12:00 / 25.06.2020
1 238

«Путинни тахтда қолдириш» ҳафталиги. Россияда конституцияга ўзгартиришлар киритиш учун овоз бериш бошланмоқда

«Путинни тахтда қолдириш» ҳафталиги. Россияда конституцияга ўзгартиришлар киритиш учун овоз бериш бошланмоқда
Фото: Александр Рюмин/ТАСС
22 апрель куни Россияда мамлакат конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдум ўтказилиши керак эди, аммо карантин сабаб овоз бериш жараёни 1 июлга қолдирилди. Овоз бериш тўлиқ бир кунда ўтиши оқибатида кўп одам тўпланишининг олдини олиш мақсадида сайлов участкаларида овоз бериш жараёни 25 июндан бошланади. Хўш, россияликлар нима учун овоз беришяпти?

Путинни тахтда қолдириш ёки қолдирмаслик масаласи
Россия конституцияга киритилиши режалаштирилаётган ўзгаришлар қаторида кўплаб бўлимлар мавжуд. Масалан, меҳнат муҳофазаси, иш берувчи ва ишчи ўртасидаги муносабатлар, Россия суверенитети каби боблардаги ўзгаришлар. Аммо янги ўзгаришларнинг жуда шов-шувли бўлишига олиб келган таклиф бу – президентлик муддатларини ноллаштириш. Яъни, шу вақтгача бўлган муддатларнинг барчасини бекор қилиш. Худди Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида олинган сариқ карточкалар плей-офф босқичида бекор қилингани каби. Бу нима учун қилинаётгани кўпчиликка сир эмас: Путинни тахтда қолдириш учун.

КГБ агентлигидан президентликкача
Путин Россия президентлигига қандай келгани маълум. Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин 1999 йил янги йил табригини йўллар экан, ҳукуматдан кетишини эълон қилган ва ўрнини Владимир Путин вақтинча эгаллашини айтганди. Ельцин худди Брежневнинг ҳокимиятдаги сўнгги йилларида бўлгани каби саломатлиги жуда ёмон ҳолатда истеъфога чиққанди. Аммо демократия тарафдори бўлиб тахтга келган Ельцин яхши деб баҳолаш мумкин бўлган 9 йиллик фаолиятидан сўнг тахтга ёпишиб олмади ва ўрнини бўшатиб берди. Шубҳасиз, бироз кучсизлангандек кўрина бошлаган Россияни яна ҳамма ҳисоблашадиган державага айлантиргани – Путиннинг рад этиб бўлмас ютуғи.

Сталин, Андропов каби ҳарбий раҳбарларни кўрган Россия учун Путин жуда яхши президент эди. Собиқ КГБ агенти, кейинчалик ФСБ раҳбари, бундан ташқари немис тилини сув қилиб ичиб юборган, халқаро майдонда Россиянинг биринчи бўлиши учун ҳамма ишни қиладиган Путиндан яхшироқ номзод бўлиши мумкинмиди? Президентликдаги илк кунлариданоқ қатъияти ва сўзамоллигини кўрсата олган Путин аллақачон нафақат оддий бир славян давлатининг раҳбари бўлиб, балки давлатчилик тарихидаги энг аҳамиятли сиёсатчилардан бири сифатида тарихга кирди.

Ажойиб кунларнинг бирида Путиннинг президентлик ваколатлари тугаб, унинг ўрнини дўсти Дмитрий Медведев эгаллади. Бир қарашда 2008 йилда Путиннинг даври тугаётгандек кўринганди, аммо кўп ўтмай ўшанда ҳаммаси энди бошланаётган бўлгани аёнлашди. Путин мамлакат бош вазири сифатида фаолиятини давом эттиради.

У шунчаки оддий бош вазир эмас, давлатни идора қиладиган бош вазир эди. Бу орада Медведев қанақа лақаблар орттирмади дейсиз. Россия Грузия билан жанггга киришган вақтда Путин қаерда эди эсингиздами? Пекинда. 2008 йил 8 август куни Хитой пойтахтида олимпиада ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Ўша куни Россия ва Грузия ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланади. Бу жангларни ҳам Путин Хитойда туриб бошқариб тургани айтилади. Ҳа, 2008 йилда Путин даври тугамаган, аксинча энди бошланаётганди.

2012 йил Путин яна президентликка қайтди. Медведев эса бош вазир бўлди. Ўзига хос рокировкадан бироз олдин Россияда президентлик муддати 4 йилдан 6 йилга узайтирилганди. Омадсиз Медведев «атиги» 4 йил давлатни бошқариб, тахтни топширгач, Путин эндиликда муддати 6 йил бўлган президентлик лавозимига киришади. 2018 йилда биринчи муддат тугагач, сайлов ўтказилди ва табиийки Путин ғолиб бўлиб, 2024 йилгача давлат раҳбари лавозимида қоладиган бўлди.

Буни қарангки, 2024 йил ҳам яқинлашиб қолди ва россияликлар 2024 йилдан кейинги ҳаётларини ҳам «Путинсиз тасаввур қила олмасликларини тушуна бошлашди». Мана шундай ажойиб кунларнинг бирида Россияда конституцияни ўзгартириш таклифи ўртага ташланди. Бу учун махсус гуруҳ тузилди ва унинг баъзи аъзолари (Елена Исинбаева) мамлакатнинг бош қонунини биринчи марта ўқиб чиққанини айтиб кулгига қолди: «Конституцияни уни биринчи марта ўқиётганлар ўзгартиради» қабилида мемлар оммалашди.

