
Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида содир бўлган кучли портлаш бутун шаҳар аҳолисини ҳушёрликка солди. NDTV телеканали тарқатган маълумотларга кўра, портлаш тарихий Қизил қалъа (Red Fort) яқинида, аҳоли зич яшайдиган ҳудудда юз берган.
Дастлабки расмий маълумотларга биноан, метро бекати яқинида тўхтаб турган автомобилда рўй берган портлаш оқибатида камида саккиз киши ҳалок бўлган, яна 24 нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган. Ҳозирда жароҳатланганлар яқин атрофдаги шифохоналарга жўнатилган, айримларининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.
Портлашнинг аниқ сабаблари ҳозирча маълум эмас. Ҳодиса жойига тезкор тергов гуруҳи, криминалистлар ҳамда техник мутахассислар етказилган. Улар жароҳатланиш изларини ва портлаш эпимарказини аниқлаш устида иш олиб боришмоқда.
Фавқулодда вазиятлар хизматлари жадал тарзда ҳаракатга келган: ҳодиса жойига 25 та ўт ўчириш машинаси юборилган, полиция бутун ҳудудни ўраб олган. Қизил қалъа яқинида транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилган, аҳоли хавфсиз жойларга олиб чиқилган.
Ҳиндистон ички ишлар вазирлиги воқеа бўйича махсус тергов комиссияси тузилганини маълум қилди. Ҳозирча бу ҳужум террорчилик ҳаракати ёки техноген ҳолат билан боғлиқми — бу ҳақда расмий изоҳ берилмаган.
Айни вақтда Нью-Деҳли хавфсизлик кучлари шаҳардаги бошқа муҳим объектлар атрофида назоратни кучайтирган. Таҳлилчиларнинг фикрича, воқеа мамлакатда хавфсизлик чораларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатиб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!