
Россия пойтахти Москвада жамоат транспортларидан бири — метро станциясида жуда даҳшатли воқеа содир бўлди. 64 ёшли аёл 13 ёшли қизчани рельсга итариб юборгани маълум қилинди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси расман хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 9 ноябрь куни “Таганская” станциясида поезд кириб келишидан бир неча сония олдин содир бўлган. Қизалоқ ота-онаси билан бирга бўлган ва улар қизчани ўз вақтида тортиб чиқариб, ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлишган.
Тергов маълумотларига кўра, ҳодисани содир этган аёл Москвага Краснодар шаҳридан келган. У ўз қилмишини “қиз баланд овозда кулгани ва унга қараб тургани учун жаҳли чиққан” деб изоҳлаган. Аммо расмийлар бу тушунтиришни асосли деб ҳисобламаяпти.
Ҳозирда аёл ҳибсга олинган ва унга “қотилликка суиқасд” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Терговчилар уни қамоққа олишни сўраб судга тақдимнома киритган.
Полиция маълумотларига кўра, аёл аввал ҳам оммавий жойларда турли можаролар чиқарган бўлиши мумкин. Тергов ишлари ҳозирда давом этмоқда.
Шу каби ҳолат Россияда илгари ҳам қайд этилган. Июль ойида Москвадаги “Кунцевская” станциясида аёл жанжал пайтида маст танишини ҳам рельсга итариб юборган, лекин полициянинг тезкор аралашуви натижасида ҳалокат олди олинган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!