Associated Press тарқатган маълумотга кўра, Хитойнинг Вэньчжоу оралиқ халқ суди Мьянманинг Кокканг шаҳридаги обрўли Мин оиласига оид 11 нафар шахсни ўлим жазосига ҳукм этди. Ушбу оила ва уларнинг шериклари ноқонуний қимор ташкилоти орқали йирик миқёсдаги фирибгарлик билан шуғулланганликда ва одам ўлдириш ҳолатларига алоқадорликда айбдор деб топилди.
Маълумотларга кўра, оила 1,4 миллиард доллардан зиёд ноқонуний маблағ айланмасига эгалик қилган. Шунингдек, улар “буйруққа бўйсунмаган ходимлар”ни йўқ қилиш орқали ўз жиноий синдикатида интизом ўрнатиб келган.
Суд ҳукмига кўра, яна беш нафар айбланувчига икки йиллик шартли равишда қатл жазоси тайинланди. Хитой қонунчилигида бундай жазо кўп ҳолларда умрбод қамоқ билан алмаштирилади. Шу билан бирга, яна 12 нафар шахс беш йилдан йигирма тўрт йилгача озодликдан маҳрум этилди.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу ҳодиса Хитой ҳукумати ноқонуний онлайн қимор ва трансмиллий фирибгарликка қарши курашда кескин чоралар қўллаётганидан далолат беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!