Терешкованинг таклифи
Россия Думаси йиғилишларидан бирида коинотга биринчи бўлиб кўтарилган космонавт аёл Валентина Терешкова конституцияга ўзгартириш киритиш доирасида президентлик муддатини ноллаштириш таклифини киритди. Қолгани тезлашиб кетди: Путин бунақа режаси йўқлигини, лекин халқ шуни хоҳласа ҳеч нима қила олмаслигини айтди, конституцион суд бу иш қонунийлигини эълон қилди, президент тегишли ҳужжатларга қўл қўйди ва ҳаммаси референдумда аниқланиши маълум бўлди.

Демак, россияликлар бугундан конституцияга киритиладиган ўзгаришларни қўллаб ёки қўлламай овоз беришади. Асосий танлов эса президентлик муддатларини ноллаштириш орқали Путинга яна икки муддатга сайланиш имконини бериш ёки бермасликда. Агар овоз беришда ўзгаришлар тасдиқланса, Путин 2024 йилдан кейин ҳам яна икки муддат президентликка ўз номзодини қўйиши мумкин бўлади. Дарвоқе, конституцияга ўзгартириш ҳақидаги таклифни январь ойида Путиннинг ўзи берганди.

Сайловга боринг, машина ютиб олинг

Фото: Кирилл Кухмарь/ТАСС
Russian Field компанияси томонидан ўтказилган сўровга кўра, москваликларнинг 46 фоизи ўзгаришларни қўллаши кутилмоқда. Пойтахтнинг 43 фоиз аҳолиси эса конституцияга ўзгариш киритилишига қарши. Reuters агентлигининг айтишича, Россиядаги катта компанияларга ўз ходимларини сайловда қатнашиш учун тарғиб қилиш буюрилган. Шунингдек, сайлов участкалари олдида ҳар хил викториналар ўтказилади ва одамлар уй, машина ютиб олиши мумкин бўлади.

Маълум бўлишича, сайловда қатнашган ҳар бир одам учун махсус код берилади ва лотерея кўринишида баллар ўйналади. Бу балларни одамлар ресторан ёки дўконларда ишлатиши мумкин бўлади. Ҳаттоки 10 миллиард рубллик сертификатлар ҳам ўйналади.

Аллақачон овоз бериш бошланган
Россия марказий сайлов комиссияси раҳбари Элла Памфилованинг айтишича, мамлакатда аллақачон овоз бериш жараёни бошланган. Шу кунгача 67 минг россияликлар муддатидан олдин овоз беришда қатнашиб бўлишган. Уларнинг аксари мураккаб шароитда яшовчи ҳудудлар, масалан Чукотка фуқаролари.

Памфилованинг айтишича, 3,7 миллион киши прописка қилинган жойида эмас, ҳозирги яшаш жойида «мобил сайловчи» хизматидан фойдаланиб овоз бериш учун ариза берган. Яна 1,2 миллион кишидан масофавий овоз беришда қатнашиш сўрови тушган.

ОАВда турли йирик компаниялар ўз ишчиларига сайловда давомат юқори бўлишини таъминлаш учун унда қатнашишни буюраётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда. МСК эса буни рад этиб, кимдир мажбуран овоз беришга ундаса, керакли идораларга мурожаат қилиш кераклигини таъкидламоқда.

«Бизни ахмоқ деб ўйлашмоқда»

Февралдаёқ Путиннинг Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича режасига қарши ҳаракатлар бошланганди
DIMITAR DILKOFF/AFP VIA GETTY IMAGE

Таниқли мусиқачи Владислав Лешкевич твиттердаги саҳифасида шундай пост қолдирди: «Mos.ru сайтида (Москва шаҳар мэрияси сайти) конституцияга киритиладиган ўзгаришлар борасида ўқияпман, аммо уларнинг орасида Путиннинг муддатини ноллаштириш ҳақида бир оғиз ҳам гап йўқ. Агар топсангиз, менга юборинг. Мен ҳукумат биздан асосий ўзгаришни яшираётганини, барчамизни расман аҳмоқ деб ҳисоблаётганини кўрдим».

Чиндан ҳам Москва ҳокимлиги сайтида президентлик муддатининг ноллаштирилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмаган. Аввалроқ журналистлар сайлов учун махсус очилган 20200og.ru сайтида ҳам президентлик муддатини ноллаштириш ҳақидаги банд йўқлигига эътибор беришган ва Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков буни «техник хатолик» деб атаганди. Кейинчалик сайтда асосий ўзгариш бўлган президентлик ваколатини ноллаштириш ҳақида банд қўшиб қўйилди.

Демократия томон ташланган қадам
Россия президенти Владимир Путин конституцияга киритиладиган ўзгаришларни демократия томон ташланган қадам деб атади: «Ҳозир президент давлат Думаси билан маслаҳатлашиб ҳукумат раҳбарини тайинлайдиган бўлса, ўзгаришлардан сўнг парламент президентсиз вазирларни тайинлайди, вазият буткул ўзгаради. Ўзгаришлар президент ваколатларини қисқартиради. Бу жамиятни демократлаштириш учун ташланган қадам», деб атаган президент.

Маълумот учун, конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар бўйича овоз бериш жараёни 1 июль куни якунланади ва овоз бериш натижалари маълум бўлгач, кўпчилик ўзгаришларни қўлласа, улар расман кучга киради.

Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)