлари низо томонлари учун мажбурий характерга эга. Бироқ, низо томонлари ЕОИИ суди қарорини ижро этиш шакли ва усулини ўзлари мустақил танлай олишади. Агар қарор ижроси таъминланмаса манфаатдор томон ЕОИИ суди қарори ижросини таъминлаш учун ОЕИКга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

ЕОИИ суди қарорларини ижро этиш бўйича механизмнинг заифлиги Европа иттифоқи Судининг қарорларини ижро этиш механизми билан қиёслаганда яққол намоён бўлади. Хусусан, мободо Европа иттифоқи Судининг қарори маълум давлат томонидан ижро этилмасдан қолса, унда Европа иттифоиқ Суди аъзо давлатга “қарор ижроси учун зарур бўлган барча чораларни кўриш” мажбуриятини юклайди. Агар аъзо давлат ушбу мажбуриятни бажармаса, Суд Европа комиссияси тавсиясига мувофиқ ўша давлатни миқдори чекланмаган жаримага ва ҳар бир кечиктирилган кун учун пеняларга тортади.

Россиялик экспертлар ЕОИИ Суди амалиётини таҳлил қилар экан, ушбу ташкилотнинг Иттифоқ қонунчилигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшгани йўқлигини, ҳал қилинаётган масалалар ўз аҳамияти бўйича принципиал муаммолар тоифасига кирмаслигини айтишмоқда. Шунингдек, экспертларнинг фикрига кўра, ЕОИИ Суди евроосиё институционал механизмида ўзининг муносиб ўрнини ҳали-ҳануз эгалламаган ва унинг сиёсий истиқболлари ноаниқлигича қолмоқда. Бироқ, таҳлилчилар Суднинг келажакдаги салоҳияти жуда катталиги ва уни намоён қилиш учун бир қатор аниқ ишлар қилиниши зарурлигини таъкидлашмоқда.

Шерали Рўзиев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий
сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Евроосиё иқтисодий иттифоқи: суд масалалари