12:44 / 09.06.2020
1 724

Пандемияга мослашаётган мегаполислар: йирик шаҳарларда нималар ўзгармоқда?

Пандемияга мослашаётган мегаполислар: йирик шаҳарларда нималар ўзгармоқда?
Миланда вируснинг кенг тарқалишига автобус, метролардаги тиқилинч сабаб бўлган, деб ҳисобланмоқда.
Фото: ABACA / ТАСС

Пандемиянинг қачон ниҳоя топиши номаълум бўлиб қолаётган шароитда дунё вирус билан ёнма-ён яшашга мослашиб бормоқда. Йирик мегаполислар карантинда юзага келган вазиятдан мақсадли фойдаланиш ва унга мослашиш учун ўзгаришларга юз тутмоқда.

Жамоат транспортидаги тиқилинчни бартараф этиш ҳаракатидаги Милан
Италиянинг Милан шаҳри – вирусдан энг катта зарар кўрган мегаполислардан бири. Шаҳарни пандемияга мослаштириш учун қатор чоралар кўрилмоқда. Хусусан, шаҳар мэри Беппе Сала вируснинг тезкор тарқалишига сабаб бўлган омиллардан бири – жамоат транспортидаги тиқилинчни бартараф қилишга киришди.

Бунинг учун жамоат транспортида йўловчилар бир-бири билан оралиқ масофани сақлаган ҳолда қандай туриши кераклигини кўрсатувчи белгилар қўйиб чиқилмоқда.

Шунингдек, шаҳар мэри метродаги кунлик ташувлар ҳажмини инқирозгача бўлган 1,4 млн нафар йўловчидан 400 мингга туширишни мақсад қилган. Қатнов тиғиз бўладиган соатларда одамлар тўпланиб қолишига йўл қўймаслик учун станциялар ёпилиши ҳам мумкин.

Сала миланликларга эгилувчан кун тартибига ўтишни тавсия қилмоқда. Яъни барча болалар бир хил вақтда эмас, балки 8дан 10гача бўлган вақт оралиғида мактабга бориши мумкин. Бошқа муассасаларга келиб-кетиш вақтлари учун ҳам шундай қоида амал қилади. Иш ва таълим соатлари шунга мослаштирилади. Масофавий ишлаш имконияти бўлганлар эса уйда ишлашлари керак. Барча ўзининг одатий кун тартибини ўзгартиришига тўғри келади.

Берлин велойўлакларни кенгайтирмоқчи
Карантин даврида Германия пойтахтида йўл қатнови 40 фоизга қисқарди. Берлин йўллар ва парклар департаменти раҳбари Фридрихсхайн-Кройцберг Феликс Вайсбрих бу вазиятдан самарали фойдаланмоқчи. Аксарият ишга, ўқишга велосипедда қатнаётганини инобатга олган ҳолда йўлларда велосипедлар ҳаракати учун махсус белгилар қўйиш, мавжуд велойўлакларни кенгайтиришга кўрсатма берди.

Берлинда велоҳаракат оммабоп бўлмаса-да, маъмурият аҳоли саломатлиги учун шу тизимга ўтмоқчи.
Фото: Getty Images

Велосипедчилар ижтимоий масофаланишга риоя қилиши, ўзаро 1,5 метр оралиқни сақлаши керак бўлади.

Берлинда велоҳаракат Амстердам ёки Копенгагендаги сингари ижобий қабул қилинмайди – автомобил лоббиси бу ерда анча кучли. Ҳудудий парламентлар мазкур ташаббусга қарши чиқиши мумкин эди, аммо карантин даврида бюрократик жараёнлар секин кечади. Вайсбрих эса бундан фойдаланиб қолди.

Велойўлаклар вақтинчалик чора сифатида жорий қилинаётган бўлса-да, доимий асосда қолдирилиши эҳтимоли истисно этилмаяпти.

Лос-Анжелес 35 йилдан бери ҳаяллаётган қурилишни битказмоқчи
Лос-Анжелес йўлларида пандемия туфайли қатнов икки карра сийраклашиб қолди. Шаҳар кенгаши пайтдан фойдаланган ҳолда асосий кўчалардан бири бўлган Уилшир бульварининг бир қисмини қатнов учун ёпиб қўйди. Бу ерда қурилиш ҳаракатлари фаол бошлаб юборилди – метрополитен йўлининг бинафшаранг линиясини «Уилшир» бекатидан «Вествуд» бекатигача қуриб давом эттириш ҳаракатлари бошланган.

Метронинг бу қисмини қуриш учун 35 йилдан ортиқ вақт керак бўлди.

1985 йилдаёқ метро линиясини узайтириш маҳаллий аҳолининг қаршилигига учраган – ўша йили кийим дўконида кузатилган ёнғин натижасида Уилшир хиёбони ерости метанга яқин ҳудуд деб топилган ва тоннел қуриш тақиқланган.

Уилшир хиёбони
Фото: Getty Images

2000 йиллар ўртасида бу ҳудудда машиналар оқимини назорат қилиб бўлмай қолди. Шу боис 2005 йилда сайланган мэр Антонио Вильерайгоса Беверли-Ҳиллзда метро қуришни ўз дастурининг бош мақсадига айлантирди. Лойиҳа қайта кўриб чиқилди, 2008-2018 йилларда унинг қиймати икки бараварга ўсиб, 8,2 млрд долларга тенглашди.

Аммо қаршиликнинг янги оқими пайдо бўлди – биргина ўрта мактабга эга бўлган Беверли-Ҳиллз ўқув округи раҳбари Лиза Корбатов мактаб ҳудуди остида, метан қатламлари бўлган ҳудудда тоннел қазиш болалар саломатлигига салбий таъсир қилади, деб чиқди.

Мактабнинг ён ҳудудларида қурилиш олиб бориш режалаштирилган, метро қурилиши эса бунга халал бериши мумкин эди. Корбатов метрополитенни судга берди, президент Трамп номига петиция жамлади, қаршилик акциясига ўқувчиларни олиб чиқди. 2018 йилда аниқланишича, Корбатов метрополитен билан судлашувга ўқув муассасасининг 15,7 млн доллар маблағини сарфлаб юборган.

Ҳозир Беверли-Ҳиллзнинг қанча аҳолиси қурилишни ёқлаши номаълум. Шунга қарамай, карантин даврида кўчалар бўшаб қолганидан фойдаланган ҳолда баҳсли ҳудудда қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Пандемияга мослашаётган мегаполислар: йирик шаҳарларда нималар ўзгармоқда?