date

Алимент тўлашдан қочиб беркиниб юрган ота топилди

Алимент тўлашдан қочиб беркиниб юрган ота топилди

Алимент тўловлари фарзандлар манфаатини таъминлашда муҳим ҳисобланади. Шу боис, ундан узоқ вақт давомида бўйин товлаб юрган шахсларни ҳар қандай ҳолатда топиш ва қонун доирасида тегишли чора кўриш давлат идоралари зиммасига юкланган.

Мажбурий ижро бюросининг Ургут тумани бўлимида юритилган ижро ишларидан бирида ҳам ана шундай ҳолат кузатилди. Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро суди қарорига кўра, қарздор Ф.Н. фарзандининг моддий таъминоти учун ундирувчи Л.Р. фойдасига алимент тўлаб бориши керак эди.

Бироқ маълум бўлишича, қарздор ота узоқ вақт мобайнида алимент тўламасдан келган. Натижада унинг қарзи 60 миллион сўмдан ошиб кетган. Шунингдек, у маълумотларни яшириб, номаълум жойларда қочиб юргани сабабли қидирувга берилган.

Бошқарма қидирув бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар чоғида унинг айнан ўз уйида яшириниб юргани фош бўлди. Ҳатто қарздор ўзини шкаф ичида беркитиб олган ҳолда топилди.

Шундан сўнг у расмий равишда давлат ижрочисига топширилиб, кейинги ижро жараёнлари амалга оширилди. Бу ҳолат алимент тўловидан қочиш қанчалик мураккаб ва оқибатда фойдасиз йўл эканини яна бир бор кўрсатди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Алимент тўлашдан қочиб беркиниб юрган ота топилди