
Фото: ANADOLU AGENCY
24 апрель ҳолатига кўра Туркияда коронавирусга чалинганлар сони 100 мингдан ошди, вафот этганлар сони 2491 нафарни ташкил қилмоқда, 18 мингдан ортиқ киши соғайган.
Мамлакат ушбу кўрсаткичлар билан аллақачон Хитой ва Эронни ортда қолдирган ва эндиликда дунё коронавирус рейтинг жадвалида касалланиш ҳолатлари сони 100 минглик нуқтадан ўтган еттинчи давлатга айланган. Шу билан биргаликда, Туркия ушбу еттиликдаги ўлимлар сони энг кам бўлган давлатдир. Шунингдек, Туркиядан қуйида жойлашган Эрон, Хитой, Бразилия, Бельгия ва Нидерландияда ҳам ўлимлар сони Туркиядагидан кўпроқ. Канада ва Швецияда ҳам 2 мингдан ортиқ ўлим ҳолатлари қайд этилган.
Эпидемиянинг кенг миқёсига қарамай, Туркия ҳукумати ҳозирча универсал карантин жорий этганича йўқ. Хориж нашрлари бу ҳолатни иқтисодиётнинг қулаш хавфи мавжудлиги билан изоҳламоқда.

Одатда одамлар билан гавжум бўладиган Истанбул портида чайкалар ҳукмронлик қилмоқда / GETTY IMAGES
Қайд этиб ўтиш жоизки, турклар февраль ойи охирида қўшни Эронда эпидемия бошланиши ортидан пандемиянинг даҳшатли ҳақиқатини ҳис қила бошлашганди. Тез орада ушбу давлат билан алоқалар тўхтатилди. 11 март куни Туркияда коронавирус инфекцияси аниқланди, 15 март куни мамлакатда вирус билан боғлиқ илк ўлим ҳолати қайд этилди.
Соғлиқни салқаш вазири Фахриддин Хўжа дастлабки баёнотларидан бирида «Коронавирус Туркия томонидан кўрилаётган чораларни енгиб ўтишга қодир эмас»лиги ҳақида айтганди. Аммо кўп ўтмай, 23 март куни телевидение орқали мурожаатида у эпидемия бутун мамлакат бўйлаб тарқалиб кетганини тан олди ва керакли тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ҳукумат эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун дастлаб 65 ёшдан ошган одамларнинг кўчага чиқишини тақиқлади. Кейинчалик 20 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларга ҳам ушбу тақиқ қўлланди. 11-12 апрель кунлари комендантлик соати жорий этилди, бу 2000 йилда аҳоли рўйхатга олинганидан буён жорий этилган илк ҳолат бўлди.

Бўшаб қолган Анқара / GETTY IMAGES
Ушбу кутилмаган ва ноодатий чора мамлакатда тартибсизлик ва сиёсий драмани келтириб чиқарди. Одамлар ўзларини ёқилғи қуйиш шохобчалари ва озиқ-овқат дўконларига уришди. Узундан узун навбатлар пайдо бўлди. Ижтимоий масофа ҳақида унутилди. Расмий маълумотларга кўра, Истанбулда карантин эълон қилинган ўша куни камида 270 минг киши ўз уйларидан ташқарига чиққан. Бу эса ўз навбатида ҳукуматга йўналган танқидларнинг авж олишига сабаб бўлди.
Шундан сўнг ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу билдирилган танқидларга жавобан ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали истеъфо берганини эълон қилди. Президент Эрдўған мамлакат ҳаётидаги бир неча оғир вазиятларда Сулаймон Сойлунинг муносиб хизмат кўрсатганини эътироф этиб, унинг истеъфосини қабул қилмади.

Ўнлаб шаҳарларда карантин жорий этилган / ANADOLU AGENCY
Айни пайтда Истанбулда ижтимоий хизматлар фаолият олиб бормоқда. Шаҳар маъмурлари ва хайрия ташкилотлари кам таъминланганларга ёрдам беришмоқда. Аммо марказий ва маҳаллий ҳокимият ўртасидаги рақобат ҳам кўзга ташланмоқда. Анқара ва Истанбул шаҳар ҳокимликларининг хабар беришича, коронавирусга қарши курашиш учун маблағ йиғгани сабабли уларга Ички ишлар вазирлиги тергов бошлаган ва ҳокимликларнинг банкда очилган ҳисоб рақамлари ёпиб қўйилган. Сабаб сифатида эса уларнинг вазирлик билан келишмагани айтилмоқда.
Истанбул шаҳри мэри Икром Имомўғлининг сўзларига кўра, шаҳар ҳокимияти 900 минг лира (тахминан 130 минг доллар) тўплаган. Аммо мамлакат президенти иккала шаҳар раҳбариятини давлат ичида давлат тузишга уринишда айблаган.
Таъкидлаш жоизки, икки ҳоким ҳам мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партиясининг аъзоларидир. Улар айни пайтда президентдан олимлар ва шифокорлар тавсияларига таяниб, ўз шаҳарларида доимий карантин ўрнатилишини талаб қилишмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, кейинги пайтларда цензура кучайган: журналистлар танқидий мақолалар учун ҳибсга олинган ва депутатлар ижтимоий медиа устидан назоратни янги босқичга кўтаришни исташмоқда.
Туркия Ички ишлар вазирлигида ижтимоий тармоқларни кузатувчи гуруҳлар мавжудлиги айтилмоқда. «Сўнгги бир ой ичида полиция коронавирус мавзусида 3,5 мингдан ортиқ «провокацион» ҳолатларни аниқлаган ва булар асосида 616та жиноий иш очган. 229 киши, жумладан, бир нечта журналист ҳибсга олинган», дейди Истанбул Билги университети ҳуқуқ профессори Яман Акдениз.
Мамлакатда 23-26 апрель кунлари ўттизта шаҳар ва Зонгулдакни қамраб олувчи коммендантлик соатлари жорий этилиши эълон қилинган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар